Андижон вилоятида зўравонликлар

Андижон вилоятининг Хонобод шаҳридан келаётган хабарларга кўра, кеча тунда шаҳарда зўравонлик юз берган.

Ўзбекистон телевидиниеси Республика прокуротурасининг хабарини эълон қилган.
Прокуратура хабарида шундай дейилади:

“25 майдан 26 майга ўтар кечаси 2-3 бандитдан иборат гуруҳ портловчи моддадан фойдаланган ҳолда Андижон вилояти Хонобод шаҳрига киришдаги милиция блок постига қуролли ҳужум уюштирган. Келиб чиққан отишма мобайнида бир милиция ходими ва ҳужум қилган бир бандит яраланган. Қаршиликка учраганлари оқибатида тун қоронғулигидан фойдаланиб бандитлар яширинишга муваффақ бўлганлар.
Шу йилнинг 26 май куни соат 13 45 – 14 да Андижон шаҳридаги Фитрат кўчасида номаълум шахс ўзини ўзи портлатиб юборгани оқибатида бир милиция ходими ҳалок бўлган, бир неча фуқаролар яраланган. Дастлабки маълумотларга кўра, бандитлар гуруҳи Андижон вилояти ҳудудига қўшни Қирғизистон ҳудудидан кирганлар. Ҳозирги пайтда Андижон шаҳрида оператив штаб тузилган унинг таркибига республикадаги барча куч тизимлари вакиллари киритилган. Оператив қидирув амалиётлари ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”.
Қирғизистон томонига кўра, икки давлат ўртасидаги чегаралар Ўзбекистон мулозимлари ташаббуси билан ёпилган. Айрим хабарларда айтилишича, “Хонобод” божхона постида портлаш бўлган ва бошқа бир хабарларда эса милиция бўлинмасига ҳужум уюштирилган. Айрим хабарларга кўра, қуроллилар Хонободдаги милиция биносини ҳам забт этишга уринган. Андижон вилояти ҳокимлигидагилар эса “бу ҳақда ахборот берилмайди, бу рақам хизмат телефони ва уни банд қилмайлик” дея гапиришдан бош тортишди.
Қирғизистон расмийлари ўзбек томони ўтиш нуқтасини ёпиб қўйгани ва чегарада йирик хавфсизлик амалиёти олиб борилаётганини айтишган. Қиргизистондаги манбаълар отишмалар чоғи ўзбек томонидан бир неча зобит ҳалок бўлганини айтмоқда. Бу хабарларни Ўзбекистон расмийлари тасдиқлашгани йўқ. Маҳаллий аҳоли вакиллари Андижонга ҳарбий техника киритилгани ва хавфсизлик чоралари кучайтирилаётгани ҳақида айтган. Хонобод шаҳри Андижондан саксон чақирим узоқда жойлашган.

www.bbcuzbek.com.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares