Ёки муштипар онага ким ёрдам беради?
“Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади” ..
(ЎзР.Конституциси 13- модда.)
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига назар ташласак ҳамма нарса зўр, инсон манфаатлари тўла қонунлар билан ҳимояланган. Аслида-чи!? Ҳаётдаги воқеалар бунинг тамоман акси – Конституция ва қонунларда белгилаб қўйилган ҳолатлар оддий фуқароларга тааллуқли эмас. Нега!? Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларида белгилаб берилган ҳолатлар фақат раҳбарлару, мансабдор шахслар, орган ходимларигагина тааллуқли бўлиб, улар ўз манфаатлари йўлида қонунларни қалқон қиладилар.
Улар қонунларни рўкач қилиб қасддан истаган фуқарони ҳибсга олишлари, уни ҳуқуқларини бузишлари мумкин. Сирдарё вилоятида амалдаги қонунларни бузилиш ҳолатлари бўйича “Оқ –олтин” тумани биринчи ўринда турса керак. Бу туманда мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний ҳатти – ҳаракатлари ҳаддан ошган. Улар қонунларимизни бузиб талқин қилишади.
Фуқароларга нисбатан кучли тазйиқ ва босим ўтказишади. Оддий одамлар эса юқори давлат идораларига шикоят устига шикоят хати йўллашларига қарамай, уларни эътирозлари эътиборсиз қолдирилади. Ўзбекистонда “Фуқаролар мурожаатлари тўғрисида”ги қонун бўлишига қарамай, амалда унга риоя қилинмайди. Туман раҳбарларини одамлардан ва бу қонунлардан ҳимоя қилиб турадиган кучли
“ТАНКА”си – ҳимоячиси борлигига шак-шубҳа йўқ. Қуйидаги ҳолат бунинг исботидир.
Сирдарё вилояти, “Оқ-олтин” тумани “С.Сидиқов” хўжалигида камбағал бир оила бор. Бу оила 2003 -йилда эл қатори Ўзбекистон Президенти Фармойишига биноан туман ҳокимининг қарорига асосан “Абдураҳим қизи Собирахон” номли фермер хЎжалиги ташкил этганди.
Фермер хўжалиги тузуккина фаолият кўрсатиб келаётганди. Кутилмаганда туман ҳокимининг 2008 -йилнинг 7 июлидаги 574 – сонли қарори билан ер ижара шартномаси бекор қилинди. Бу билан фермерни банкротликка, иқтисодий инқирозга етаклаб, жарга итариб юборишди. Фермер хўжалигининг йил бошидан қилган меҳнатлари, сарф – харажатлари ҳавога совурилди.
Ўзи эса давлатдан қарздор қилиб қўйилди. Ҳаттоки етиштираётган ҳосилини йиғиб – териб олишга ҳам имконият беришмади. Туман ҳокимининг ҳатти – ҳаракатига нисбатан қилган мурожаатларига “Оқ-олтин” туман прокуратураси, яъни амалдаги қонунларимиз ижросини назорат қилувчи орган томонидан 07.11.2008- йил санаси 24/130-08 – рақами билан қуйидагича жавоб берилди:
“Сиз раҳбарлик қилаётган “Абдураҳим қизи Собирахон” фермер хўжалигини ерни ижарага олиш шартномаси “Оқ-олтин” туман ҳокими томонидан ноқонуний равишда бекор қилганлиги ҳақидаги аризангиз кўриб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фермер хўжаликлари тассаруфидаги майдонлари миқдорини мувофиқлаштириш чора- тадбирларига оид таклифлар ишлаб чиқиш бўйича махсус комиссия ташкил этиш тўғрисида”ги
ПФ-3077-сонли Фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида тумандаги фермер хўжаликларини ер майдонларини катталаштириш якунига қараб туман ҳокими қарорига протест келтириш (!) масаласи ҳал этилади” . Туман ҳокимининг 2008 -йил июль ойида “Абдураҳим қизи Собирахон” фермер хўжалиги ер ижара шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги
574 – сонли қарори чиқарилганидан кейин уч ой ўтиб туман прокуратураси Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-3077- сонли Фармойишини асос қилиб, фермер хўжаликларининг ер майдонларини катталаштириш якунига қараб ҳокимликнинг ушбу қарорига протест келтиришини маълум қилмоқда. Яъни назорат органи ўз жавобида “туман ҳокими томонидан еринг олинган экан, еринг ҳақиқий эгаси ҳоким” эканига шаъма қилмоқда.
Ўтган вақт ичида “Абураҳим қизи Собирахон” фермер хўжалиги бошлиғи юқори идораларга ўз ҳақ- ҳуқуқларини ҳимоя қилишни сўраб шикоят билан чиққанлиги сабабли, раҳбарлар ундан қасд олишнинг турли йулларини ўйлаб топдилар. Улар “отасининг аламини боласидан олишмокда”. “Оқ-олтин” туман ИИБ томонидан фермер хўжалиги раҳбарининг ўғли бошқараётган қишлоқ хўжалик техникаси давлат белгиси тақилмаган деган айб билан ички ишлар бўлими жарима майдонига олиб кетилган.
Буниси ҳали ҳолва. Шикоятчи фермернинг ўғли устидан бошланган иш шу даражада кескин авж олиб кетдики, унга қарши бегона болага “оталик”ни белгилаш юзасидан сохта ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Фуқаролик ишлари бўйича “Оқ-олтин” туман судига юборилди. Суд эса болага алимент тўлаш бўйича қарор чиқарган. Суд ижро департаменти суд қарорини ижросини ўз вақтида таъминламаган.
Айбдор фермер эса ўз вақтида алиментларни тўламаганлиги учун Жиноят ишлари бўйича “Оқ-олтин” туман судининг ҳукми билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 122 – моддасига асосан бир йиллик ахлоқ тузатиш ишларига жалб этилган. Аммо ҳеч қанча вақт ўтмай туриб, ахлоқ тузатиш жазоси бир йиллик қамоқ жазоси билан алмаштирилган..
Фермернинг ўғли устидан шундай ҳукм чиқарилишига “Оқ-олтин” туман ИИБ ходими А.Қувондиков катта рол ўйнаган. У ўз ҳақ – ҳуқуқини қонуний талаб қила олмайдиган, ўз исми шарифини зўрга ёзадиган фуқаронинг қўлига кишан тақиб, содир этмаган айбига иқрор қилдириб, суд номига тушунтириш хати ёздириб олган. Ўша куни кечаси соат 22 .00 да “ўз айбига иқрор бўлган” айбсиз айбдор суд қилиниб, хукм чиқарилиб, қамоққа олиб кетилган.
Минг афсуслар бўлсинким, 25 йиллик умрини давлатга хизмат қилиб ўтказган, ногирон, муштипар онаизор ўғлининг ноҳақлигини исботлаш учун қўлида далилий ҳужжатлар билан Сирдарё вилоят пракуратурасию, жиноят ишлари бўйича судининг эшигида мунғайиб ўтиришига қарамай, унга ҳеч кимнинг раҳми келмаяпти. Давлат идоралари ходимларидаги бундай бағритошлик, меҳри қаттиқлик, фуқароларни тоифага ажратиш қачон пайдо бўлди экан?
Совет тузуми давридами ёки мустакилликка эришганимиздан кейинми? Бундай ҳолатлар яна қачонгача давом этади? Қонун устиворлиги, адолат борми ўзи? Бу каби чувалашган саволларига жавоб олишни билмай ўтирган ногирон, муштипар онага ким жавоб бера олар экан?!
“Бирдамлик” ҳаракати матбуот маркази Сирдарё вилоят бўлими.




