Сурхондарёдан хабарлар

Қандай кун эди-я

9-май “Ғалаба куни”ни Ўзбекистонда нишонлаш Совет вақтидагидек бўлмаса ҳам ҳар қалай номига ўтказилади. Аммо ҳозир бу куни бироз ўзгача ном олган, яъни “Хотира ва қадирлаш” куни дея номланади. Шунга монанд бу кунда одамлар қабрларни зиёрат қилишади.
Лекин ҳеч қанақа тантанали тадбирлар ўтказилмайди. Бармоқ билан саноқли даражада қолган Иккинчи жағон уруши қатнашчилари, ногиронларига президент фармони билан 120 минг сўм миқдорида ёрдам пули бериш ҳақида матбуотда эълон қилинади. Одатда “Хотира куни билан боғлиқ тантаналар зангори экран орқали кўрсатилади.

Сурхондарё аҳли жиддий ташвишда

2009-йил баҳори Сурхондарё вилояти учун ёғингарлик энг кўп бўлган йил бўлди. Деярли ҳар икки куннинг бирида ёмғир шиддат билан ёғиб, қадим замонлардагидек (ҳудудимизда экологик тозалик мавжуд бўлган даврни назарда тутияпмиз) туман ва дўл ёғишларнинг кети узилмай қолди. Шу сабабли ҳам Сурхондарё вилояти аҳолиси орасида Тожикистондаги Сарез кулини тошиб, ёки очилиб кетса, Сурхондарёнинг пастки Афғонистон билан чегарадош районларини сув босиши бор деган миш-мишлар тарқалди.
Бундай хафв ҳақиқатдан йироқ бўлсада одамлар кунглига безовталик тушган. 2009-йил 10 май куни Сурхондарё воҳасида ер силкиниши кузатилмоқда. Қуввати 5 балл атрофида бўлгани такидланган ер силкиниши гарчи жиддий зиён етказмаган бўлсада, сурункасига ёғаётган ёмғир, сел ва қттиқ довул анча ташвиш туғдирди. Кучли шамол айрим иморатларниинг томини улоқтириб ташлади..

Эски ҳокимдан қолган ғалвалар

Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманига Панжи Тангриев ҳоким этиб тайинлангандан сўнг ҳудудда жонланиш юзага келди. Бойсун туманида беш йилдан ортиқ раҳбарлик қилган собиқ ҳоким Эркин Бойниёзов даврида издан чиққан иқтисодий аҳвол яна қайтиб тиклана бошлади. Пора эвазига ғайриқонуний тарқатилган ерлар, сув текин пулланган иморатлар янги ҳокимни ўта оғир вазиятга солиб қўйди. Шаҳарсозлик бутунлай издан чиққан эди.
Ноқонуний қурилган ва шаҳарсозликка зид биноларни буздириш ва тартибга солиш ўта мушкул иш эди. Бу тадбирларнинг ҳар бири жанжалсиз битмасди. Янги ҳоким ҳатто вилоят ҳокимлигидан ўзини қўллаб-қувватлаб туришни, кўмак беришларини сўрашга мажбур бўлди. Собиқ ҳоким Э. Бойниёзов даврида ҳудуддаги асфалт йўлдан бўлак барча мол-мулк талонтараж қилинган, сотилгани сабабли, навбатдаги ҳокимга жанжалдан бўлак нарса қолмаганди.
Юзлаб, минглаб томорқа ерлар ҳоким қарорисиз уй-жой солиш учун тарқатилгани маълум бўлиб қолди. Энди уларни ноқонуний деб топиш, қайтариб олишнинг иложи йўқ эди. Бировдан боғ, бировдан доғ қолади дейишади. Халққа жабр ўтказган бўлак туманга ҳоким этиб тайинланди.

Одил Шамшир.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares