“Бирдамлик” ҳаракати Cирдарё вилояти бўлими томонидан 1 май халқаро меҳнаткашлар байрами муносабати билан вилоятнинг энг чекка тумани бўлмиш Сардоба тумани Пахтаобод қўрғончасида бир пиёла чой устида «байрам тадбири» ўтказилди.
Тадбирда вилоятимизнинг туман кенгашлари вакилларидан ташқари “Бирдамлик” ҳаракати Сардоба тумани бошлиғи Ёқубжон Чилмирзаев таклифи билан меҳнаткашлар синфининг асосий негизини ташкил этувчи бир гуруҳ фермерлар ҳам катнашдилар. Гарчи байрам тадбирида кўнгил андак бўлса-да ёзиб олиш, бир муддат муаммоларни четга суриб дам олиш назарда тутилганига қарамай, суҳбат давомида оғриқли муаммолар беиҳтиёр тилга олинди.
Хусусан қишнинг қаҳратон совуғида ҳам, ёзнинг жазирама иссиғида ҳам тиним билмай бел букиб меҳнат қилиб, қадоқ қўллари билан туман ҳокимлари томонидан белгилаб берилган режаларни, давлат контрактация шартномалари бўйича зиммаларидаги мажбуриятларни бажариш учун жон олиб, жон бераётган фермерларнинг «иҳтиёрий-мажбурий» тарзда ер майдонлари олиб қўйилиб, сарсон-саргардон бўлаётгани қалбларда изтироб уйғотди.
Халқаро меҳнаткашлар байрами 1 май куни муносабати билан таклиф қилинган фермерлар ўз дилларидаги барча йиғилиб қолган дардларини тўкар экан, муамоларини биздек қўли калта бўлишига қарамай, ширин сўзию жон қулоғи билан тинглаган дардкаш дўстари борлигидан бағоят миннатдор бўлди. 1 май муносабати билан уюштирилган кичик тадбир кечгача давом этди.
Сирдарё вилояти «Бирдамлик» ҳаракати матбуот маркази.



