
Фарғона шаҳрида уйсизлар кўп, давлат томонидан уй-жой қурилмай қўйганига эса анча йиллар бўлди. Аммо хусусий уйлар қурилиши авжида. Албатта, пешона тери билан пул топиб, ҳашаматли уйлар қураётганлар қандини урсин. Лекин оддий маошга ишлаётган, умуман иш топа олмаётганлар ҳеч бўлмаса давлат томонидан қурилган кўп қаватли уйлардан бирор квартира олишдангина умид қилишлари мумкин холос.
Аммо айтганимиздай, давлат томонидан қўп қаватли уйлар қурилмай қўйилган. Шаҳар марказидаги бир неча оилалар яшайдиган кўплаб ҳовлилар ( халқ тилида улар “общий двор” деб аталарди) бузиб юборилиб, уларнинг ўрнига хусусий дўконлар, савдо расталари каби объектлар қурилди. У ерда яшаб келганлар эса мажбуран “этаж”ларга кўчирилди.
Этажлардаги квартиралар халқ тилида “разбартованний”, яъни эшик-роми, ваннаси-ю унитази ҳам йўқ. Буниси ҳам майлику-я, маълум бўлишича халқпарвар катталар ҳар бир хонадонга биратўла уч-тўрт оила учун ордер берган экан. Ўзи 2 хонали квартира, у ҳам бир пайтлар, собиқ СССР раҳбарларидан бири Хрушев уй жой соҳасида “Американи қувиб ўтиш ва ҳар бир оилани уй-жойли қилиш” мақсадида қурдирган ва шу боис
“Хрушевка” деб аталган (халқ бу каби уйларни “Трушеба” деб атайди). Уй кўринишига кўра, ҳар бири 15 кв.метрли иккита хона, 5 кв.метрли ошхона ва иккита одам зўрға сиғадиган йўлакдан иборат коридордан иборат, айни мана шу сичқон катаги каби “ҳудуд”га бирданига бир неча оила учун рухсатнома берилган… Ана энди уй ана шу уйлар учун айрим оилалар ўртасида кўтарилган жанжалларни кўринг.
Йиғи-сиғи, дўқ-пўписалар, ҳокимият, суд, прокуратура ва бошқа маҳкамаларга сон-саноқсиз қатнашлар, асаб касали билан шифохоналарга ётқизилишлар, дуч келган одамдан мадад истаб, мўлтиллаб туришлар, хотини, фарзандлари олдида ночорлиги, ноиложлиги учун ерга кириб кетишга тайёр бўлишлар…
“Бирдамлик” ҳаракати Фарғона вилоят бўлими матбуот хизмати.



