
Навоий вилоятида кейинги пайтда иқтисодий жиноятлар сони кўпайиб бормоқда. Мустақил экспертларнинг таъкидлашича, вилоятдаги айрим манфаатдор шахслар сунъий равишда корхоналарни банкротлик ҳолатига, яъни иқтисодий тангликка олиб бораётгани маълум бўлган. Вилоят хўжалик судидан олинган маълумотга кўра, судда жорий йилнинг 5 ойи мобайнида солиқ идоралари томонидан 88та банкротлик иши бўйича даъво аризалари кўриб чиқилган.
Шундан 29та корхона банкротлиги сабаб давлат рўйхатидан чиқарилган. Навоий вилоят хўжалик суди вилоят “Капитал Қурилиш” бошқармаси ҳузуридаги “Ишлаб чиқариш техник жиҳозлаш” корхонасига банкротлик эълон қилиб, корхона раҳбари Мардон Тўхтаев ва ҳисобчи Ҳикматулло Иззатуллаевга нисбатан жиноят иши қўзғатди.
Жавобгарлар корхонанинг дебитор қарзларини яшириб, ҳужжатларни архивга топширишган. Корхона ҳисобига дебитор қарзлари мавжуд ташкилотлардан тушган 103 миллион сўмлик маблағ эса раҳбарларнинг уддабуронлиги сабаб бошқа ҳисоб рақамига туширилган. Бу усул иқтисодий жиноятни содир этишдаги қаллобликнинг бир кўринишидир.
Иккинчи кўринишдаги жиноятни Кўзи ожизлар жамиятига қарашли “Кармана ўқув ишлаб чиқариш” корхонасининг сохта “қори”лари содир этди. “Сирдарё пахтасаноат” ҳудудий бирлашмасининг Навоий вилоят хўжалик судига қилган даъво аризаси бўйича “Кармана ўқув ишлаб чиқариш” корхонасининг собиқ раҳбари Ғайрат Ахатов ва Алижон Содиқовларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Сохта тадбиркорлар “Сирдарё пахтасаноат” ҳудудий бирлашмасидан 18 миллион 261 минг сўмлик 15 тонна пахта толаси олиб, ҳужжатларни қалбакилаштирадилар. Натижада 15 тонна пахта толаси “Кармана ўқув ишлаб чиқариш” корхонасига келиб тушмай ўзга манбаларга кетади. Бежизга иқтисодий жиноятни молиявий излар ошкор этади, дейишмайди.
Мужгон.



