Қоровул тирик, спиртдан қўй

Улфатлар ҳаётидан

Ушбу ҳангомани ҳозирги кунда Жиззах вилояти, Зарбдор тумани, Бўстон шаҳарчасида яшаётган булунғурлик Раҳмонқул Ёқубов айтиб берган эди.
Раҳмонқул Ёқубов саксонинчи йилларда Зарбдор туманидаги 4-совхозда хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари вазифасида ишлаши билан бир қаторда, ҳозиргидай шаклланиб улгурмаган маҳаллага ҳам жамоатчилик бўйича раислик қиларди. Ўша пайтларда хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосарига турли масалаларда мурожаат қилувчилар кўп бўларди.
Ана шундайлардан бири ишини битириб берганлиги учун Раҳмонқулга бир шиша спирт ташлаб кетди. Раҳмонқул улфатлари- хўжалик омборхона мудири ва машина-трактор парки устахона бошлиғини бундан хабардор қилди. Бугун шанба куни, бунинг устига иш тугаган. Узоқ қиш кечасида уйда ўтиришдан ёмони йўқ. Икки улфат дарров етиб келишди. Базми-жамшидни бошлашдан олдин бир муаммо пайдо бўлди.
Тўғриси, етти ухлаб тушга ҳам кирмаган бу муаммони бақалоқ омбор мудири ўртага ташлади. У томоғини бир қирганича, спирт шишасини очишга ҳаракат қилаётган Раҳмонқулга секингина деди: Раҳмонқул, бу спиртни ичиб олиб, яна бир нима бўлиб қолмайлик тағин. Раҳмонқул ҳайрон бўлганича шишани жойига қўйди. -Бу нима деганингиз? Нима бўлиб қолишимиз мумкин?
-Раҳмонқул ўзингиз ақлли одамсиз-да,-деб гапини давом эттирди бақалоқ улфат.-Айтингчи спирт деганининг дўконларда сотилганлигини ҳеч кўрганмисиз? Йўқ, спирт дегани дўконларда сотилмайди. Нимайди? -Ақлингизга балли. Демоқчиманки, тоза спирт фақат марказий дорихоналарда бўлади. У ердан эса фақат махсус рухсатнома орқалигини олиш мумкин, шундай эмасми?
-Шундайликка шундай-а, аммо унинг бизга нима даҳли бор. -Жуда даҳли бор-да, дўстим. Ўзингиз тан олганингиздек, тоза спирт дўконларда сотилмайди. Демак, ўз-ўзидан савол туғилади. Сизга совға қилинган ушбу спирт қаердан олинган экан-а? Унинг тоза спирт эканлигига кафолат бера оласизми? Раҳмонқулнинг аччиғи чиқди. -Қаердан олганини туш кўрибман-ми. Олгандирда бирон жойдан.
-О, ақлингизга балли. -Ҳамон жаврашда давом этди бақалоқ. -Дорихоналардаги тоза спиртнинг идиши япалоқ бўлади. Бу шишага қаранг. Оғзи ҳам наридан-бери ёпилган. Раҳмонқул шишага қараб бир ютиниб қўйди. Омбор мудири эса тиканак бўлиб кетган мўйловини бир силади-да, жаврашини давом эттирди. -Зоминда икки ака-уканинг ана шундай спиртдан заҳарланиб бир кечада ўлиб чиққанидан хабарингиз бордир балки.
Улар техник спиртдан ичганлиги учун у дунёга равона бўлишди. Жойи жаннатдан бўлсин уларнинг. Демоқчиманки, манови шишадаги зорманда техник спирт эмаслигига кафолат бера оласизми? Равҳмонқулнинг ҳуши бошидан учди. Шишадаги спирт кўзига ажалдек кўринди. Устахона бошлиғи ҳам шошиб қолди. Зоминдаги бу воқеани у ҳам эшитган эди. Худо сақласин.
Хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосарининг иш кабинетидан бир йўла учта ўлик чиқиб турса-я. Қип- қизил шармандалик-ку, бу. Лекин томоқ қурғур ёмон тушган эди-я,-деди Раҳмонқул бадани музлаб. -Ёмон гапларингиз билан нақ юрагимни ёриб юбордингиз-а, ўзиям. Омборхона мудирининг ҳам томоғи тақиллаб турган эди. Шунинг учун у Раҳмонқулга маъноли қараб, “бир таклиф бор?”-деди.
-Қанақа таклиф экан? -Қоровулингиз бор-ку, спиртнинг қанақа эканлигини шу одамда синаб кўрсак нима дейсиз? Унинг бу гапини эшитган устахона бошлиғи жойидан сакраб туриб кетди. -Э, бу гапингизни ел олсин-а,- деди у ҳовлиққанича. -Нималар деяпсиз ўзи. Ахир, унинг бола-чақаси бор-а? -Бола-чақаси борлигини биламан,-деди омбор мудири.-Лекин ишончим комилки, Раҳмонқулнинг қоровулига кислота ичирсангиз ҳам жин урмайди.
Кайф берадиган нарса бўлса бўлди унга. Орқа олдини ўйламай текин экан деб, симираверади. Анча тортишувлардан сўнг улфатлар қоровулни “синовчи-ичувчи” сифатида танладилар. “Қўённи йўқласанг қулоғи кўринади”-деганларидек, “Ассалому алайкумни” чўзиб айтганича, хонага қоровулнинг ўзи кириб келди. У катталар билан бир зум ҳол-аҳвол сўрашиш баҳонасида “разведка”га келган эди.
Қараса стол устида шиша турибди. Қоровулнинг кўзлари ўйнаб тамшланиб қўйди. Кутилмаганда улфатларнинг “тўрга ўтинг, манови ерга ўтиринг”,-деб манзират қилаётганлиги қоровулни шошириб қўйди. Раҳмонқул “темирни қизиғида босди”. -Бизларни йиғилишга чақириб қолишди. Ичиб борсак яхши бўлмас, “Кўрган ошнинг куйиги ёмон”-дейишади.
Манови спиртдан бир пиёла қуйиб берсам нима дейсиз? Қоровул кўзини ўйнатиб тамшланиб қўйди. Сукут ризо аломати. Раҳмонқул пиёлани спиртга тўлатиб қоровулга узатди. Устахона бошлиғи безовта бўлиб бир қимирлаб қўйди. У спиртни кўзларини юмиб симираётган қоровулга уни бошқа ҳеч қачон кўрмайдигандай ачиниш билан қараб турарди.
Спирт тўла пиёлани бўшатган қоровул бир нафас олмай турди. Сўнгра чўзиб “ухх”-деди-да, газак ҳам қилмай улфатларга кўзларини сузиб қаради. Улфатлар қоровулнинг елкасига қоқиб, “яхши қолинг ака, тунингиз илоё яхши ўтсин”-деб уйларига жўнашди. Безовталик эса кечаси ҳамма ухлаганидан сўнг бошланди. Айниқса омбор мудирига қийин бўлди. У қипёлонғоч ҳолда чақиртиканак устида ётгандек безовталана бошлади.
“Қоровулга қанақалиги ноъмалум бўлган спиртни ичириш таклифи мендан чиқди”-деб ўйлаган омбор мудирининг ичини ит тирнарди. Эрталаб боргунимизча ишқилиб қоровул тарашадек қотмаса гўрга эди. Мабодо ўлиб қолгудек бўлса борми, уни экспертизага олиб бориб ёриб кўриши аниқ. Ана ўшандан сўнг кўринг ўйинни. Қоровул спиртни қаерда ичган, ким билан ичган дея суриштирув ишлари бошланиб кетади.
Сиримиз фош бўлиши аниқ. Биринчи бўлиб мени қамашади. Раҳмонқул ҳам орқа-ўнгини ўйламай қоровулга пиёлани тўлдириб спирт қуйиб берди-я. Кўзи кўк одамдан яхшилик чиқмаслигини билардимкуя, аммо Раҳмонқулдан буни кутмовидим. Кўк кўзининг фалокати ўзига урсин, илойим. Машина трактор парки устахона бошлиғи ҳам туни билан мижжа қоқмади.
“Қоровулнинг ўлиши аниқ”-деб хаёлидан ўтказди у. -Болаларига қийин бўладиган бўлди-да. Раҳмонқулнинг шу таъмагирлиги қолмади қолмади-да. Биров спирт деб заҳар берса ҳам олаверадиган одати ёмонда унинг. Энди бу ёғи нима бўлади. Бутун бошли бир одам ўлиб кетса-я. Эрталаб ҳали жойи жаннатда бўлсин деб, таъзиясига ҳам борармиз. Бундан ўлганимиз яхши эмасми.
Пиёлани спиртга тўлдириб қоровулга берган Раҳмонқулнинг ўзи эса кўзларини шипнинг алла қаерига тикканича, кетма-кет уфф тортиб тонгни оттирди. ”Қилган ишимиз ёмон бўлди”-деб ўйларди у. -Виждон қурғур қийналаяпти. Зорманданинг тухуми анқонинг уруғи бўлганлиги сабабли шайтон мени йўлдан оздирди-да. Қоровулжон, ишқилиб эрталабгача ўлиб қолмагин-да.
Ана шундай ўй-хаёллар билан тонгни оттиришган улфатлар, бугун якшанба куни бўлишига қарамасдан, хўроз қичқирмасданоқ ишхонага чопишди. Худди келишиб қўйганларидек Раҳмонқулнинг идорасида пайдо бўлишди. Тиқ этган овоз эшитилмайди. Қоровулхонага секин муралашди. Қоровул жойида йўқ эди. “Приступ” бўлиб ҳовлининг бирон бурчагида ўлиб қолдимикин балки деб, у ёқ-бу ёққа аланглаб қарашди.
Бир вақт қоровул ҳожатхонадан тирик ҳолда чиқиб қолди. Улфатлар узоқ вақтдан бери кўришмаган жигарларини кўргандек, хурсанд бўлиб у томонга чопишди. Бора сола қоровулни уч томондан қучоқлай кетишди. Унинг “қўл-бетимни ювиб олай”-дейишига қарамасдан уни хонага етаклаб киришдиди-да, тўрга ўтқазишди. Раҳмонқул тўртта пиёлага тўлдириб спирт қуйди.
Кейин бир қўлини қоровулнинг елкасига қўйиб, лабларида табассум, нутқирод қилди: -Қоровулжон, айланай, акажоним. -Мана мени айтди дерсиз. Кўп яшайсиз ҳали. Бугунгидек бўлиб ҳожатхоналардан ва бошқа жойлардан дингиллаб чиқиб келаверинг. Ўртоқлар, шу қадаҳни шу акахонимизнинг доимо тирик юриб, кўп яшашлиги учун кўтаришларингизни сўрайман.
Улфатлар қоровулнинг ювилмаган юзидан чўлп-чўлп ўпиб, унинг абадий тирик юришлиги учун пиёладагини симиришди. Оч қоринга тушган спирт дарров таъсир қилди. Сархўш бўлган улфатларнинг кўзлари биё-биё бўла бошлади. Қоровул эса ҳамон ҳеч нарсага тушуна олмасдан гарангсиб ўтирарди. Омбор мудири қўлларини стол четга тираб, қаддини ростлади.
Раҳманқулга кўзларини очиб-юмиб қаради-да, қоровулга боши билан ишора қилиб деди: -Раҳмонқулжон, бир қаранг-а, қоровул тирик. Бу бизларнинг бахтимиз, билсангиз. Нега имиллайсиз, қуйинг яна спиртдан. Яна қоровул шаънига айтилган ҳамду-санолар бир-бирига уланиб кетди.Чунки улар кечаси билан ўйлаб чиққан фожеа юз бермаган эди-да.
Энди ҳайрон бўлиб ўтирган қоровул бир четда қолиб, улфатлар бир-бирларига гап бермай жоврашар, ҳозир бу дунёда улардан бахтли одам йўқ эди.

Абулфайз БАРОТОВ.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares