Сирдарё вилояти Оқ олтин туманида Ўзбекистон республикаси президентининг 2008- йил 6 октябрь кунги 3077- сонли Фармойишига биноан мунтазам давлат контрактация шартномаси юзасидан мажбуриятларини бажариб келган фермерларнинг ер майдонлари туман ҳокимлиги томонидан олиб қўйилиши муносабати билан Сирдарё вилоят хўжалик судига мурожаат қилган беш фермернинг даъво аризаси бўйича 24 апрель куни бошланган суд жараёнининг биринчи босқичи ниҳоясига етди.
Судлов жараёнида Ўзбекистон республикаси Хўжалик Процессуал Кодексининг 55-моддасига биноан ўз талаб ва эътирозларини далилий ҳужжатлар билан исботлаб берган фермерларнинг талаб ва эътирозлари инобатга олинмади. Маҳкамада ҳақиқатда “ер участкаси узоқ муддатли шартномасидан “ихтиёрий воз кечиш тўғрисида”ги ариза фермер хўжалиги бошлиғи томонидан ёзилмаганлиги,
туман ҳокимининг ер майдонларини қайтариб олиш, фермер хўжалиги номидан ер майдонларини топшириш тўғрисида ёзилган аризалар “қалбакилаштирилганлиги”, таъкидланган. Даъвогарлар шунингдек, аслида 2008 -йил 30 октябрь куни ижара шартномасини бекор қилиш тўғрида туман ҳокимининг қарори қабул қилингани, шу боис ихтиёрий тарзда тақдим этилгани айтилаётган аризалардаги сана
2008- йил 31октябрь деб қайд этилиши, айнан ўша қарорга мувофиқлаштириш йўлидаги уриниш бўлгани ва бундай ўзбошимчалик ҳаракатлари амалдаги қонунларга зид эканлигини исботлаб беришларига қарамай, бу даъволар суд раиси, Сирдарё вилоят судининг ўринбосари И.Эгамбердиев томонидан эътиборга олинмади.
Натижада суд тўрт фермернинг даъвосини қаноатлантиришни рад қилиш тўғрисида ҳал қилув қарорини ўқиб эшиттирди. Биринчи босқичда мурожаатлари “ижобий” ҳал бўлмаган фермерлар, кейинги босқичлардан умидларини узиб, “адолат ва қонун доирасида иш юритувчи суд ҳокимиятида адолат йўқ экан” деган хулоса билан тарқалишди.
“Бирдамлик” ҳаракати Сирдарё вилоят матбуот маркази.



