Мовий тоғлар қўшиғи

Инсон ва табиат

Манна анча йиллардан бери Зомин тоғларининг энг хушҳаво жойида барпо этилган “Ўрикли” дам олиш зонасида, “Ёш ижодкорлар”нинг анъанавий Зомин семинарини ўтказиш одат тусига айланди. Мамлакатимизнинг турли томонларидан ташриф буюрган ижодкорлар анжуманига нега шу жой танланди? Бундай жойлар бошқа вилоятларда йўқми?

Бунга биринчи сабаб, бу ташаббусни биринчи бўлиб Жиззах вилояти ҳокимлиги кўтариб чиққан бўлса, иккинчидан, бу ернинг табиатини Швецарияга тенгалаштиришади. Ҳикоямиз шу ҳақида бўлади. Бир вақтлар “Жиззахчўлқурилиши” ҳудудий бошқармасига қарашли “Ўрикли” дам олиш зонасига энг яқин қишлоқ ун бир километр масофада жойлашган.

Тўғрироғи, “Ўрикли” пансионатигача чўзилган катта сой этагидаги бир қанча қишлоқлар шу ном билан аталади. Қишлоқлар ўрикзорлар билан қопланган. Бошқа мевали дарахтлар ҳам бор, албатта. Лекин энг кўпи ўрик дарахтларидир. 1979- йилда Зомин сойининг энг охирги қишлоғидан 11 километрча юқорида, чангалзорлар билан қопланган тор даррада қурилиши ишлари бошланди.

Зилол сув мавжланиб оқиб ётган катта анҳор ёқасидаги тор сўқмоқ йўлининг айрим жойларини портлатишди, бўлдозерлар билан текишлашди. Шундай қилиб анҳорнинг икки томони одамларнинг мириқиб дам оладиган жойига айланди. Пансионат 1981 -йилда ишга тушди. Пансионатга анча йиллар директорлик қилган Мирзаширин Мирзаюсупов Зомин тоғларининг ўзига хос табиати, ўсимлик ва ҳайвонат дунёси ҳақида ажойиб гапларни гапириб берган эди.

У киши директор бўлиб ишга келган 1984 -йилда “Ўрикли” ташландиқ бир ҳолатда эди. Иккита котеж уй ҳали битмаганди. Унинг олдида бир тоннадан ортиқроқ шиша синиқлари уйилиб ётарди. Илгариги директорлар, “хашарга борсам кетади, қимирласам куним ўтади” қабилида иш тутиб, бу ерда бирон иш қилмай кетворишган эди. Мирзаширин Мирзаюсупов эса Зоминда туғилиб ўсган.

1968- йилда Ленинобод Давлат педагогика институтини тугатганидан сўнг, 1979 -йилгача Зомин тумани марказидага собиқ В.И.Ленин номи мактабда ўқитувчилик қилди кейин Ульянова (ҳозирги Даштобод) шаҳридаги 136-қишлоқ ҳунар-техника билим юртида тарбиявий ишлар бўйича директор ўринбосари вазифасида ишлади. 1984 -йилда “Ўрикли” пансионатига директор этиб тайинланди.

Янги директор биринчи навбатда ишни пансионат ҳудудини ободонлаштиришдан бошлади. Мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтказди. Ўрик, олма, шафтоли, қўлда экилган арча дарахтлари яхши ривожланди. Директор атайлаб Қримдан олиб келган сосна дарахти кўчатлари кўкармади. Уни чими билан ўтказгандагина кўкариши мумкин экан. Дастлаб экилган 200 туп ток кўчати салқин таъсирига дош бера олмай қуриб қолди.

Чинор дарахтлари ҳам яхши ривожланмоқда. Ўрик пишиқчилиги июнь ойида ниҳоясига етади. Бу ерда эса ўрик сентябрь-октябрь ойларида пишади. “Ўрикли” дам олиш зонаси денгиз сатҳидан 1800 метр баландликда жойлашган. Қишда кечаси совуқ, кундузи иссиқ бўлади. Ёзнинг энг иссиқ кунлари 23 даражадан ошмайди. Қалин қор ёғади. Тоғларда арчанинг тўққиз хили мавжуд.

Бундан ташқари бодом, қорақанд, зира, наъматак сингари шифобахш, кийик ўти ва бошқа турли хил доривор ўсимликлар ўсади. Дастлабки пайтларда “Ўрикли”да ҳар бири 10 кишига мўлжалланган 13 та коттеж биноси, 8 та кемпинг (фин уйи) 12 ўринли иккита ётоқхона, 12 ўринли иккта меҳмонхона барпо этилган эди. Ётоқхоналардан биттаси оилалиларга мўлжалланган.

Хизматчилар учун эса учта ётоқхона ва битта тиббиёт пункти қурилиб, фойдаланишга топширилган.
“Ўрикли”да дам олиш мавсуми май ойидан бошланиб, сентябр ойининг охирларида ниҳоясига етади. Мавсумда ўрта ҳисобда 2-3 минг киши дам олиш имкониятига эга бўлади. Лекин бу хуш ҳаво жойда дам олишни истовчилар жуда кўп. Мавсумда хизматчиларнинг сони 50 кишидан ошиб кетади. Қишда эса 10 тагача одам қолади.

Тоғнинг хилват бир жойида беш ойча ошпазлик қилишни хоҳлайдиганлар кам топилади.
Телевидение тўлқинлари бу ерга етиб келмайди. Кечқуринлари ғарибгина ёзги кинотеатрда фильмлар намоий этиб турилади. Пансионатнинг юқори қисмидаги чўққига кичгина телестанция қурилса, фақат пансионатдагилар эмас, балки қуйида жойлашган қишлоқлар аҳолиси ҳам телевизион эшиттиришлардан баҳраманд бўлган бўлишарди.

Муаммолар ҳам йўқ эмас. Дам олишга ота-оналари билан келган болаларнинг ўйнаб-овунишлари учун майдонча йўқлиги сабабли, улар тоққа урмалаб қолишади. Тоғларда эса кутилмаган ходисаларга дуч келиши ҳеч гап эмас. “Ўрикли” табиатини Швецарияга ўхшатиш мумкин. Бунинг сабаби нимада деган савол туғилиши мумкин. Бунга ҳам директор Мирзаширин Мирзаюсуповдан қониқарли жавоб олганмиз.

У кишининг таъкидлашича, Зомин тоғларида ҳидли арчаларнинг бир нечта хили мавжудлиги учун ҳам бу ернинг табиатини Швецарияга ўхшатишади. Дунё бўйича ҳидли арча Швецария билан Зомин ва Бахмал тоғларидагина ўсади. Жаҳоннинг бирон жойида бундай ҳидли арчага дуч келмайсиз. Директор кўп нарсаларни билади.

Унинг айтишича, инқилобдан илгари Зомин ва Бахмал ўрмон хўжалиги ходимлари арчаларни горат қилганликлари учун Николай пошшонинг “Фахрий ёрлиғи”ни олганлар. Немис-фашист босқинчилари билан уруш кетаётган йиллари Зомин арачаси ғалабанинг тезлашишига хизмат қилган. Ҳозирги “Ўрикли” пансионати жойлашган жой атрофидаги арча дарахтларини кесишиб, бу ердан оқиб ўтаётган катта анҳор сувида оқизишган.

Арча кундалари Зомин тумани марказининг тепароғидаги махсус жойгача оқиб келган. Ўша ердан араваларга юклаб Обручева (ҳозирги Даштобод шаҳри) станциягача ташиб келишган. Арча кундалари поезд ўтхонасида кўмир ўрнини босишган. Кесиб олиб кетилган арча дарахтларидан қолган кундалар ҳозир бу ерда ёқимсиз манзара кашф этиб, ҳамон сақланиб турибди.

Ҳозир бу ердаги арча дарахтлари “Қизил китоб”га киритилган. Зомин тоғларининг Супа номи билан аталган энг баланд жойида Гуралаш деган жойида ҳидли арчалар ўсиб ётган маккон бор. Арчалар бу ерда ниҳоятда қалин ўсади. Директорнинг айтишича, бу ердаги ўсиб ётган арчалар 500-600 ёшга кирган. Арча экилмайди, балки донидан кўпаяди. Шамол таъсирида тукилган арча дони ўзига маъқул жойида кўкаради.

Масалан арча тагига тушган дони кўкармайди. Арча дони қирқ йилда кўчат ҳолига келар экан. Ривоятларда айтилишча, арча минг ёшгача умр кўрар экан. Агар минга кирса, бир кечада ўз-ўзидан ёниб кулга айланаркан. Анзур пиёз, зира, кийик ўти ҳам “Қизил китоб” га киритилган. Бу доривор ўсимликлар шундоққина кемпинг ва коттеж уйлари атрофида ўсиб ётибди.

Дам олишга келганлар зирага қирон келтираяпти. Уни қайчи билан юқори қисмидан қирқиб олиш керак. Лекин одамлар уни томири билан суғуриб олишмоқда. Бир галл пансионат хизматчилари оромгоҳдан чиқиб кетаётган машинани тўхтатишда. Машина багажи томири билан суғуриб олинган зирага тўла эди. Машина эгаси қорин солган, юзлари қип-қизил одам, пансионат ходимларининг бунчалик хуноб бўлаётганларига сира тушуна олмайман.

Тоғларни қоплаб ётган зираларни худонинг ўзи яратиб қўйган бўлса. Манави одамлар эса худди жин чалгандек бақириб-чақириб ётгани нимаси. Бақалоққа томири билан суғуриб олинган зира қайта кўкармаслигини тушунтириш қийин. Афсуски, бу ерга келувчиларнинг 50 фоизи бу ерга хордик чиқариш учун эмас, балки маишат қилиш, ўсимликлар дунёсини горат қилиш учун келишади.

Уларга Карши курашиш эса доимо кийин кечади. Тоғда лоланинг баргига ўхшаган мандал деган ўсимлик бор. Уни аввал қайнатиб, кейин укропдек майдалаб тўғраб сариқёғга қовуриб танавул қилинса, ички аъзоларга чинакам даъводир. Айниқса, ошқозон дардида қийналаётганлар бундан шифо топиши шубҳасиз. Сукунат қаърига чўмган тоғлар, мовийлиги, улуғворлигича қолаверади.

Унинг қошида умрлар бир фурсат ичида ниҳоясига етади. Токи инсон бу заминда яшар экан, табиат гўзаллиги ва бойлигини авайлаб-асраш унинг муқаддас бурчи бўлиб келган. Бурчга хиёнат қилиш эса хойинликдир.

Абдулфайз Баротов. I-гурух ногирони, журналист.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares