Бир масала юзасидан сайт ўқувчиларининг эътиборини тортиш ниятида эдим. Мақсадим аҳмоқона вазиятни тасвирлаш баробарида, аҳмоқлик ортида турганларни миллатга нақадар зиён етказаётганларини кўрсатиб ўтиш. Албатта вазият ўзгариб, аҳмоқона тартиб одилона ўрганилишини ҳам истардим, аммо не таажжубки, бизнинг истак ва хоҳиш билан аҳмоқона тартиблар ва шароитлар эгаларининг истак ва хоҳишлари бир бирига номутаносиб бўлиб қолганига анча бўлди…
Ҳозирги кунда Ўзбекистондаги умумий аҳволнинг ўта аянчли ва оғирлиги сабабли мамлакатнинг деярли барча вилоятларидан Тошкент шаҳрига иш излаб келаётганлар саноқсиз. Бу шўрликлар ўз мамлакатлари пойтахтида иш қидириш, рўзғор тебратишга арзигулик бирор чақа топиш ташвишларидан ташқари, ўз халқига ўта “ғамхўр” ва “ҳайрихоҳ” раҳбарлар томонидан ўйлаб топилган “прописка” ташвишига ҳам йўлиқишади.
Ҳеч кимга сир эмас, Тошкент Ўзбекистонлик ўзбеклар учун АҚШ ёки Европанинг истаган бошқа давлатидай бемалол бориш мумкин бўлмаган шаҳар. Унинг Ўзбекистоннинг барча вилоят ва туманларидан узилиб, ўзига хос кириб бўлмас орол ўлароқ яшаётганига ҳам бу йил 18 йил бўлади. Ҳар қандай уринишлар ва интилишлар тинимсиз ва эсдан чиқмас даражадаги
бош оғриқларни пайдо қилишини билган Ўзбекистонликлар, аслида ўз фарзандларига Ватанларининг пойтахти ҳақида суратлар ёрдамида ҳикоя қилади, ҳикояси сўнгида эса, “пойтахт болам, пойтахтликлар учун, бизнинг пойтахт вилоятимиз маркази”, деб қўяди.
Хуллас Тошкент шаҳрида рўйхатсиз яшашнинг ана шу муаммоларини ҳисобга олган айрим иш илинжида юрган ватандошлар
Тошкент вилоятининг Зангиота, Тошкент, Қибрай туманларидан ўзларига таниш-билиш излаб, катта пул эвазига қуриб кетгур ўша “доимий рўйхат”га (прописка) туришга ҳаракат қилишади. Уларнинг айримлари Ички ишлар таркибидаги нафс балосига йўлиққан ходимлар ёрдамида “доими рўйхат”га эришган ҳам. Аммо… Шу кунларда рўйхатда турган ана шу вилоятдан чегара билан айрилган мамлакатимиз
фуқароларининг паспортлари назорат қилинганида “прописка”лари қалбаки бўлиб чиқди. “Қарға қарғанинг кўзини чўқимайди” деган мақолга асосланиб миршаблар касбдошлари қилган “шум”ликни яширади, ҳатто олинган пораларни қисман қайтарияпти. Аммо бу билан ўзи учун маълум маънодаги ҳаракат эркинлигини кутган, бемалол тирикчилик билан шуғулланишни умид қилган шўрлик
“бегона” ватандош қанчалар оғир вазиятга тушиб қолаётгани эътиборга олинмаяпти.
Эртага Ўзбекистон ўзи мустақиллигининг 18 йилини қаршилаб, катта тантаналар уюштиради. Мамлакат раҳбари пойтахтдаги майдонлардан бирида ҳатто байрам нутқини сўзлайди. Ўшанда “ҳурматли юртдошлар, азиз ватандошлар” деган иборани ишлатар чоғи, президент айнан кимни назарда тутаркин?
Кириш ҳатто Ўзбекистонлик ўзбекларга мумкин бўлмаган Тошкент шаҳри аҳолисиними ёки бири-биридан чегара ва божхоналар билан ажратиб бўлиб ташланган вилоятлар аҳлиними? Агар улар ҳам, Тошкент аҳли ҳам битта юртнинг, бир аъзоси ҳисобланса, нега бири-бири учун бу қадар “бегона”? Ахир бир мамлакат ичида ҳам бир-бирини ажратиб турувчи чегара постлари бўладими?
Балким яқинда Тошкентга келиш учун виза олиш керак бўлар? Бир вилоятдан иккинчисига ўтиш учун эса ўзбекча “Шенгенни” ўйлаб чиқарармиз? Ахир қайси давлатда маҳаллий халқ вакили бу қадар ҳаракатда чекланган? Ана шундай муаммоларга ва тутуруқсиз тартибларга эга бўлволиб, биз дунё билан тенглашдик дейишга ҳақлимизми?
“Бирдамлик” ҳаракатининг Тошкент вилояти матбуоти маркази.



