Фарғона вилояти прокуратурасининг, Охунбобоев тумани ички ишлар бошқармасининг тергов бўлими терговчиси, капитан Шариф Зокировга нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан ўтказилган тергов суриштирув амалиёти ўз ниҳоясига етди. Энди Зокировнинг масаласи вилоят жиноят ишлари бўйича суди томонидан кўриб чиқилади. Охунбобоев тумани ички ишлар терговчиси пора олганлик ва ўз ваколатини суйистеъмол қилиш жиноятлари содир этганликда гумонланмоқда.
Ички ишлар капитанига нисбатан тергов ишларининг олиб борилишига, Охунбобоев туманида яшовчи, фуқаро Хусан Турсуновнинг аризаси сабаб бўлган. Аризага кўра, бундан 8 ой муқаддам Шариф Зокиров, Хусан Турсуновнинг ўғли Муҳаммадсолига нисбатан ноқонуний жиноий иш очган ва уни калтаклаб, аслида содир этмагани жиноятига иқрор бўлишига эришган.
Кўзланган мақсадга эришгач, ички ишлар ходими йигитнинг руҳи синиб турганидан фойдаланиб, маълум миқдорда пул ундириб олишни ният қилган ва шубҳасиз қамоққа етакловчи “ишни” бироз енгиллаштириш ваъдаси билан “айбланувчи”дан 400 АҚШ доллари миқдорида пора олган. Аммо, айбланувчидан жабрланувчига айланган йигитнинг яқинларига кўра, “ишбилармон” капитан берган ваъдасини бажармаган.
Бунинг натижасида эса ўзининг “гумонланувчи”га айланишига замин яратган. Турсуновлар оиласи бўлажак суд жараёнидан ниҳоятда умидвор, уларга кўра маҳкама ҳамма нарсага ойдинлик киритиб, беайбю айбдорга айланишига сал қолган ёш йигитнинг оқланишини таъминлайди. “Агарда судда Ш.Зокировнинг айби тасдиқланса, ўғлимнинг ишини қайта кўришларига эришаман”, дейди “Бирдамлик” Фарғона вилоятидаги фаоллари билан суҳбатда Хусан Турсунов.
“Бирдамлик” ҳаракати Фарғона вилояти матубот хизмати



