
М. Юсуфнинг “насиҳат” шеърини ўқиб.
Шоир акам бу дунёнинг несидир кам,
Шундан дилим қийнар азоб,ўртар алам,
Шеърингизни йиғлаб-йиғлаб ўқидиму,
Кетмон тутган қўлга бу кун олдим қалам.
Андишанинг отин қўрқоқ қўйган сероб,
Эркакман деб бошга қалпоқ кийган сероб,
Ор–номусин жонидан ҳам устун қўйиб,
Ўзбек қизда ўзига ўт қўйган сероб.
Ҳали ҳам мўл қизларингиз дилда доғи,
Номард қўли ёш бошига етганлар бор,
Жаллодининг номин демай кетар чоғи,
“Ўзим” дея тилхат бериб кетганлар бор.
Ботганмисиз шу одатнинг ҳеч ўйига:
Азадаку йиғлаб бағрин тиғлайдилар,
Нега мудом ёр – ёр айтса қиз тўйида,
Келинчакни ўраб қизлар йиғлайдилар.
Ботиб кетсин борган уйи бўлсин дарё,
Қайтиб келса қизлар учун шудир ўлим,
Устун қилиб бири кам бу дунёсига,
Менинг ҳам тўрт ўғилга банд ўнгу -сўлим.
Қизлари бор ўзбегимнинг — йиғлаб ўтар,
Ситамганлар чашмин бир-бир ўйишим бор,
Ҳўлу -қуруқ тенг баробар ёнмаса гар,
Ёнмас ёққа қайтадан ўт қўйишим бор.
Саида Қурбон.



