“Бирдамлик” албатта ҳокимиятга келади

“Бирдамлик” ҳаракати ташкил этилганига 5 йил тўлди.

Мухолифатдаги ҳаракатлар ичида нозўравон кураш усулига урғу берадиган “Бирдамлик” ҳаракати айни шу жиҳати билан бошқалардан ажралиб туради. Ўзбек мухолифати номидан иш кўрадиган саноқли партия ва ҳаракатлар (”Бирлик”, ЭРК, “Озод деҳқонлар”) каби “Бирдамлик” ҳам асосан хорижда ўз фаолиятини жонлантирган.

Лекин мухолифатдаги бошқа сиёсий ташкилотлардан фарқли равишда фақат “Бирдамлик” Ўзбекистон ичида ҳам ўз фаолиятини ривожлантириб бораётгани кўзга ташланади. Бу ҳаракат кейинги уч -тўрт йил орасида кўпчилик мухолифат вакиллари эътиборига тушди, сабаби мамлакат ичида ва хорижда бўлсин, фақат “Бирдамлик”гина қувғинга учраган ва таҳлика ичида яшаётган кишиларга ўз ҳисобидан моддий ва маънавий кўмак бериб келмоқда.

Ўзбек мухолифати ҳаракатлари ичида келажакда нимадир қила олишига ишонган кўплаб мухолифат фаоллари “Бирдамлик” атрофида бирлашмоқдалар. “Бирдамлик” ҳаракати ва Баҳодир Чориев номлари бир- бирига чамбарчас боғлиқдир. 1969 йилда Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабс туманида туғилган Баҳодир Чориев оғир – вазмин, мулоҳазакор йигит .

“Бирдамлик” етакчиси бизни саволларимизга ўз табиатига хос вазминлик ва мулоҳаза билан жавоб берди.
Юсуф Расул: – “Бирдамлик” ҳаракати қандай шароитда юзага келганди?
Баҳодир Чориев: -Ҳаракатни тузишдан асосий мақсад адолатсизликлар билан боғлиқ эди.
“Бирдамлик” 2004 -йилда 10 апрель куни Тошкент шаҳрида ташкил этилганди. Асосий мақсадимиз мухолифатдаги партияларга қўлимиздан келганча ёрдам қилиш эди. Мухолифат фаоллари олдинига ҳаракатимизни жиддий қабул қилишмади. Шунга қарамай мамлакатни келажаги учун шундай ҳаракат зарур деб бу ҳаракат фаолиятини кучайтирдик.

Мақсадимиз – мухолифат бирор бир ягона лидер атрофида бирлашса биз ҳам уни қўллаб – қувватлаб, мухолифат фаолиятига ҳисса қўшиш эди. Аввалига, 2005- йилда тузилган Ўзбекистон Демократик Конгрессига қўшилиб, бу ташкилот атрофида мухолифатни бирлаштиришга ҳаракат қилдик. Афсуски, бу ташкилот атрофида кўп тушунмовчиликлар бўлди.

Шу сабабли биз ўз позициямизни ўзгартириб, барча кучларни “Бирдамлик” атрофида фаолият юритишга ҳаракат бошладик ва бу мақсадга озми – кўпми эришдик ҳам. Ҳаракатимиз АҚШда 2006- йилнинг июнь ойида рўйхатдан ўтди. 2008- йил декабрда Швецияда, яқинда эса Норвегияда рўйхатдан ўтдик. Айни пайтда “Бирдамлик” бўлимлари
Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятида ва айрим туманларида, ҳамда Қорақалпоғистонда тузилган.
Ю.Р.: -”Бирдамлик” мухолифатдаги бошқа ҳаракатлардан фарқли равишда нозўравонлик йўли билан кураш усулини танлаган. Бунинг сабаблари нимада?
Б.Ч.: -Нозўравонлик кураш усулининг энг самарали ва энг юқори поғонаси мулоқот йўлидир. Мухолифат билан, ҳукумат билан мулоқот шулар жумласидандир.Мақсадимиз ҳамма билан тенг мулоқот қилиш ва бағрикенглик. Бу ютуқларимиз калитидир. Тўғри, бошқа демократик мухолиф гуруҳлар ҳам нозўравон кураш йўлида ҳаракат қилмоқда.

Бизни улардан фарқимиз шундаги, биз нозўравон курашни Ўзбекистон шароитига мос ва хос бўлган кураш усулини ишлаб чиқдик. Бу Ўзбекистондаги диктатура шароитида ишлаш йўлларидир. Ҳукуматни нозик, оғриқли жойлари жуда кўп. Биз мана шу оғриқли жойларни янада оғритмасликка ҳаракат қиламиз, шу билан ўзимизга ҳам ишлаш учун шароит қидирамиз.
Ю.Р.: – “Бирдамлик” танлаган нозўравон кураш усули ҳозирги диктатура шароитида қанчалик самарали бўлади, деб ўйлайсиз?
Б.Ч.:- Жуда катта самара беради. Ҳар битта қилаётган фаолиятимиз ўзига яраша дилеммадан иборат. Биз доим мана шу дилеммадан фойдаланамиз. Бағрикенглик бу том манода жуда катта мардликдир. Бизни мақсадимиз Ўзбекистонда ҳозирги шароитда режимга билиб -билмай хизмат қилаётган барча инсонларни бизга бўлган ишонишларини қозонишдир.

Биз келажакда уларни ҳеч бирига биз томонимиздан зўравонлик, ноҳақлик ёки бошқа босимларга йўл қуйилмаслини тушунтираяпмиз. Ўзбекистон – бу халқники. Шундай экан биз ҳозирги амалдорларга халқни ажралмас бўлаги сифатида қараймиз. Уларни ҳурмат қиламиз.

Ю.Р.: -”Бирдамлик” ҳаракатининг вилоятлар ва айрим туманларда бўлимлари фаолият кўрсатмоқда. Уларни эркин ишлашларига тўсқинликлар йўқми?
Б.Ч.: – Ҳаракатни бўлимларига нисбатан кичик тазйиқлар бўлиб туради, аммо ишлаш учун шароит бор деб ҳисоблайман.
Ю.Р. :-Беш йил давомида “Бирдамлик” ўз олдига қўйган қайси мақсадларига эришди?
Б.Ч.: -Бу вақт давомида аввалом бор “Бирдамлик” Ўзбекистон мухолифати ичида энг кучли сиёсий гуруҳга айланди. Ҳаракат шу вақтгача ҳеч шахсдан ва давлатдан моддий маблағ олмасдан фаолият олиб бормоқда. Беш йил давомида “Бирдамлик” ўзини кураш йўлини ишлаб чиқди ва бу кураш йўли самара бериб келмоқда. Ўзбекистон ичида қўлидан келгунича хайрия ишларини ташлик қилиб борди.

Бошқа давлатларда юрган мухолифат фаолларига анчагина моддий ёрдам қилиб келди. Бир қанча нозўравон курашга оид китоб ва фильмларни таржима қилиб, нозўравон кураш усулини бойитди. Ҳаракатни ўз байроғи, логоси ва рамзи бўлган оқ ранги бор. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда деярли асосий мухолифат гуруҳлар “Бирдамлик” сафида фаолият қилмоқда ёки ҳаракатга нисбатан хайрихоҳ.
Ю.Р.: -”Бирдамлик” мухолифатдаги ҳаракатлар ва партияларни қайсилари билан яқин ҳамкорликда иш олиб бормоқда?
Б.Ч.: – Биз фақат мухолифат партиялар аьзолари билан иш олиб боряпмиз. Мухолифат лидерлари ҳали ҳам отдан тушсалар ҳам эгарда қабилида ўзларини тутишяпти. Бу улар учун келажаги ҳалокатли йўл. Улар аввалом бор ҳаммага бағрикенглик қилишлари керак эди. Афсус ундай бўлиб чиқмади. Шу сабабли улар хафа бўлса ҳам ташаббусни ҳар томонлама қўлга оляпмиз.
Ўзбек халқи мана қарийб 20 йил азобда кун кечирмоқда. Энди ҳозирги лидерлар орқасидан мухолифат ва халқ эргашмайди. Ҳамма нарсани боши билан охири мавжуд.Ўзбекистонда мухолифат учун жуда яхши шароитлар мавжуд эди, афсуски мухолифат лидерлари бундай шароитдан унумли фойдалана олмади. Биз эса аксинча фаолиятимиз учун шарот қилишга ҳаракат қиляпмиз.
Ю.Р.: -Мухолифатга лидерман деяётганлар мана 19 йилдирки ўз вазифаларида муқим туришибди. “Бирдамлик” раҳбари сифатида сиз бу вазифада неча йил турасиз?
Б.Ч.: – Менимча бу жуда катта хатолик. Буни исботлаш учун мен билан ишлаётган фаолларимиздан сўраб кўриш маъқулдир. Мен Ўзбекистонни келажакда ҳамма томондан илғор давлат бўлишини жуда ҳам истайман. Буни учун халқимизга қўлимдан келгунича хизмат қилишга ҳаракат қиламан. Менимча вақт ўтиши билан инсонларни ҳам фикри ўзгариб бораверади.
Ўзбекистонда “Бирдамлик” ҳаракатини Қурултойи ҳалигача ўтгани йўқ. Насиб этса, Қурултой ўтса, Низом бўйича иш кўрилади. Низомдан белгиланган муддатда фаолият олиб бормоқчиман. Ҳозир ҳаракатни ичида лидерликка лойиқ анчагина кучли фаоллар бор. Албатта келажакда шу инсонларни бири лидер бўлиб, раҳбарликни давом эттиради. Шахсан ўзим Низомдан чиқмасдан фаолият юритиш тарафдориман, бошқаларни ҳам шунга чақираман.
Ю.Р.: -Ўзбек мухолифатини келажакда нималар кутмоқда, деб ўйлайсиз? Мабода Каримов турли сабаблар билан ҳокимиятдан кетса Ўзбекистонда ҳам Туркманистондаги каби ҳолат такрорланмайдими?
Б.Ч.: -Бу ҳозирги кунда мухолиф эккан уруғ ва уни ҳосилига боғлиқ. Кучли мухолифат ҳукуматга келса кучли ислоҳотларни амалга ошириши мумкин, бўлмаса ҳозирги вақтга ўхшаб бир – бирини ёмонлашдан нарига ўтолмайдилар. Шахсан мен ишонаманки, “Бирдамлик” сафидаги мухолиф гуруҳ албатта келажакда ҳокимиятга келади ва кучли ислоҳотлар ўтказаиб Ўзбекистонни ҳамма томондан ривожлантира олади.
Ю.Р: -Ўтмишдаги мухолифат йўл қўйган қайси хатоларни такрорламаслик керак, деб ўйлайсиз?
Б.Ч..: -Мухолифат йўл қўйган хатолар биз учун катта мактаб бўлди. Албатта бу хатоларни такрорламасликка ҳаракат қиламиз.
Ю.Р. Келажакда халқимиз бир вақтлари “Бирлик”ни қўллаганликлари каби “Бирдамлик”ни ҳам қўллаб, унга эргашишлари учун имконият борми?
Б.Ч.: -Очиғи жамоатчиликни “Бирдамлик” фаолиятидан унчалик хабари йўқ. Биз ишонамизки келажакда халқимиз бизни, биз эса халқимизни қўллаймиз
Имкониятлар секин – асталик билан келади.
Ю.Р. -Самимий суҳбатингиз учун ташаккур! Сизни ҳам “Бирдамлик” ҳаракати ташкил этилганлигининг беш йиллиги муносабати билан “Янги Дунё” мухлислари номидан чин қалбдан табриклайман!
Б.Ч.: – Раҳмат!
www.yangidunyo.com

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares