Самарқанддан келаётган хабарларга кўра, шаҳар бозорлари ва бозор атрофларида ноқонуний равишда ташкил этилган дея кўрилган савдо нуқталарини олиб ташлаш жараёни кетмоқда.
Мамлакатда ишлаб чиқариш соҳаси анчайин оқсаган ва кўплаб корхонлар ўз фаолиятларини тўхтатишга мажбур бўлган шароитда савдо-сотиқ аксариятнинг кундалик нон топиб ейиш манбаига айланган. Бошқа томондан бу бозор ва савдо ерларида тартиб ва санитария қоидаларига амал қилинаётганлигини таъминлаш ҳаракатлари сифатида ҳам талқин этилади.
Лекин айтилишича, бу жараёнлар бир қатор норозиликларга ҳам сабаб бўлган. Маҳаллий Инсон ҳуқуқлари фаоли Комил Ашуров:
Комил Ашуров: Самарқанд бозорларини санитар ҳолатларини яхшилаш ва ҳозирги кун талабига жавоб берадиган даражага келтириш…Бозорнинг реконструкцияси ҳалигача кетияпти. Бир неча йилдан бери у ердаги хусусий дўконларни олиб ташланиши натижасида одамларнинг, сотувчиларнинг норозиликлари кўп келиб чиққан. Бизга ҳам аризалар билан мурожаат қилганлар. Текшириш натижасида шу маълум бўлдики, ҳақиқатдан ҳам давлатнинг катта дастури ташкил қилинган. Шунинг учун «Сиёб» бозорида босқичма-босқич реконструкцияси кетияпти, эски дўконлар бузилиб, ҳозирги талабга жавоб берадиган катта-катта бинолар қуриляпти,
лекин ўша одамларнинг савдо дўконини четроқдан тақсимлаб бераяпти, бермаяпти эмас лекин, берияпти. Кўплари бунга норози ҳам бўляпти. Иккинчи масала, Самарқандда «Дамариқ» бозорчаси бўларди, у жуда кичкинагина бозор, микрорайоннинг бир четида…охирги йилларда ўша бозор жуда ҳам каттариб кетди. Шу даражжага етдики, шу ҳатто, «дом»ларнинг ўртасида ҳам одамлар савдо қила бошлашди. Одамларнинг юриши ҳам, чиқиши ҳам қийин бўлиб қолди. Санитар ҳолат ҳам ёмон бўлиб қолди. Шунинг учун, 500-600 метр нарида бир қурилиш корхонаси бўларди, ўша жойга «Дамариқ» бозорини олиб ўтдилар.
Албатта, кимни дўкони бўлса, ҳужжати бўлса, ўрнига ўрин бериляпти. Лекин, бозорларни талаб ва таклиф нуқтаи-назаридан қарайдиган бўлсак, одамларни ўзлари белгилашлари керак эмасми? Қаерда осон, қулай бўлса, қаерда одамлар савдо қилишни афзал билсалар, ўша ерда савдони уюштириб бериш имконини қидириш мақсадга мувофиқроқ эмасмикан?
Комил Ашуров: Бу айтган гапингиз жуда ҳам тўғри. Аслида, оддий халқ учун деҳқон бозори керак. Ўша деҳқон бозори кичкина бўладию, лекин ўшанинг атрофида жуда кўп хусусий…ўз-ўзидан эмас, ўшаларга ҳокимиятлар ҳам қандайдир одамларни қўшиб, қандайдир имкониятларни топиб, кичик-кичик дўконлар ясайдилар. У дўконлар қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан савдо қилмайди. Шунинг ортидан бозор кичрайиб қолди.
Би-би-си: Мана шу Сиз айтаётган омилларни ўша ерда дўконлари бор одамларга неқадар тушунтира олишди ва улар буларни неқадар қабул қилишди? Ёки норозиликлар бўлдими?
Комил Ашуров: «Дамариқ» бўйича ҳам бир иш билан шуғулланган эдик. Кейин бизларга «Сиёб» бозори бўйича кўплаб ишлар тушган эди. Ман ўзим бир нарсага ҳайрон қоламан-да, ҳокимиятларнинг ўзлари йўл берадилар мана шунақа дўконларга. Тоза деҳқон бозори бўлса агар…Масалан, Самарқандда «Мармар» бозори бор, жуда ихчамгина…Энди ҳаммаси улар ҳаммаси олиб сотарлар, нархлар озгина қиммат бўлса ҳам, лекин яқингина. Нима учун ҳокимиятларнинг ўзи бозорлар атрофида мана шунақа дўконларни кўпайишига рухсат беради?
Би-би-си: Балки одамларни мамлакатдаги иқтисодий шароит шунга мажбурлаётгандир? Масалан, ҳукумат иқтисодни йўлга қўйиб, кўпроқ бошқа турдаги иш ўринларини яратса, одамларда мана шунақа тартибсиз савдо нуқталарини ташкил этишга ҳожат қолмас?
Комил Ашуров: Мустақил бўлганимиздан бери завод-фабрикаларнинг камайиб кетиши, умуман йўқ бўлиб кетиши…Самарқандда йўқ, бирорта завод-фабрика қолгани йўқ аслида. Албатта, кимнинг белида куч бор, шароити бор четга бориб, мардикорчилик қилиб, оиласини боқаяпти. Самарқанддаги бозорларнинг бирортасида деҳқонни кўрмайсиз, деҳқонни сотишга қўймайдилар ҳам. Шу эрталаб деҳқон бирор нарса олиб келса, йўлдан уриб олиб, бир нарсани бериб рози қилиб, кейин ўзлари ўтирадиган эрталабдан кечгача.
www.BBCuzbek.com



