Сохта айблов бўйича суд бошланди…

Ўзбекистон жиноят кодекси 165-моддаси (“Товламачилик”) 3-қисми; 228-моддаси (“Ҳужжат сохтакорлиги”) 2-, 3-қисмлари билан айбланаётган таниқли журналист Дилмурод Саидов (Саййид), жомбойлик фермерлар Анорбой Пўлатов, Тўрабой Эргашев, фуқаро Марғуба Жўраевларага нисбатан суд жараёни бошланди. Айбловлар сохта, “Жиноят иши” материаллари ўйдирмадан иборат эканлиги ҳақида батафсил маълумотлар жаҳон жамоатчилигига яхши маълум.
Биз қуйида янада аниқ ва янги маълумотларни эълон қилишни маъқул топдик. Ҳозирда жабрланувчи ҳисобланаётган Аслиддин Ўринбоев, Сайдулло Боймуродов ҳақиқатда ғаразли мақсад ва паст ниятларда “жабрланувчи” қиёфасига кириб олганлар. Ва бунда уларнинг Жомбой тумани ҳамда Самарқанд вилояти миқёсидаги лавозимли ҳамтовоқлари қўллаганликларига шубҳа йўқ. Ҳақиқатга тик қаралса-чи?

Шу ўринда айрим аниқ маълумотларни келтириш жоиз:

1. “Фаровон ҳаёт йўли” ММТПга қарашли 68 (олтмиш саккиз) гектар боғлардан олинаётган даромад пуллари ҳатто 13 мартдан 30 мартгача ўтказилган текширувда ҳам эътибордан четда қолдирилган.
2. ММТП таркибидаги “Тўлқин Шодиёров фермер хўжалиги” ҳудудида жойлашган ва ММТП балансида бўлган 300 тупдан зиёд 10 (ўн) йиллик иморатбоп дарахтлар 2009 -йил бошида кесилиб, ўзлаштириб юборилганлиги ҳам Прокуратурани қизиқтирмади.
3. “Нарзиқул Рустамов фермер хўжалиги” экин майдонларидан ўнга яқин ер бўлаклари опа-ука, ака-сингил Ўринбоевлар томонидан уй-жой қуриш учун эгаллаб олиниб, бетон пойдеворлар қайси қонун асосида қуйилганлиги Департаментнинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва Прокуратурадаги масъуллар тарафидан ёпиб келинмоқда.
4. “Чалақўрғон карвони фермер хўжалиги”га қарашли ғалла, пахта майдонидан ўндан ортиқ ер бўлаги;
5. Собиқ “Бобобек Холмуродов фермер хўжалиги” ҳудудидан учта ер бўлаги;
6. “Ҳалвойи Қ.Й.Ф” ҳудудидан битта ер бўлаги шахсий уй-жой қуриш учун ғайриқонуний тарзда опа-ука – Хурсаной ва Аслиддин Ўринбоевлар ва уларнинг туман, вилоятдаги “ҳимоячи”лари томонидан тарқатиб юборилган.
Бундай мисол-ҳолатлар юздан ортиқ. А.Пўлатов бу борада тегишли тартибда мурожаат қилиб, масъулларга жойма-жой олиб бориб кўрсатган.
Талон-тарож қилинган техник воситалар бўйича берилган аниқ маълумотлар эса, Жомбой туман ИИБ ТБ катта терговчиси О.Тоҳиров томонидан “бости-бости” қилинган. Ва бунинг ортида ҳам вилоят Департаменти ва Прокуратурасидаги айрим масъуллар турганлигига сира шубҳа йўқ.
Талон-тарож қилинган техник воситалар, ўзлаштирилишлар, ғайриқонуний тарқатилган ер бўлаклари хусусидаги маълумотлар Д.Саидов томонидан 2008 -йил 3 сентябрдан бошлаб тегишли маъмурий-ҳуқуқий ташкилотларга шикоятланиб, асословчи фотосуратлар, ҳужжатлардан кўчирмалар, тракторчиларнинг тушунтириш хатлари иловаланган ҳолда тақдим этилган.
Анорбой Пўлатов эса, 2009 -йил февраль ойи бошида ғайриқонуний тарқатилган ер бўлакларини Жомбой туман прокурори Э. Рўзиев, туман ҳокими вазифасини бажарувчи Ф. Мажидов (эндиликда собиқ!), туман агропроми раҳбари Ш. Раҳимов (эндиликда марҳум!), ИИБ бошлиғи, вилоят вакилларидан иборат масъулларга жойма-жой олиб бориб кўрсатган.
22 феврал куни эса Д. Саидов ва А. Пўлатов сохта айблов билан ҳибс этилганлар. Шикоятларни ўрганиш юзакилаштирилиб, Жомбой ТИИБ ТБ катта терговчи О.Тоҳиров юритувидаги ММТПга оид “Иш” тўхтатилган. Терговолди ҳаракатларини олиб борган Департаментнинг Самарқанд вилоят бошқармаси суриштирув бўлими бошлиғи И. Шеров қонунни очиқчасига оёқости қилган.
У асосий мақсадни Д. Саидов ва А. Пўлатовни қаматишгагина қаратган. Бу ҳақда етарли маълумотлар берилди. Бунга қуйидаги жиҳатни яна бир янги маълумот сифатида келтирсак: 23 февраль куни Д. Саидов ва М. Жўраева юзлаштирилганида, суриштирувчи И. Шеров айбланувчи М.. Жўраевага шундай савол берган:
Савол: Сиз олдинги кўргазмангизда Саидов Дилмурод ака 13 000 АҚШ доллари берсин, деб айтганлигини билдиргансиз, нима учун ҳозир Саидов Дилмурод ака билан пул тўғрисида гаплашганим йўқ, деб айтаяпсиз? Нима учун икки хил кўргазма бераяпсиз?” И. Шеров бу саволга М. Жўраева берган жавобни ёзмаган. Ваҳоланки, М. Жўраева ўз жавобида илк кўрсатмасини қўрқув, ичкилик таъсирида ҳамда таҳдид остида берганлигини билдирган.
М.Жўраеванинг кўрсатишича, у қўлга олингач, Департаментга олиб келгунларича унга тазйиқ ва таҳдид қилиниб, Д.Саидовга қарши кўрсатма бериши уқтирилган. Д. Саидовга 2008- йил 24 август куни “Ишончнома” бериб, муҳр ва имзо қўйган фермерлар ҳам ёлғон кўрсатув бераётганликлари ҳақида маълум қилган эдик. Яна маълум бўлишича, фермерлардан Р. Рустамов “Фаровон ҳаёт йўли” ММТПга 2006- йил 13 январидан 2007- йил октябргача раислик қилган.
Ва техник воситаларнинг бир қисми унинг раислик даврида еб юборилган. М. Абдуназаров эса, собиқ “Ўзбекистон ширкат хўжалиги”га раислик даврида “Ҳалвойи Қ.Й.Ф” раиси Х. Ўринбоева билан шерикликда ер бўлаклари тарқатган. Хуллас, ҳар бири қандайдир қилмишга алоқадорлиги Департамент ва вилоят прокуратурасидаги айрим масъуллар тарафидан огоҳлантирилганлиги боис, шўрлик фермерлар ёлғон кўрсатув беришган.
В. Хўжақулов 2003- йилгача собиқ “Ўзбекистон ширкат хўжалиги”га раис, 2003- йилдан 2004- йил ёзигача (Д.Саидов томонидан “Қишлоқ ҳаёти” газетасида танқид қилингунча!) Жомбой туман ҳокими биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган ва ер бўлаклари ғайриқонуний тарқатилишида жуда кўп тер тўккан, “Ўзбекистон ширкат хўжалиги”ни чўктирган раҳбарлардан ҳисобланади.
С. Боймуродов ҳам 2003-2004- йилларда собиқ “Ўзбекистон ширкат хўжалиги”га раислик даврида онаси, иккита акаси, укаси (милиция ходими!), поччасига боғ олиб берган. Ўзига эса, иккита ердан қарийб уч гектарлик боғларни олган. Раислик даврида олинган бу ижара боғлардан хусусий мулкдек текин фойдаланиб келмоқда. Бундан ташқари боғлар ўрнидаги дарахтларни кесиб, ўзлаштириб юборган.
Ҳозирда А.Ўринбоев паноҳи остида ММТПга тегишли клуб биносидан фойдаланилиб, ундаги пол, саҳна ёғочлари, дереза ромларни бузиб, ўзлаштириб юборган. Клуб биносини тўй-маърака, маросимга мослаштириб, ижара пулларининг асосий қисмини ўзлаштириб келмоқда. Клубда мавжуд бўлган бир неча юз инвентар ҳам еб юборилган.
ММТП ёки Қ.Й.Ф раҳбарияти ва С. Боймуродов фақатгина ижрочи-қўғирчоқлар эканликлари эндиликда тўлиқ аён бўлиб қолди. Ўнлаб техникалар йўқолиб, ер бўлаклари ғайриқонуний тарқатилиши туман ҳокимлиги, прокуратураси хабардорлигида вилоятдаги маълум раҳбарлар хоҳиши билан амалга оширилганлигига бугун заррача шубҳа йўқ. Бу борада вилоят прокуратураси,
Департаментнинг Самарқанд вилоят бошқармасидаги катта лавозимли шахслар бошчилигидаги жуда яхши уюшган гуруҳ иш олиб борганлиги ҳам аниқ. Бунинг оддий исботи кўра-била туриб, асоссиз айблов билан тўлдирилган уйдирма материаллардан иборат 32/28417-сонли “Жиноят иш” жилди ҳам аниқ бир мисолдир. 32/28417-сонли “Жиноят иш” жилди асосида
Самарқанд вилоят прокуратураси катта терговчиси С. Мажидов томонидан тузилган ва 30 апрель куни вилоят прокурори биринчи ўринбосари О. Азимов тасдиқлаган “Айблов хулосаси”дан бир кўчирмани қисқартириб келтирамиз: “…Жумладан, Саидов Дилмурод… журналист сифатида жамиятда тутган мавқеидан ғараз мақсадларда фойдаланиб, …2003- йилга қадар… собиқ “Ўзбекистон ширкат хўжалиги” раиси лавозимида ишлаган Хўжақулов Ваҳобнинг устидан аризалар уюштириб,
…2004- йил май ойида ширкат хўжалиги раиси вазифасида ишлаб келаётган Боймуротов Сайдулло Шокировичга… В.Хўжақуловдан… 5000 АҚШ доллари олиб беришликни, олиб бермаган тақдирда уни ҳам устидан шикоят, ариза уюштириш билан қўрқитиб, …айтилган суммани бера олмаганидан сўнг “Адвокат пресс” газетасида обрўсига путур етказилган мақолалар чоп этган”.
Аввало, “Адвокат пресс” газетасида на В.Хўжақулов, на С.Боймуротов ҳақида умуман мақола чоп қилинмаган. Чунки “Адвокат пресс” газетаси 2004 -йил август ойи охирида ташкил қилинган. Д. Саидов эса, фақатгина 2005 -йил январ ойидан “Адвокат пресс”да ишлай бошлаган. Бу вақтда Жомбой туман ҳокимининнг биринчи ўринбосари В. Хўжақулов ҳам, С. Боймуротов ҳам лавозимларидан кетиб бўлгандилар.
Шунингдек, 2004 -йил май ойида Д. Саидов томонидан журналистик суриштируви “Қишлоқ ҳаёти” таҳририятида расман рўйхатга олинган шикоят бўйича, Жомбой туман ва Самарқанд вилоят ҳокимликлари вакиллари И. Ниёзов, А. Нуриллаев иштирокларида, ЎзР. ОАВ, журналистик фаолиятни ҳимоя қилиш, ахборот тўплаш ва тарқатиш тўғрисидаги қонунларга асосан олиб борилган.
Акс ҳолда туман ва вилоят ҳокимликлари раҳбарияти (З.Мирзаев, П.Ўсаров) ўз вакиллари иштирокини таъминламаган бўлар эдилар. Шу баробарида Д. Саидов 2004- йил май ойида маълум ваколат эгаси сифатида Жомбойга расман келиб, тегишли тартибда ҳокимликлар вакиллари иштирокида журналистик суриштируви олиб борган бўлса, суриштирув давомида тўпланган аниқ маълумотлар асосида таҳлилий-танқидий мақолалар эълон қилган бўлса, мақолалар ўрганилиб,
В. Хўжақулов вазифасидан бўшаган, С. Боймуротов жавобгарликка тортилиб, ишдан кетган бўлса, 2004 -йил май ойигача ўзи мутлақо танимаган одам – фуқаро А. Пўлатов билан жиноий тил бириктириши ҳеч қайси мантиқ ва қонунга тўғри келмайдиган ҳолатдир!

Шу ўринда бир эътироф:

Собиқ “Ўзбекистон ширкат хўжалиги”нинг 2003-2004 -йиллардаги бошқарув раиси бўлган Сайдулло Боймуротов нафақат Дилмурод Саидов ва Анорбой Пўлатовга нисбатан туҳматли ариза ёзиб, талвасага тушган. Унинг талвасаси олдинроқ бошланган, яъни “Ҳалвойи Қ.Й.Ф” раиси Х.Ўринбоева билан тил бириктириб, ўз раислик даврида ер бўлакларининг ғайриқонуний тарқатилишига шерик бўлган Сайдулло Боймуротов
Самарқанд вилоят ҳокимлиги нашри “Зарафшон” газетасига ҳам ёлғон интервью берган. Унинг Х.Ўринбоевани мақтаб, адолат истаган аризачи Тоир Жўраевни эса, асоссиз қоралаб берган интервьюси 2009 -йил 15 январ куни “Зарафшон” газетасида “Ҳалвойида нима гап?” сарлавҳали мақолада эълон қилинган. Шундан сўнг аризачи Т.Жўраев журналист Дилмурод Саидовдан маслаҳат сўраб, мурожаат қилган.
2009- йил феврал ойи бошларида Д.Саидов бу масалада “Зарафшон” газетаси бош муҳаррир ўринбосари Ғолиб Ҳасанов билан телефонда гаплашган. Кўп ўтмай, “Ҳалвойида нима гап?” мақоласига раддия ёзиш ва вилоят прокуратурасига ёзма арз қилиш масаласида фуқаро Тоир Жўраевга холисона амалий кўмак берган. Ўзбекистон қонунчилиги фуқароларнинг ўзаро бир-бирига қонун доирасида кўмаклашувини таъқиқламайди.
Бир сўз билан айтганда, Ўринбоевлар гуруҳи ўз қилмишларини яшириш учун матбуотни ҳам чалғитиб, ёлғон маълумотлар эълон қилишдан ҳам тоймаганлар. Шу ўринда яна бир эътиборли жиҳатни келтириш жоиз. Яъни терговолди ва тергов ҳаракатлари давомида сохта айбловни тасдиқлашлик учун И. Шеров ва С. Мажидов деган “валломат юрист”лар қуйидаги жумлани қайта-қайта келтирганлар:
“…жабрланувчи учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш билан қўрқитиб…” Энди конкрет савол туғилиши табиий: “Сир сақланиши лозим бўлган маълумотлар нималардан иборат бўлади?”
Агар Самарқанд вилоят прокуратураси ва Департаментнинг Самарқанд вилоят бошқармасидаги “аҳли дониш” юристлар нуқтаи назарига суянсак, ғайриқонуний (ер бўлакларини қонунга зид тарқатиш, ижара даромадларни ўзлаштириш, техник воситаларни талон-тарож қилиш ва ҳоказо) ҳолатлар ҳам сир сақланиши шарт экан!
Бу амалдаги қонунлар, ҳуқуқий давлатчилик, қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги борасидаги ички сиёсат талабларига қанчалар мувофиқ ёки номувофиқлигига Президент Девони Хавфсизлик Хизмати, Миллий Хавфсизлик Хизмати, Бош Прокуратурадаги мутасаддилар баҳо беришлари зарур, деб биламиз.

«Бирдамлик» ҳаракатининг Тошкент матбуоти маркази.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares