Ёдгор Турлибеков, АҚШ.
Дадахон Ёқубовни мен яхши биламан, уни Ўзбекистонда билмаган одам топилмаса керак. Унинг олтмишинчи йилларда Ўзбекистон телевидениясида ишлаб, халқ юрагининг энг теранг ва ҳар ким журъат этаолмайдиган дардларини излаб топа билиши ва уларни юзага чиқаришда миллионлаб ўз муҳлисларига эга бўлган эди. У ғайрат билан ишлаб толмас, хар кунги ўша пайтлар
Ўзбекистон радиосидан кеч соат 10 дан бошланадиган “Оқшом тўлқинлари” эшиттиришларида ҳам қатнашар ва бу эшиттириш бошланишини ҳам кўплар ҳар куни зориқиб кутишарди. Унга кўплар қатори менинг ҳам ҳавасим келарди. Ҳа, Дадахон ўша даврнинг машҳур дикторлари Насиба Иброҳимова ва раҳматлик Ўктам Жобировлар қаторидаги ёқимли нодир овоз ва нафас соҳиби бўлган.
У 2005- йил, Қарши шаҳри, бизнинг “Муқимий” маҳалламизда ўтказилаётган “Наврўз” байрамида иштирок этган. Унинг “Ассалому алайкум” деган ёқимли товуши микрофондан янграганда, унинг таниш нафасидан гўё бу зал тўла одамлар 15 йилдан бери соғиниб кутган қадрдонини топгандай, маҳалламиз халқи уни гулдурос қарсаклар билан, ҳатто қарияларимизгача ўринларидан туриб кутиб олганди.
Кейин билишимизча бу тантанага у яқинда қамалиб чиққан журналист Пўлат Гадоев ва Қашқадарё вилоятининг ҳокими жаноб Нуриддин Зайниевлар билан бирга келган экан. Энди бир айтмоқчи бўлганим, Дадахон Ёқубовдек халқ севган инсоннинг қанчадан қанча маломатларга қолиб келаётганини яқин одамларимдан эшитиб афсусланиб юрар эдим. Яқинда бу тўғрида расмий бир хабарга кўзим тушиб, дарҳол
Тошкентга қўнғироқ қилдим ва керакли манбаълардан Дадахон Ёқубовнинг кетидан охирги пайтлар яна маҳаллий милиция ва прокуратура органларининг “илакишлари” кўпайиб бораётгани тўғрисида ва унинг май ойи бошларида эрта билан “милицияга сўроққа бораман” деб, чиқиб кетганига мана бир ойдан ошсада, хануз уйига келмай, тўсатдан йўқолиб қолганини эшитиб тутоқиб кетдим.
Ушбу хабар билан дўстлар ва мустақил журналистларни, қолаверса Тошкентдаги кундан-кун ҳаддидан ошиб кетаётган ва Дадахонга тегажоғлик қилаётган маҳаллий таъмагир маҳкама ходимларини ҳам огоҳ қилиб қўйишга шошилдим. Дадахон ёлғиз эмас, унинг минглаб арзигулик ҳимоячилари бор, унинг тўсатдан бундай йўқолиб қолиши эса, бу Каримовнинг “Х” харфидан қалтираб кўрқишини англатмайдими?
Нега деганда бу харф билан унинг учун хавфли хозиргача сабр тоқат қилиб келаётган “ХАЛҚ” сўзи бошланади. Андижондаги қуролланган Каримов қонхўрларининг тасодифан қуролсиз халқни ўқ ёмғири остида қириб ташлаганини мустасно қилганда, халқ – бу жумбушга келганда бир парча ахлатни ёнидаги барча исқиртлари билан қўша ювиб кетадиган
азим дарёларни ҳам кўпиртириб тоширадиган даҳшатли тўфон эмасми!? Каримов яратиб қўйган ва бу тузимдаги унинг фатвосига суяниб талтайган амалдорларнинг 18 йилдан бери халқ севган кишиларидангина эмас, бу – уларнинг бутун бир, бўлмиш улуғ ва улкан ўз миллатидан ҳам ўч олаётганининг исботи эмасми?




