***
Эврил Тўрон ва Юсуф Жума
шарафига.
***
Ҳайвонот боғи келди шаҳарга,
Катта ва кичик ошиғди кўрарга:
Бунда занжирбанд оёғидан фил,
Қафасда эрур парранда ҳар хил.
Ойна ичинда бир бўғма илон
Тирик ё ўлик, бермайди нишон.
Кафасда йирғиб сакрайди маймун,
Анга шоколад отсалар, мамнун.
Айиқ ухлагай қилиб орқасин,
Тушида, балки, кўриб ўлкасин.
Бўри ҳам ётур хафсаласи йўқ,
На бир шериги, на боласи йўқ.
Янги тутилғон, шекилли, бобур,
Қафасда тинмай нотинч айланур.
Арслон қошида тамоша гавжум,
Ётубди лек ул виқор ила жим.
Ёзувда: ”Гера” лақаби шернинг,
Ва яшар қайси жойида Ернинг.
Ўсмирлар ани қилғай масхара,
Чўплар отурлар, кўргани наъра.
Яна шу янлиғ ҳолатлар эрур,
Ки булар оддий жиҳат туюлур.
Шу кунлари лек, бир куни сахар,
Тарқади шитоб шаҳарда хабар:
Ҳайвонот боғдан арслон қочибдур,
Талай одамни босиб, ғажибдур.
Маҳаллий тиви тасдиқлади ҳам,
Ёлғиз юришни таъқиқлади ҳам.
Айтмади неча лек одам ўлди,
Бу ҳам воҳима боиси бўлди.
Мелиция омон оёққа турди,
Шаҳар ҳокими ҳар ён юғурди.
Ҳайвонот боғин бошлиғи ҳам бор,
Дейди ул нуқул: “Отманг базинхор”.
“Саксон минг доллир турар Герамиз,
Тирик тутингиз, ўн минг берамиз”.
Бир ёқда нотинч Маориф бўлим:
“Керакмас биза ортиқча ўлим!”
Бола-бағчалар ёпилди қарс-қарс,
Мактабларда ҳам тўхтатилди дарс.
Ҳамма эшигин олди зич ёпиб,
Лўм ва болтани қўйишди топиб.
Баланд қаватли домларда эса,
Бўлди биринчи этажга роса:
Биринчи этаж ёпилди яхлит,
Тепа этажлар қулф, қилди хит.
Иккинчи этаж бир-бирига дер:
Қанча баландга сакрай олар шер?
Хуллас, шундайин ўтди тушгача,
Кирди одамлар ин-инигача.
Тушдан сўнг эса бўлди янгилик,
Бўлғон экан иш жуда кулгилик:
Чиндан ҳам очуқ қолибдур қафас,
Чиқибдур андин арслон, ярамас.
Илло узоққа кетмабдиям ул,
Ҳеч кимни ғажиб, титмабдиям ул.
Пирсеп тагида ухлабди ёввой,
Боқувчи кўрмай, қилибди дод-вой.
Ўзиға келди бир оз аҳоли,
Қўрқувдин аста бўлдила холи.
Ҳайвонот боғи очилди яна.
Гера ётибдур жойида, мана.
Шим кийғон ёш бир аёл-қизил лаб,
Беш яшар ўғлин юргай етаклаб.
Шернинг қошида қўлни узотиб,
Ўғилчасиға ани кўрсатиб,
Оғзида беғам чайнабон сақич,
Деди: “Бу ше-е-ер, буям-чи йиртқич!”
.
Бу ҳол қизиқдур асру бегумон,
Минг таассуф лек билмайди арслон:
Топилганин ул эшитмаганлар,
Туни билан ҳам зир титраганлар.
Ёзди Равоний холис бу шеърни,
Масхара қилманг, сиз банди шерни!
***
Андижон.
6.05.2009




