
25 майдан 26 майга ўтар кечаси Андижон вилоятидаги воқеалардан сўнг ҳеч қанча вақт ўтмасдан Ўзбекистон бўйича барча блок-постларга қўшимча тўсиқлар қўйилди, балким бу табиий ҳолатдир. Аммо божхона ходимлари бундай вазиятда ўзининг шахсий мақсади йўлида фойдаланиб қолиш учун енг шимариб ишга тушди.
Тошкент шаҳрига кирадиган блок-постдаги “текширувчилар” ҳеч нарсадан хабари йўқ оддий деҳқонларни ҳам, ишбилармон тадбиркорларни ҳам юкларини текшириб, хоҳласалар қўл ҳақи эвазига ўтказиб юбормоқда, ўз ҳақ ҳуқуқларини талаб қилганларни эса “юкларингиз контрабанда юкларига алоқадор”, деб вилоят божхона қўмитасига зўрлик билан олиб кетмоқда.
Божхоначилар юк эгаларининг маҳсулотлари юкланган “ДАМАС” машинасини ҳам олиб қўйишди. Машинадаги юкларнинг эгалари Бўка туманидан бўлиб, улар бир ярим миллион сўмлик ширинликлар олиб келишаётган бўлган. Туркияда ишлаб чиқилгани қайд этилган айни ширинликлар Бўка шаҳрининг улгуржи бозоридан харид қилинган экан. Маҳсулотнинг эндиги эгаларидан божхоначилар
Бўкага бу маҳсулотлар қаёқдан келгани ҳақда ҳам сўрашди, табиий “билмаймиз” деган жавобни олишди, демак… ширинликлар ушлаб қолинади. Қизиғи шундаки, назарда тутганимиз ширинликларни харид қилиб олиб кетаётганлар Тошкент вилоят божхона бошқармасига келишганида ўзларини божхонанинг контрабанда бўлими ходими деб таништирган
Жаҳонгир Каримов ва Отабек Чориевлар ширинликларни бемалол истеъмол қилиб ўтиришган эди. Бу ўзига хос маҳсулот сифатини аниқлашнинг ўзбекча усули шекилли. Балким ҳатто маҳсулот қаёқдан, қай тарзда кириб келганини ҳам шу усулда аниқлаш мумкиндир, ахир ким билади тараққиётимиз қаён қадар етганини?
Ҳозирги кунгача бу юклардан ҳам автомашинадан ҳам дарак йўқ. Сансалорлик оқибатида 1 гуруҳ ногирони қўлтиқтаёқ билан Тошкент-Бўка орасида сарсон.
“Бирдамлик” ҳаракатининг Тошкент матбуот маркази.



