Эрондан олинган сўнгги хабарларга кўра, бир томондан ҳарбийларча қуролланган полиция ва Ахмадийнажоднинг махсус мотоциклчилар бандаси, иккинчи томондан мухолифат намоёндаси Мир Хусайн Мусовий тарафдорлари ўртасида бўлиб ўтган тўқнашувларда қуролсиз намойишчилардан 19 киши
(В результате беспорядков в Тегеране погибли 19 человек), аниқланмаган хабарларга кўра эса 150дан ошиқ инсонлар ҳалок бўлганлар. Шундай йўқотишларга қарамай курашни давом эттирмоқчи бўлган мухолифатга режим энди зўравонликни янада кучайтириб, уларга қарши махсус элит (сараланган қўшинлар)ни ташлаш билан пўписа қилмоқда.
Эрон Ислом Жумҳуриятини ҳақиқий йўлбошчиси, Ислом Кенгаши раҳбари Аятолла Хоменеи жаноблари сайлов тугаши билан, ҳали жойларда овозлар сони охиригача саналмасдан олдин, шоша−пиша амалдаги президент Маҳмуд Аҳмадинежодни ғолиб чиқди деб эьлон қилгани кўпчилик мухолифат тарафдорларин учун ҳам,
бу сайловни нақадар адолатли ўтишини кузатиб турган бутун дунё жамоатчилиги учун ҳам бир кутилмаган ҳол бўлди. Ўзларининг бу ҳаракатлари билан ҳам жаноб Хоменеи, ҳам Эрон Ислом Кенгаши вакиллари ўзларининг халқ орасидаги обрў−эътиборларларини катта хавф остига қўйдилар.
Теҳрон кўчаларини тўлдириб, ўз норозиликларини ”Мени овозим қаёққа йўқолди?!” деган шиорлар билан ҳайқираётган 2 миллиондан ошиқ намойишчиларга қарши қурол қўлланилиши ва уларни зўрлик билан бостиришга уриниш охир оқибатда бу режимни асл қиёфасини жаҳонга ошкор эта бошлади.
Минг афсуски халқ орасида обрў−эътиборга эга шахслардан бири бўлмиш жаноб Хоменеи шундай уйловсиз қадам қўйиб, ўз оёқлари остидан узоқроққа қарашга ўзларида куч топа олмаяптилар. Мухофилатнинг таниқли ва обрўли вакиллари, жамиятдаги кучли сиёсатчилар ва ўз соҳасининг устаси бўлган инсонлар билан бамайлихотир суҳбат қилиб,
шошмасдан сайлов натижаларини бетараф турган ҳолда, адолат ила санаб чиқиб, ана ундан кейин ҳақиқий ғолибни эълон қилиш ўрнига режим шоша−пиша Аҳмадинежодни қўллашга йўлини тутди. Эрон бугун ҳақиқий демократик ислом жумҳурияти сифатида қад кўтаришга учун барча имкониятларга эга эди.
Аммо афсуски воқеалар жараёни бундай имкониятларни тобора йўқолиб кетаётганини кўрсатмоқда холос. Демократияга асосланган адолатли тузумга йўл берилмас экан, демократия билан бирга азалий исломий қадриятлар ҳам йўқотилиши мумкин. Зўравонлик, мажбурлаш ва озодликни бўғишга асосланган қаттиққўл сиёсат юргизиш орқали
бу режим фақат бир нарсага эришади –одамларда исломнинг бундай кўринишига нисбатан кескин норозилик кайфиятлари уйғона бошлайди.
Ҳозир биз 21 асрда яшамоқдамиз. Бугун инсонлар дунёнинг бир чекасида туриб унинг нариги чеккасида бўлаётган воқеалар ҳақида, шу жумладан зўравонликлар ва давлат жиноятчилиги ҳақида
ҳам зудлик билан хабар олиш имкониятига эгалар. Бу дегани, аҳли дунё сизнинг хоҳ яхши, хоҳ ёмон бўлсин қилиғингизни кўриб, эшитиб туради ва шунга яраша ўз баҳосини беради. Балким шу сабаб, Эрон режими бугун мамлакатни ташқи дунёдан узиб қўйишга ҳаракат қилмоқда, чет эллик журналистлар мамлакатдан ҳайдаб чиқарилганлар,
интернет кескин чекланган. Аммо бундай кескин чекловларга қарамай одамлар асосан ўз мобил телефонлари орқали полиция зўраволикларини суратларга олиб, уларни youtube.com каби интернет саҳифалар ёрдамида дунёга тарқатмоқдалар. Ўзингизнинг бундй зўравонликлар ва адолатсизликларингиз билан сизлар барибир
72 миллионли халқнинг ҳар биттасини қўлига кишан, кўзига латта, қулоғига эса пахта тиқа олмайсиз жаноб Хоменеи, жаноб Аҳмадинежод! Бугун инсонларни эски, алмисоқдан қолган ғоялар билан алдай олмайсизлар, инсонларга хар хил йўлбошчиларни мажбуран тиқиштира олмайсиларз, бугун инсонларни умрбоқий
Адолат ва Озодлик каби ғоялардан воз кечишга мажбур қила олмайсизлар.
Бугун инсонлар ўз бобокалонларидан кўра ақллироқ ва ўз ҳаётлари ва турмуш тарзларига талабчанроқ бўлиб бормоқдалар. Бугун инсонлар ўз ҳақ ва ҳуқуқларини яхшироқ тушуниб ета бошладилар ва улар энди ўзларининг маҳалла, жамоа, партия,
миллат ва давлат йўлбошчиларини ўзлари сайлаб олишга ҳақлари борлигини чуқурроқ тушуниб етиб, ана шу ҳақ ҳуқуқлари учун аёвсиз курашга кириб ҳатто жонларини Ғоя ва Адолат ғалабаси учун фидо қилмоқдалар. Бугун фақат ўз халқларига эркин нафас олиш ва ўз фикрларини эркин айтишга имкон берадиган
сиёсатчилар ва ҳукуматларгина миллионларнинг ҳурмати ва обрў−эътиборларига сазовор бўлишлари мумкин. Бугун фақат мамлакат ривожланишини таьминловчи ва умуминсоний қадриятларни етарли даражада ҳурмат қилувчи сиёсатчиларгина давлатни бошқаришдек буюк ва маъсулиятли ҳуқуққа эга бўлмоқдалар.
Бугун айнан ана шундай инсоний, билимдон, одамшаванда ва халқпарвар сиёсатчиларга эга бўлган тузумларгина ижтимоий ва иқтисодий соҳаларда доимий ривожланиш имкониятига эгадирлар. Бу эса ўз навбатида халқларга озод ва бахтиёр яшаш, табиат ва атроф муҳит билан мутаносиб ҳолда, ўзларининг динлари,
қадимий ва гўзал урф одатларига содиқ қолган ҳолда ривожланиш имкониятини яратиб бериши мумкин. Бугун Жаҳолат, Зўравонлик, Мажбурлаш ва Яккаҳокимлик каби ўтмиш қолдиқларининг бирорта жамиятда яшашга ҳаққи йўқ. Бундай жиноий усулларга асосланган бирор ҳокимият узоқ яшай олмайди, чунки халқ оммаси уларга узоқ яшашга имкон бермайди.
Ҳазратқул Худойберди.




