Ҳаммаси бойчечакдан бошланди. Тинчгина ўтиришганди. Бирдан кўча тарафдан болаларнинг овози эшитилди:
Қаттиқ ердан қаталиб чиққан, бойчечак!
Юмшоқ ердан юмалаб чиққан, бойчечак!
Аброр бўлим механиги, Сиддиқ тракторчи, Қаюм бўлим агрономи, Олим тракторчи – бўлим касаба уюшма қўмитаси раиси уйида эдилар. Олим хотини Хосиятга бир сўмлик узатиб, болаларга бериб юбор, деганди, “О айланай сендан! Ҳа отангни қулоғи сени!..” деб уй эгасининг икки ёшли боласини ўйнатаётган Аброр Хосиятга юзланди: “Мўйинса, айтинг, болалар бу ёққа кирсин!”
Хосият эрига қаради. Қарашида: болалар кирса, хона тўс-тўполон бўлиб кетмайдими?” деган сўроқ бор эди. Мунча эрингизга тикилмасангиз, – деди Қаюм Аброрни қувватлаб. – Оқшом ётганда кўрганингиз етмайдими! Учовлон қийқириб кулишди. Ҳа, бор, бор, чақир, – деди Олим ишшайиб ва шерикларига қаради: “Сизларга гап бўлса бўлди!” Қишлоқнинг ўн, ўн икки яшар ўнтача боласи хона эшиги олдида тик туриб қолишди.
– Бойчечакларинг борми? – сўради Аброр кулимсираб.
– Бор, – дея болалар чуғурлашиб, бойчечакларини кўрсатишди.
Ўтирганларнинг хушнуд ҳолати болаларга далда бўлди. Бунақа давралардан яхши тушум унишини улар билишарди. Шу сабабли шивирлашиб қолишди. Қани, болалар, яхшилаб бойчечак айтсаларинг, кўп пул берамиз.
Болалар жўрликда айтишди.
– Ий-е, – деди Аброр, – Сиддиқнинг ўғли ҳам шу ердами?
– Ҳа, шу ердаман, – деди чуваккина бола.
– Унда сен яхши айт, отангдан кўп пул олиб берамиз, – деди Қаюм, – Аброрга кўз қисиб.
Табиати оғирроқ Сиддиқ, қўймас экансизлар-да, деб тўнғиллади.
Олим: “Э маладес болалар, яхши айтдиларинг!”, деб бир сўм тутди. Болалар уйдан чиқишаётганди, Аброр тўхтатди: – Шошманглар, болалар, шошманглар. Яна бойчечак айтинглар, яна пул берамиз. Сен, Сиддиқнинг ўғли, байтини айт, қолганлар жўр бўлсин.
Сиддиқнинг ўғли баланд овозда айтди:
Бойчечагим бойланди,
Қозон тўла айронди…
Болалар жўр бўлишди.
– Зўр, зўр, – деди Аброр, ва Сиддиқнинг ўғлидан сўради:
– Уйларингга кирдиларингми?
– Йўқ, ҳали борганимиз йўқ, – дейишди болалар чуғурлашиб.
– Ундай бўлса, бориб юришларинг шарт эмас, мана отангдан олиб кетаверинглар пулни.
Болалар тараддудланиб қолишди.
– Отанг ўтакетган хасис-ку, ёнидан пул чиқарармиди, – деди Қаюм. Бола уялиб, ерга қаради.
– Қўйинг-э, Сиддиқ, – деди Аброр, – шунча одамнинг олдида ўғлингизни уялтирасизми? Бари бир уйингизга борганда ҳам шу бир-икки сўмни берасиз. Чиқаринг-да.
Ҳамма Сиддиққа тикилди.
– Майли, майли, бермасам сизлардан қутулмайман, шекилли, – деб Сиддиқ киссасидан бир даста пул чиқарди. Ҳаммаси беш сўмлик экан. Бошқа киссаларини ахтарди, бир сўмлик топилмади. Беш сўмликни бериб юбориш… – Мунча ўйланиб қолдингиз? – деб сўради Аброр. – Беринг-да энди, болаларни куттирмай.
– Ким кассир? – сўради Қаюм.
Ўртадан бир бола сирғалиб чиқди.
– Ол пулини, нияти айниб қолмасдан.
– Ма, – иложсиз қолган Сиддиқ беш сўмликни узатди, – уч сўм қайтим бер.
Кассир қайтим учун киссасига қўл солганди, Аброр қўймади:
– Ийе, Сиддиқ, сиз бунчалар паст кетманг. Пулингиз ўғлингиз билан қайтиб келади.
– Олиб кетаверинглар, болалар, қайтими керак эмас, Ҳаммамизнинг ҳисобимиздан, етадими? – сўради Қаюм.
“Етади”, дея болалар хурсанд бўлиб чиқишди. “Э-э”, деб Сиддиқ уларни тўхтатмоқчи эди, Аброр: “бўлди-да, э, уят!” дея уни ушлади.
– Мунча кўзингиз бесаранжомланмаса, – деди Аброр пиёлаларга ароқ тўлдираркан, биринчи пиёлани Сиддиққа тутди. – Мана, олинг шуни, аламига ютиб юборинг. Нима бўлса бўлди, беш сўм кетди, шунгаям шунчакуйинасизми? Йў-ўқ, – деди Қаюм, – беш сўм кетадию, Сиддиқдай одамлар чидаб ўтирармиди. Бугун кечаси билан ухлай олмайди. Еганиям ўзига татимайди энди. Беш сўм-а! Ҳализакам пулми?
– Э, сиз нима деяпсиз? – Аброр оловга мой қуйди, – Сиддиқ сиз ўйлаган одамлардан эмас, – қоровулдан битта ароқ олмадим, деб ҳисобланг, шу билан беш сўм йўқ. Ё бир сўм бир сўм йиғиб берайликми? – Йўқ, йўқ, сиз Сиддиқни уялтирманг. Яхшиси келинглар, кетар жафосига ҳаммамиз ичайлик. Олим билан хотини уларнинг ҳангомасига кулиб туришганди, Аброр уларниям чақирди:
– Мўйинса, сиз қаёққа? Тўхтанг, бизга шерик бўлинг.
– Тўғри келмайди, – деди Олим. – Ҳомиладор.
– Э, ҳали шунақами? Айтгандай, Шакарбой аканинг хотини келибдими?
– Ҳа, кеча келди.
– Нима кўрибди?
– Ўғил.
– Ўғил! – Аброрнинг кўзлари яшнаб кетди. Ювишга боришимиз керак экан.
– Ҳали чилласи чиққани йўқ, – тўнғиллади Сиддиқ, – нима, бойчечак айтиб борамизми?
– Ростданам бойчечак айтиб борсакчи?
– Кейин Сиддиқнинг беш сўмини ҳам ишлаб, қайтариб берамиз, вах-ха-ха! – Аброр яна пиёлаларни тўлдириб, биринчисини яна Сиддиққа тутди.
– Э, ичмайман! – Сиддиқ терс ўгирилди.
– Аразламанг! Ҳозир бойчечак айтишга чиқамиз, ўшанда тушган пулдан сизга беш сўм ортиқча берамиз. Керак бўлса, ўшанда ит тишлаганининг ҳам ҳақини чиқариб оласиз. Қани кўрсатинг-чи оёғингизни, изи ҳалиям туриптими? – Аброр намойишкорона қўлини чўзганди, Сиддиқ оёғини тортиб олди. Бу воқеа талай йиллар бурун юз берганди. “Бойчечак” айтиб юриб, Мустоқ чўпонникига кириш-кирмаслик устида тортишиб қолишди.
Бири: “чўпоннинг пули кўп, тушум мўл бўлади”, деса, бошқаси итлари ёмонлигини, кириш хатарли эканини уқтирди. Ниҳоят Қаюм билан Аброр борамиз деб туриб олишди. Болалар итлардан қўрқиб, кўча дарвозаси олдида бойчечак айтмоқчи бўлишганди, иккови “сизларга юракдан берган экан”, деб мард бўлиб, ҳовлига бошлаб кирдилар. Аввалига ҳовли жим-жит эди.
Болалар кираверишдаги эшик олдида тўпланишди. Олим “уйга барака!”, деганча томоқ қириб, энди биринчи байтни айтаётганди, Сиддиқ вой-войлаб қолди. Ўгирилиб қарашса, унинг болдиридан чўпоннинг Олапари ғарч тишлаб олган. Болалар нима қиларини билмай қолишди. Яхшиям Мустоқ чўпоннинг ўзи чиқиб қолиб, Сиддиқни итдан ажратиб олди. Кейин билишса,
Сиддиқ: “мабодо ит келиб қолса, биринчи бўлиб қочаман”, деб ҳовлига энг кейин кирган экан. Қўйчи итлар шум бўлишади. Дарвозанинг панасида, қоронғида ётган экан. Ҳамма ҳовлига кириб бўлгандан кейин ўзига яқин турган Сиддиқни шартта… Ростданам бойчечак айтишга чиқсакчи, а?! – деди Олим, ўша воқеани эсларкан. – Энди Мустоқ чўпонникига кирмаймиз.
– Маъқул гап.
– Чиқамизми?
– Чиқайлиг-эй!
– Чиқамиз!
Учови ўрнидан туриб кийина бошлади. Ёнбошлаб ётган Сиддиқ уларни калака қилди:
– Бойчечакларинг йўқ-ку! Ким сизларга пул беради! Учовлон бир-бирига қарашди. Болалар ҳали шу атрофда эдилар. Овозлари қўшни ҳовлиларнинг биридан эшитилаётганди. Олим шошилганча чиқиб кетди. Иккови остонага чўккалади.
– Туринг энди, Сиддиқ, би-ир болалигимизни эслайлик!
– Қўйсаларингчи, қарияни қийнаманглар.
– Нима, яна ит тишлаб олишидан қўрқаяпсизми? Майли, бу сафар сизни энг олдинга ўтказиб қўямиз. Йўқ, бу киши ит тишлагандан йиғлаб қолишдан қўрқади. Катта-матта одам, йиғлашга уялар. Эсингиздами, Мустоқ чўпон кигизни куйдириб келиб босяпти, Сиддиқ бўлса “ва-аа”, деб йиғлайди… Опкелдим, – дея Олим ичкарига кирди. – Тўртта бойчечаклари бор экан, иккитасини олдим.
– Олдин Бегим аканикига борамиз. У кишиниям қўшиб оламиз. (бўлим бошқарувчиси). Бегим ака катта одам, қандай бўлар экан? – Зўр бўлади! Бойчечакчилар бошлиғи Бегим ака эканини билишса, одамлар кўп-кўп пул беришади.Тўртовлон Бегим аканикига боришди. Олимнинг қўлида бойчечак, энг орқада, одатдагидай, Сиддиқ, ноилож уларга эргашиб юрибди. Келишга келишдию, нима қиларини билмай, бир-бирига қарашарди.
– Байт айтишга Сиддиқдан зўри бор эканми, қотиради, айтинг, Сиддиқ норози тўнғиллади.
– Майли, мен айтаман, фақат сизлар жўр бўласизлар, – деди Олим. – Бўпти, бошланг.
Бойчечагим бойланди… Учовлон бир-бирига қарашди. Аброр бошлади:
Қаттиқ ердан қадалиб чиққан, бой…
Ўзидан бошқалар жим турганини кўриб, Аброр ҳам тўхтади: «Эй, сизлар нима, одамни шарманда қилмоқчимисизлар?
– Шошиб қолдик-да, бошқатдан айтинг, энди жўр бўламиз. Олим, сиз яна байт айтинг.
– – Олдин сизлар «қадалиб чиққан…ини айтинглар, байтни кейин айтаман.
– Вой-бўй, байт билар экансиз, мунча нозланмасангиз. Айтинг-да, бизлар бунисига жўр бўламиз.
Олим томоғини қириб, озроқ ўйланди-да, айтди:
Манов уйнинг эшиги заранг экан,
Ичидаги янгамиз гаранг экан.
Яна ҳеч қайсиси жўр бўлмади. Устига устак, оғизларини юмиб, кула бошлашди.
– Сиз ҳам бопладингиз. Олдин пича айтилади, уйдан ҳеч ким чиқмаса, кейин шунақа байт айтилади. Бошқасини айтинг.
Олим яна ўйланиб турди-да, айтди:
Манов ёқдан ой кўрибмиз, ой кўрибмиз.
Ҳамма уйдан шу уйни бой кўрибмиз.
Учовлон бирдай жўр бўлишди.
Телевизор кўриб ўтирган бўлим бошлиғи Бегим ака ҳайрон бўлди. Ҳалигина бир тўдаси бойчечак айтиб келиб, ҳақини олиб кетганди. Нима бало, иккинчи гуруҳи келибдими? Киссасига қўл солди-да. Бир сўм чиқариб, ўн ёшли қизига тутди. Қизи пулни олиб, ташқарига югурди. Ташқарида катта одамларни кўриб, қўлида бир сўмни чўзганча, тўхтади.
Олим тракторчи қўлида бойчечак ушлаб, байт айтар, қолганлар унга жўр бўлишарди. Қизча югургилаб ичкарига қайтди. Кулиб юбормаслик учун оғзини қўли билан бекитди.
– Нима бўлди? – дея сўради Бегим ака, қфизининг қўлида қайтиб келган пулга қараб.
– Бойчечакчилар катта одамлар! Қўлида бойчечагиям бор.
Ҳовлидан Олимнинг овози эшитилди:
Бойчечак айтиб келдик эшигингизга,
Худойим ўғил берсин бешигингизга.
Кейин сен айт, сен айт деган ивир-шивирлар, босиқ кулгу, йўталиш эшитилди. Ҳаммаси жимиб қолишди. Бегим ака баттар ҳайрон бўлиб, ҳовлига чиқди.
– Бошладик:
Қаттиқ ердан қадалиб чиққан, бойчечак.
Юмшоқ ердан юмалаб чиққан, бойчечак!
Бегим ака яқин келиб, ҳаммаси ширакайф эканини сездию, қандай йўл тутишни билмай қолди. Болалари, хотини эшикка тиқилишиб, қизиқиш билан уларни кузатиб туришарди.
– Ё иккита яримта олиб чиқинг, ё пулини.
Бегим ака хотинига имо қилди. Иккита яримтанинг пули чиқарилди.
– Энди ўзингиз ҳам чиқинг, Шакарбой аканинг ўғлини ювишга борамиз.
Бегим ака иккиланиб қолди.
– Чиқаверинг Бегим ака, кўрмаяпсизми, булар мениям судраб чиқишди, – тўнғиллади Сиддиқ.
– Янга, бу кишининг тўнини олиб чиқинг, биз билан бойчечак айтишга боради.
Бешовлон йўл-йўлакай дўкон қоровули Товбой акадан иккита ароқ олиб, Сиддиқнинг қўйнига тиқишди.
– Собирниям олсак-чи, – деди Бегим ака.
– Воҳ, яшанг! Курка товуқлари бор, Биттасини олиб, қозонга босамиз.
Собир ҳам Шакарбой ака қатори бригадирлардан бири. Эрта ухлашга ётган эканми, уйидаги чироқлари ўчган. Бойчечак айтувчиларнинг овозини эшитгач, киссасида қолган тангаларнги олиб, майка-калта иштончан ҳолда эшикни қия очди-да, қўлини чўзди.
– Қўрқмасдан чиқаверинг.
– Собир Қаюмнинг овозини эшитиб, ҳайрон бўлди. Эшикни бутунлай очиб, ташқарига чиқди. Қўлидаги тангалар ерга тушиб, жиринглаб кетди.
– Шимингизни кийиб чиқинг-э! Уялмайсизми?
Собир даккидан шошиб, ичкарига қайтди-да, хотинини туртди:
– Тур, хотин, бойчечакчилар катта одамлар экан.
Шундоқ ҳам эрининг ҳаяллаб қолганидан гумонсираган хотини тура солиб, деразадан ташқарига қарадию, шошиб қолди: – Шу кишиларнинг олдига шу аҳволда чиқдингизми? Вой, мен ўлай! Вой менгина ўлиб қўя қолай, шарманда бўлдим. Эртага уларнинг қўзига қандай қарайман. – Хотин кўзларига ишонмай, яна деразадан мўралади. – Вой, мен ўлиб қўя қолай.
– Дийдиёнгни қўйсангчи, каллангни ишлат, – Собир аччиқ билан шивирлади, шимини кияркан. – буларга нима берамиз?
– Билмасам.
– Беш-ўн сўм ол.
– Собир кийиниб, пул кўтариб чиққанди, Бегим ака тўхтатди.
– Бизга курка керак, курка.
Биргалашиб, товуқхонага ўтишди. Собир биттасини ушлаб, Қаюмга тутқазди.
– Ўзингиз ҳам битта олинг, – деди Бегим ака.
Ноилож қолган Собир яна битта куркани ўзи кўтариб чиқиб, уларга эргашди. Тўғри Кўчим бухгалтерникига, кейин Шакарбой аканинг ишчисиники Умматникига ўтиб, уларни ҳам ўзларига қўшишдими. Вақт ярим кечага яқинлашганда бир тўп бўлиб, бойчечак айтиб, Шакарбой бригадирникига кириб боришди.
Абулқосим Мамарасулов.



