Тук бола билан оч бола уйнамайди Ёки Дардимизни тинглашмади

Бу йилги баҳоримиз жуда серёмғир келди. Чарво йили бўлди дейишаяпти кексаларимиз. Бу яхши. Бироқ 26, 27, 28 апрель кунлари тинимсиз ёққан ёмғир Пахтакор тумани Пахтакор шаҳрининг Олтинкўл маҳалласи С. Рахимов кўчасида яшовчи аҳолини бесаранжом қилиб қўйди. Уларнинг уй ичларини, ҳовлиларини ва кўчаларини ярим метргача сув босиб кетди. Ҳатто баъзи ҳовли деворлари қўлаш даражасида.
Бу кўча аҳолиси ёрдам сўраб туман ҳокимлигига 28- апрель куни ёмғир ёғаётган пайтда боришган. Пахтакор шаҳар ҳокими А.Саломов меҳнат татилида бўлган. Туман ҳокимлигида эса ҳеч ким уларнинг додига қулоқ солмаган. Ҳоким Э. Саломов ўз жойида бўлмаган. Ночор аҳоли уйларига қайтиб яна бир кунни ўтказишган. Эртаси куни туман ҳокимлигига яна боришган.
Ичкарида кимдир “Падарига лаънат бу аёлларнинг” деб ҳақорат қилганлигини эшитишган. Шундан сўнг улар туман ҳокимининг муовини Мухиддин Мавлановга учрашишган. Мавланов барча ташкилотлар мустақилликга эришганимиздан буён мустақил бўлиб кетганлиги сабабли ҳеч қандай ёрдам беролмаслигини айтгач улар
Пахтакор туман ИИБ га боришган. У ердан ҳам тайинли жавоб ололмагач аёллар Жиззах вилоят ҳокимлигига бориб ёрдам сураймиз дейишгандан сўнг ИИБ ходимларидан бири туман ҳокими Э.Саломовнинг телефон рақамини берган. Номи ошкор қилинишини хоҳламаган аёл телефонда туман ҳокими Э.Саломовга “Эргаш Саломов, биз агар шаҳар ҳокими А. Саломовни тутиб олганимизда тошбўрон қилардик.
Биз бир неча бор А.Саломовга бу ҳолат бўлишини айтганмиз. Ҳозир аҳволимизни келиб кўринг. Уй жойларимиз ўта хавфли ҳолатда. Биз сув ичида қолиб кетдик” деган . Туман ҳокими воқеа жойга етиб келгач аёлларга “Телефонда ким менга чиқди?” деб ўзига мурожаат қилган аёлнинг кимлигини билишга қизиққан. Шу куни туман ҳокими Э. Саломов аҳолига ёрдам берган бўлган.
Эртаси куни эса ҳеч ким, ҳеч қандай ёрдам бермаган. Аҳоли ўз уйларидаги сувни чиқариш учун ҳар бир оила бир кунга 20.000, 25.000 сўмдан пул йиғиб уй ва ҳовли ичидаги сувни кўчага чиқариш учун сув тортиб олувчи машина ёллашган. Сувни торттирдик. Бироқ ҳовлимизни ва уйимизни яна сув босиб кетаяпти дейди ошхонасида резина этик кийиб овқат пишираётган келинни кўрсатиб аёллардан бири.
16 йил бўлди шу жойда яшаётганимга. Илгари бу сувлар манави ариқ билан (кўчадаги ариқни кўрсатиб) зовурга чиқиб кетарди. Ҳозирда эса бу ариқнинг чиқиш жойлари беркитилиб устидан чойхона, магазин ва бошқа нарсалар қуриб ташланган. Натижада сув туриб қолаяпти. Биз кўчага ташиймиз кўчада туриб қолган сув эса ер остидан сизиб яна қайтиб уйимиздан чиқмоқда.
Бу сувда қанча микроб десангиз бор. Чунки бу сувга ҳожатхоналардаги ахлатлар ҳам қўшилиб кетди. Болаларимиз эса бу сувни кечиб пақирлаб кўчадаги ариққа ташишаяпти, сув сизиб ер остидан яна қайтиб чиқаяпти. 5 кундирки уйимиз ва ҳовлимиздаги сувни кўчага ташиймиз. На ҳокимиятдан на шаҳар Санитария-эпидемиология (СЭС) дан биронта одам ҳолинг қалай деб суриштиришгани йўқ.

Эртага касал тарқалиб кетишидан хавотирланаяпмиз. Маҳалла раисимиз эса “хохлаганингга бориб мурожаат қилавер” деб турибди. Энди оҳимизни худога айтиб ундан ёмғир ёғишини тўхтатишини сўраб турибмиз- дейди оналардан бири. Ҳақиқатдан уларнинг охини ким тинглайди? Тинглаши керак бўлган раҳбарлар юмшоққина , иссиққина, қуруққина жойларида ўтириб жимгина кузатиб турса?
Шаҳар архитектура ва қурилишга рухсат берувчи жавобгар шахслар қурилишга рухсат бераётганларида жойларни яхши урганиб юқоридаги муаммолар келиб чиқмаслигининг олдини олишлари зарур эди. Бугун аҳолининг дардига қулоқ солиб, уларнинг фикрларини урганиб Пахтакор шаҳар ҳокими, маҳалла раиси ,оқсоқол билан кенгашиб бу муаммоларга ечим топмаса, эртага кеч бўлиши мумкин!!!…

Саида Қурбон.
Жиззах вилояти
Пахтакор тумани.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares