Суярқул Жўраевнинг саховати

2009 йил – “Қишлоқ ҳаёти ва фаровонлиги йили”


Жиззах вилояти, Зарбдор туманининг Бўстон шаҳарчасида жойлашган вилоятлараро “Мирзачўл” бирлашмаси бошлиғи Суярқул Жўраев хайрли ишга қўл урди.

Бўстонга тоза ичимлик суви қувури саксонинчи йилларнинг бошларида тортилган эди. Шаҳарчадан 15 километрча узоқликда жойлашган Ровот қишлоғида сув ҳайдайдиган қудратли сув тўплагич иншооти барпо этилиб, ер тагидан тортиб олинган оби-ҳаётни Бўстон шаҳарчасига ва ундан нарида жойлашган 14- ва 5-совхозларга етказиб берарди. Кейин йиллар ўтиб қувурлар эскирди, чириган тешикларида сув оқиб исроф бўла бошлади.
Бўстон шаҳарчасига келаётган сув миқдори кескин камайди. 14- 5-совхозларга борадиган сув аллақачонлар тўхтаган эди. Бунинг устига Бўстон шаҳарчасидаги сув иншоотларини қуриш ва таъмирлаш бошқармаси ҳам тугатилиб, кичкина участкага айлантирилди. Ровотдаги сув ҳайдайдиган моторлар сони ҳам камая бошлади. Ҳозирги кунда 3 тагина мотор ишлаб турибди деб эшитдик.
Бу ҳам етмагандай, Садовников кўчасидан ўтган қувурни коттеж ҳовлида яшаётганлар ўзбошимчалик билан тешиб олиб, уйларига сув ўтказиб олишди. Бу, шусиз ҳам тобора ортиб бораётган сув танқислигини янада кучайтирди. Одамлар ёзда челак кўтариб кўчага чиқиб, сув қидиришга туша бошлади. Шаҳарчадаги сув тўплаш иншооти участкасининг саноқли ходимлари бу муаммони ҳал қилишга қодир эмас эдилар.
Шунинг учун бутун ёз сув жанжали билан ўтарди. Бўстон шаҳарчаси шундай жойда жойлашганки, агар Ровот қишлоғидан сув келиш тўхтаса, истеъмол қилиб турадиган бошқа ичимлик суви манбаи йўқ эди. Чунки Янги Бўстон қўрғонидан ўтадиган каналдан шаҳарчага лоток ариқлар орқали келиб турган сувнинг келиши ҳам сув тақчиллиги сабабли аллақачон барҳам топган эди.
Ана шундай пайтда вилоятлараро “Мирзачўл” бирлашмасига янги раҳбар бўлиб Суярқул Жўраев деган киши келди У киши инсонпарвар одам чиқиб қолди. Аввало шаҳарчанинг “Шодлик” маҳалласида 7 йилдан бери тўпланиб қолган ахлат чиқиндиларини чиқариб ташлашга бош қўшди. Бирлашмага қарашли сув тармоқлари бошқармаси (бошлиғи Абдухалил Убайдуллаев) дахага техника берди.
Уларнинг беминнат ёрдами билан 140 тележкага яқин ахлат чиқиндилари шаҳарчадан четга чиқариб ташланди. Бугун эса саховатпарвар инсон Суярқул Жўраев бурғулаб ер остидан сув чиқаришга ихтисослашган ташкилот билан шартнома тузиб, бирлашма ҳовлисида иш бошлаб юборди. Ернинг анча чуқур қатламидан тоза ичимлик суви фонтан бўлиб отилди.
Бундан шаҳарча аҳолиси беҳад хурсанд. Чунки энди сув излаб сарсон бўлишмайди. Чекароқ бир жойга умумий фойдаланиш учун биронта кран ўрнатиб берса яхши бўларди дейишмоқда одамлар, Муҳтарам президентимиз 2009- йилни “Қишлоқ тарақиёти ва фаровонлиги йили” деб аталгани нур устига аъло нур бўлди дейишмоқда одамлар. Худо хохласа қишлоқларимиз шаҳар қиёфасини олиши шубҳасиз.
Демак, бу йилда саховатли одамлар сафи янада кенгаяди.

Абулфайз БАРОТОВ.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares