“Жаноб 500 кўк”

Навоий вилоятида журналистлар ва оддий халқ орасида ана шундай ном олган машҳур шахс яшайди. У вилоят телерадиокомпанияси раҳбари вазифасини бажарувчи Ғулом Султоновдир. Унинг бундай ном олишига эса қўйидаги ҳолатлар сабаб бўлган. Вилоят телерадиокомпанияси жамоаси 15 йилдирки, компания директори Ғулом Султоновнинг адолатсизларча олиб борган раҳбарлигидан безиган.
Ўз хавфсизлиги ҳамда иш ўринларини йўқотмаслик учун исмларини айтишни лозим кўрмаган вилоят телерадиокомпанияси журналистларининг таъкидлашича, уч йилдан буён телерадиокомпания директори вазифасини бажарувчи рахбар компания ҳисобига тушаётган тижорат маблағларини мақсадсиз ишлатиш, давлат томонидан компания автомашиналари учун ажратиладиган эҳтиёт қисмлар ва ёнилғи маҳсулотларини талон тарож қилиш билан шуғулланмоқда.
Ғулом Султонов кейинги 3 йил мобайнида раҳбарлик курсисидан фойдаланиб, журналистларнинг қалам ҳақларини ўзлаштиришдан тортиб, компаниядаги раҳбарлик лавозимларни пуллашга, ишга қабул қилиш эвазига иш берувчи сифатида 500 АҚШ доллари сўраб таъмагирлик қилишгача борган. Телерадиокомпания ходимларидан олинган маълумотга кўра,
пора бериб ишга кирганлар бу ҳолатни ошкор қилмайдилар ва истамайдилар ҳам. Чунки, Ўзбекистон қонунларида белгиланганидек, пора олган ҳам, пора берган ҳам бирдай жазога тортилиши уларни сергаклантирмоқда. Айнан беш юз “кўк”и билан муомалани бошлаб, ўша беш юз “кўк” билан ҳаракат қилиши туфайли ҳам, телерадиокомпания раҳбарига одамлар орасида “жаноб 500 доллар” деб ном қўйилган.
Унинг телерадиокомпанияда порахўрликка муккасидан кетиб бемалол олиб туриши, боз устига компания мол-мулкини ўзлаштириш ҳаракатларига яна қанча чидаш, кўриб туриб кўрмасликка олиш мумкин, дея куйинишади, журналистлар. Ҳақиқат ҳақида гапиришни даъво қила туриб, ўзинг ҳақсизлик ичида қолишингдан мушкули йўқ.

Мужгон

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares