Бугун Навоий вилояти туманларида кўп қаватли иморатларда истиқомат қилаётган айрим одамларнинг кайфияти тушкун. Ҳукумат қарори билан кўп қаватли турар-жой биноларида “ноқонуний” қурилган қулайликлар бузилмоқда. Кейинги йилларда туманлардаги шаҳарсозлик ва архитектура ишларига унча эътибор берилмай келинаётганди.
Одамлар ўз эҳтиёжлари учун ўзлари истиқомат қилаётган турар-жой массивларида зарурат туғдирган майда товуқхона, молхона, тандирхона, чўчқахоналарни қуриб олдилар. Натижада шаҳар типидаги масканлар кўримсиз харобага айланди. Кармана туманидаги Ширин қўрғони Фарҳод маҳалласида яшовчи Ҳафиза Собированинг таъкидлашича,
ноқонуний қурилмалар сабаб маҳаллага на тез ёрдам машинаси ва на бошка транспорт воситалари кира олган. Эътиборсизлик сабаб ёнғин бўлганда ҳам ўт ўчириш машинаси кира олмагани туфайли, маҳалла одамлари ёнғинни ўз кучлари билан ўчиришган. Қизилтепа туманидаги Ўзбекистон маҳалласи раиси Малика Раҳматованинг айтишича, иморатларни бузиш осон кечгани йўқ.
Ҳар куни маҳаллада милиция, СЭН ходимлари, ҳокимлик вакиллари, туман архитектори ва маҳалла раислари ҳамкорлигида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Аммо, Ўзбекистон маҳалласида яшовчи, ўз исмини айтишни истамаган фуқаронинг айтишича, одамларнинг эътирози ҳақли. Туманлардаги кўп қаватли иморатларда сув қувурлари ва аҳлат ташланадиган қувурлар ишламаслиги сабаб,
одамлар ҳожатхона, ҳаммом ва баъзида бошқа зарурий қурилмаларни турар-жойлари биноси ёнида ўзлари қуриб олишга мажбур бўлган. Кармана туманининг Сардоба маҳалласидаги ётоқхона олдида пайдо бўлган майда қурилмалар ҳам бузилди. Ётоқхонада яшовчи оилаларнинг айтишича, улар истиқомат қилаётган бино қурилганидан буён бирор марта таъмир қилинмаган,
унда зарурий имкониятлар мавжуд эмас, шу боис ҳам яшовчилар ўзлари учун ўзлари омонатгина бўлсада айрим қулайликларни яратиб олган эди, энди бу қулайликлар яна йўқ бўлди.
Маҳалла раиси Омонулло Бердиевнинг таъкидлашича, яшаш учун яроқсиз бўлган бу ётоқхона таъмирига жорий йилда ҳукумат маблағ ажратган. Ана шу ажратилган маблағ эвазига бинода аввалдан мавжуд бўлмаган қулайликлар яратилиши ва ишдан чиққан қувурлар тўла созланиши нақадар кафолатлангани ҳақда аниқ гап йўқ.
Вилоятнинг ҳар бир туманида “ноқонуний” қад ростлаган қурилмалар бузилиб, ўрнига болалар майдончаси ва бошқа маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчалари қурилиши лойиҳалаштирилмоқда.
“Бирдамлик” ҳаракати Навойи вилоят матбуот хизмати



