Бугун Қўқон фожеасига 20 йил тўлди

Ўзбекистонда Ислом Каримов тахтга келганидан буён кўп қон тўкилади. 1989 йилдаги Қўқон, Бўка ва Паркентдаги воқеалар, сўнгра Тошкентда, талабалар шахарчасида юз берган фожеа, ниҳоят 2005 йил 13 майдаги Андижон қатлиоми. Хукумат қатағон сиёсати билан мана шу йиллар ичида қанчадан қанча бегуноҳ инсонларни ёстиғини қуритди, минглаб юртдошларимиз ҳанузгача темир панжара ортида азоб чекмоқда. Хақ сўзни айтган кўплаб ўзбекистонликлар эса бугунги кунда ўз она ватанларидан олисда, ғурбатда ҳаёт кечирмоқдалар.
Сухбатдошимиз, Бирлик партияси фаоли, ҳозир Швецияда яшаётган Рафиқ Ғаниев 1989- йил 8- июнда Қўқон шаҳрида юз берган фожеа ҳақидаги хотираларини биз билан ўртоқлашди.

Мухбир: “Рафиқ ака, бундан 20 йил аввал Қўқон шахрида қандай фожеа содир бўлган, ўшанда қанча одам халок бўлганди? Унинг келиб чиқиш сабаблари хақида гапириб берсангиз”.

Рафиқ Ғаниев: “1989- йил июн ойининг бошларида Қувасой шаҳрида месхети турклари билан ўзбек йигитлари ўртасида жанжал бўлган. Бу жанжалдан кейин муштлашув бўлиб, турклар бир ёш йигитни ўлдириб қўйишган. Ўша даврларда месхети турклари ўз ватанлари Гуржистондаги Месхетияга кўчиб кетишга тайёргарлик кўришаётган, лекин
Совет Иттифоқи хукумати уларни Гуржистонга кўчиб кетишларига йўл бермаётган эди. Шунингдек, қрим татарлари ҳам ўзларининг тарихий ватанлари бўлмиш Қримга кўчиш учун харакатлар қилаётганди. Иттифоқ парчаланиш холатига келиб, инқирозга юз тутган пайтда, русларнинг хукмронлигини ушлаб туриш мақсадида, ўша пайтдаги КГБ (Комитет
Государственной Безопастности) шу баҳона, яъни ана шу қувасойлик йигитни ўлдирилиши натижасида, буни катта жанжалга айлантириб юборди. Гўёки, ўзбек гўдакларини қозиқларга санчиб ўлдирилаётганлиги каби хар хил расмлар тарқатилгандан кейин, халқ ўртасида ваҳима кучайиб, месхети туркларига нафрати ошган одамлар қўзғолиб кетди.
Қувасойда турклар билан қаттиқ жанжал бўлгандан кейин, унга аралашган одамларнинг бир қанчасини Қўқондаги қамоқхонага олиб келиб қамаб қўйишган. Ўша пайтда Қўқонга кириш йўллари бетон блоклар билан тўсилиб, постлар ташкил қилинган, шаҳарга ҳеч кимни қўйишмаган. Қувасой, Марғилон, Тошлоқ ва бошқа туманлардан келадиган одамлар кириши мумкин бўлган хамма йўллар беркитилган эди.
Лекин КГБнинг иши бўлганми ёки ҳокимият атайлаб қилганми дейман, келган одамлар шаҳарга киргизиб юборилган. Шундан кейин бир неча минг одам Қўқон шаҳар ички ишлар бўлими олдида тўпланишиб, Қувасойда қамоққа олинган одамларни озод этилишини талаб қилишган. Жуда кўп одамлар тўпланишгани учун ички ишлар бўлими ходимлари бинонинг ичига яшириниб олишган.
Шу пайтда шаҳар ички ишлар бўлими ичкарисидан иккита ўқ отилиб, бири 14, яна бири эса 12 ёшли бўлган ёш болалар ўлдирилган. Яъни, оломонга отилган ўқдан иккита бола жароҳатланиб, ҳалок бўлган. Эртаси куни тунда, кечаси билан Қўқондаги футбол ўйингоҳига Россиядан самолёт орқали келган, Кантемиров номли ҳарбий бўлинманинг аскар-десантлари туширилган ва бутун Қўқон шаҳри атрофи ўраб олинган.
Шундан кейин 8- июнда, икки боланинг отиб ўлдирилишига қарши, ўша пайтда янги ташкил этилаётган “Бирлик” халқ ҳаракати вакиллари янги ташкил бўлган “одамийлик ва инсонпарварлик” ташкилоти (уни бошлиғи Қаҳрамон Ҳамидов эди) билан биргаликда, кўпчилик бўлиб Қўқон шаҳар партия қўмитасига бешта талаб билан келинган. Улардан асосийлари:
Ўзбекистонга мустақиллик мақоми берилиши, ўша иккита бегуноҳ ёш болани отиб ўлдирганларни жазолаш, ноҳақ қамалганларни озод этиш талаблари эди.Шунда, шаҳар партия қўмитаси раҳбари бўлган Мусабеков талабларимизни юқорига етказишга ваъда бериб турганда, Кантемиров ҳарбий бўлинмаси аскарлари томонидан ўқ отила бошлаган. Мазкур отишма вақтида шаҳар қўмитаси биноси олдида 17 киши ҳалок бўлиб, кўплаб одамлар яраланган.
Кейин Қўқон шаҳри ва унинг атрофидаги турли жойларда ҳам одамлар Совет армияси томонидан отиб ўлдирилган. Биз жами 102 та ҳалок бўлганларни санаганмиз. Бугун ана шу мудҳиш воқеаларга 20 йил тўлди. Хукумат томонидан амалга оширилган ўша қирғинни қўқонликлар ҳеч қачон унутишмайди”.

Суратда:

1. Қўқон фожеасига сиёсий баҳо берилишини талаб қилиб чиққан бир гурух қўқонлик демократлар.
2. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Маҳбуба Қосимова, ва таниқли мухолифат фаоли Исмоил Дадажонов ва унинг сафдошлари сиёсий талаблар билан чиқиб очлик эълон қилишган пайти.
1989 йил 8 июн.
Қўқон фожеаси тафсилотлари ҳақида кейинги лавҳаларимизда танишишингиз мумкин.

“Янги Дунё”.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares