Ўринли маслаҳат жазавани уйғотди

Жорий йилнинг 3 май куни Cирдарё вилоятининг Оқ олтин тумани ҳокимлиги ҳузурида фермерлар фаолияти юзасидан йиғилиш бўлиб ўтган. Йиғилишда туман ҳокими К.Сулаймонов сўзга чиқиб, фермерларга қарата «ҳамманг қулоғинга қуйиб ол, ҳеч қайсинг давлат контрактация режасидан, яни пахта ва ғалладан бошқа экин турларини экмайсан, айниқса «полиз» экинларини. Агар “полиз” маҳсулоти экканингни кўрсам, ер майдонингни тортиб оламан”, деб талаб қилган.

Ҳокимнинг дағдағали чиқишидан сўнг сўз олган маҳаллий фермерлардан бири табиат инжиқлиги, баҳорнинг сер ёғин келиши муносабати билан 2009 йил хосили учун экилган ғалла майдонлари «занг» касалига чалинганлиги, зудлик билан олдини олинмаса, эртага ҳосилни йўқотиш хавфи борлиги, бунинг учун керакли бўлган биологик дориларни эса ўз вақтида олишнинг имконияти йўқлигини айтиб, ёрдам беришини сўраган.

Фермернинг бу сўзларини ўзича баҳолаган Оқ олтин туман ички ишлари бўлими бошлиғи подполковник Э.Саидов фермерга қарата: «Сен ҳокимга қаттиқ гапирдинг, кўнглини оғритдинг» дея минбардан судраб тушиб, қўлини орқасига қайириб, худди “хавфли жиноятчига муомала қилгандай” йиғилиш залидан судраб олиб чиқиб кетмоқчи бўлган. Шунда бундай зўравонликка чидай олмаган фермер йиғилганларга қараб, “эй халойиқ, шундай ҳолатларга бефарқ қараб ўтираверасизми, қачонгача чидаймиз”, деб хитоб қилган.

Бунга жавобан йиғилишда қатнашаётган фермерлар бир овоздан туриб, туман ҳокимига ўз норозиликларини изҳор қилишган ва “ҳақиқатни айтиб”, ёрдам сўрагани учун кескин муносабатга дучор бўлган фермерни туман ИИБ бошлиғи исканжасидан қутқариб қолишган. Бу ҳақда “Бирдамлик” фаолларига йиғилишда иштирок этиб, воқеа гувоҳи бўлган фермерларнинг ўзлари сўзлаб беришди.

Айни дамда, “Эзгулик” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти тарқатган хабарга кўра, Сирдарё вилояти Оқ олтин тумани Усмон Носир фермерлар уюшмасида ўтказилган мажлис давомида туман ҳокими Камолиддин Сулаймонов президентнинг 3077-сонли Фармойиши юзасидан судга мурожаат қилган фермерларни бўралатиб сўккан. Бунга жавобан обрўсизланган фермерлардан бири: “ҳоким бува, гўрда ётган онамизни тинч қўйинг” дея эътироз билдирган ва айнан мана шу учун туман ИИБ бошлиғи Эркин Саидов ҳамманинг олдида унинг қўлига кишан солиб, ИИБга олиб кетган. Воқеанинг кейинги тафсилотлари эса, жамиятга маълум эмас.

Аммо жамият маълумотига кўра, ҳоким Камолиддин Сулаймоновнинг илдизи бақувват, унинг катта ўғли Ўзбекистон Адлия вазирлигида бошқарма бошлиғи, укаси Жамолиддин Республика МХХнинг юқори лавозимли мулозими. Куёви Фарҳод Раҳмуталлаев эса Ўзбекистон Парламентининг Қонунчилик палатаси депутати экан. Демак бордию, Бирдамликка етказилган маълумот бўйича, фермер йиғилиш залидаёқ ўз дўстлари ёрдамида ҳимоя қилиб олинган бўлсада, бу ҳаракатнинг эҳтимолий жавоб чоралари бўлиши мумкин.

“Бирдамлик” ҳаракати Сирдарё вилоят матбуот маркази.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares