Қўшнилар билан гурунглашиб ўтиргандик. Икки ён қўшниларим иккаласи ҳам паспортларини йўқотишганлигини яхши билардим. Бирининг ўғиллари оналарининг паспортларини 28 минг 400 сўм жарима тўлаб тўғрилаб келишибди. Буни эшитган иккинчи қўшним эса боқувчисини йўқотганлиги учун ёлғизгина ўғлига тўланаётган нафақа пулини олиши билан қайта паспорт тўғрилаш учун Пахтакор туман ИИБ сининг паспорт столи бошлиғининг олдига чопган.
Пахтакор туман паспорт столи бошлиғи Салоҳиддин исмли йигит билан учрашдим- дейди қўшним. Паспортимни йўқотганлигимни айтдим. У керакли документларни тўғрила келишимни, яъни топилмалар идорисидан “ қидираётган паспорт бизда йўқ” мазмундаги ва яшаш жойидан маълумотномалар кераклигини айтди. Мен Салоҳиддин айтган ҳужжатларни тўғрилаб юрган вақтимда.
Мен каби паспортини йўқотиб қўйиб яқингинада 28 минг 400 сўм жарима тўлаб паспортини тўғрилаб олган қўшнимнинг маслаҳати билан “маҳалладан кам таъминланган оила рўйхатида туради” мазмундаги маълумотнома ҳам олиб бордим. Қўлимдаги ҳужжатларни кўргандан сўнг “опа энди 68.000 сўм жарима тўлашингиз керак” деди.Тарвузим қўлтиғимдан тушиб кетди.
Менда шунча пул йўқлигини, кам таъминланганлигим тўғрисида маълумотнома олиб келганлигимни айтдим. “У бошқа иложи йўқ” деб жавоб берди. Ёлғизгина ўғлим учун ҳам ойига шунча нафақа олмайман. Қўлимда у талаб қилган пул йўқлиги учун қайтиб келдим. Қачон шунча пул тўпласам шунда бораман. Қизиқ- дейди қўшним- иккаламизнинг ҳам ҳолатимиз бир хил-ку нима учун жарима икки хил сўммада тўланаркин- а?
Яқингинада паспортининг амал қилиш муддатидан 8 ой ўтиб кетганлиги учун Азиза исмли қўшни қиз 28 400 сўм жарима тўлаганлигини билардим. Дарвоқе қизиқда. Паспортининг амал қилиш муддати ярим йил,бир йил ўтиб кетганлар ҳам 28 минг 400 сўм, паспортини йўқотиб қўйиб қайта тўғрилаганларнинг баъзилари ҳам 28 минг 400 сўм жарима тўлашибдию қўшним бечоранинг гуноҳи нима эканки 68 000 сўм жарима тўларкин?
Тушунмадим. “Каловини топсанг қор ёнади” деган гап бор. Билишимча гап шу каловини топишда. Қўшнимнинг бири каловини топиб 28 400 сўм жарима тўлаб паспорт тўғрилаб олган. Содда қўшним нима учун бир ҳолатга икки хил жарима солинади деб бош қотириб юрибди. Каловини топиш керак қўшнижон, каловини.
Саида Курбон.



