Ҳоким Фармонни писанд қилмади, сабаби…


Президентнинг 2008-йил 20-октябрдаги Фармонига асосан “Пахта экилишини камайтириш ҳисобига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кўпайтириш” белгиланган. Аммо Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Ш. Ғаниевнинг топшириғига кўра эса вилоят фермерлари пахта экиладиган ер майдонларини кўпайтиришлари шарт. Яъни мантиқан олганда вилоят ҳокимининг ўринбосари президент Фармонини мутлақо тескари талқин қилмоқда.
Хўш, аслида нима учун президент пахта экиладиган майдонларни камайтириб, унинг ўрнига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экилишини кўпайтириш тўғрисида фармон берган? Чунки, бугунги иқтисодий вазиятда, пахта экин майдонларини камайтириш мақсадга мувофиқ. Сув танқислиги, пахта етиштиришнинг самарадорлиги юқори эмаслиги каби табиий ҳолатлар бунга асосдир.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш орқали халқнинг моддий эҳтиёжларини қоплаш, яшаш фаровонлигини оз бўлсада кўтариш мумкин. Нима учун бир вилоят раҳбарининг ўринбосари ана шундай муҳим фармоннинг тескарисини қилмоқда? Балким, у фармоннинг моҳиятини тушунмагандир? Ҳамма гап шундаки, бундай ҳаракатлар замирида аслида вилоят раҳбари ўринбосари ва унга қарашли гуруҳнинг шахсий манфаатлари ётибди.
Аввало, минг машаққат билан пахта етиштирган деҳқон уни монополиячи ташкилот, яъни “Ўзпахтасаноат” га ўз маҳсулотини арзимаган пулга топширишга мажбур. Барча фойдани эса… Албатта, “Ўзпахтасаноат” тадбиркор ўринбосарни ҳам қуруқ қолдирмайди. Бундан ташқари туманлардаги турли ташкилотлар (жумладан, турли хусусий ташкилотлар)нинг газ, электрдан бўлган қарзини тўлаш ҳам фермер зиммасига юклатилган.
Ўтказиладиган турли тадбирлар, масалан Наврўз, мустақиллик байрамлари, ҳокимликнинг ҳар хил банкетлари учун кетадиган харажатлар, ўринбосарларнинг уйига мунтазам тарзда жўнатилиб туриладиган гўштдан тортиб икрагача, сабзи-пиёздан тортиб коньякларгача, хотинига совға қилинадиган тилла тақинчоқдан тортиб, ўғлига тортиқ қилинадиган “Jeep”гача шўрлик фермерлар бўйнида. Бундай пайт президент фармони кўзга кўринадими?..

“Бирдамлик” ҳаракати Фарғона вилоят бўлими матбуот хизмати.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares