«Бирдамлик» болалар учун

Халқаро болалар куни муносабати билан “Бирдамлик” ҳаракатининг Навоий вилояти бўлими лидерлари шаҳар истироҳат боғида махсус акция ўтказди. Ҳаракат аъзолари ҳамда ҳаракатнинг туманлардаги лидерларининг фарзандлари учун Навоий истироҳат боғининг аттракцион ўйинлари, Навоий ижодиёт уйи қўғирчоқ театри ҳамда “Фарҳод” ва “Ширин” маданият саройининг қўшма гала концертларига томошалар уюштирилди.
“Бирдамлик” ҳаракатининг болалар учун кўрсатган муруввати сабаб 20 дан ортиқ ҳаракат аъзолари фарзандларига чинакам байрам ҳадя этилди. – Ҳар йили байрамларда ҳатто ҳаракатнинг аъзолари фарзандларига берилган эътибордан бошимиз кўкда, – дейди “Бирдамлик” харакатининг Қизилтепа тумани раиси Дилдора Боймуродова. – Мен ногирон, фарзандларини отасиз ўстираётган аёлман.
Айни иқтисодий қийин шароитда ҳаракатнинг бу ҳимматини юқори баҳолайман. Менинг фарзандим 1-гуруҳ ногирони. Бугун ўғлимнинг чеҳрасидаги қувончни кўриб, тўғриси ўзимнинг ҳам кўнглим бўшашди. Кун давомида фарзандим билан бирга театрга, концертга тушиш, истироҳат боғида сайр қилиш, менга завқ берди. Шу тобда бизнинг кимгадир кераклигимизни хис этдим.
Раҳмат, тадбир ташаббускорларига, – дейди ҳаракат аъзоси Гулшода Ишмирзаева. ”Бирдамлик” ҳаракатининг болалар учун Навоий вилоятида уюштирган тадбири кечга қадар давом этди.

Мужгон

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares