2002- йилда вилоятнинг янги ҳокими Убайдулла Яманқулов янги ташаббус билан чиқиб, кўча оқсоқоллиги тизимига асос солди. Жиззах вилоятидаги барча туман шаҳар ва шаҳарчалардаги маҳалла фуқоролар йиғинлари қошида кўча (даҳа) оқсоқоллигига муқобил номзодлар қўйилгани ҳолда сайловлар бўлиб ўтди. Вилоят “Жиззах ҳақиқати” газетасида кўча оқсоқоллари Низоми чоп этилди.
Вилоят ҳокимлигидан вакиллар келишиб, сайловларда иштирок этишди, ўзларининг қимматли маслаҳатларини беришди. Катта довруқ билан бошланган бу ташаббус кенг қанот ёза бошлади. Ташаббусни республикада қўллаб-қувватловчилар ҳам топилди. Энди вилоят бўйича кўча (даҳа) оқсоқоллигига қанча киши сайланди ва уларни рағбатлантириш манбаси тўғрисида фикр юритсак.
Аввалига энг кам иш ҳақининг бир бараваридан ортиқроқ миқдорида ойлик маош белгиланди. Моддий рағбат ўз самарасини бера бошлади. Кўча оқсоқоллари енг шимаришиб ишга киришиб кетдилар. Майли улар яйраб-яшнаб ўз вазифаларини бажариб туратурсин, биз эса баъзи бир фактларни таҳлил қилиб кўрсак. Масалан, вилоятнинг Зарбдор туманига қарашли биргина Бўстон шаҳарчасида 4 та маҳалла фуқоролар йиғини фаолият кўрсатади.
Ҳар бир маҳаллада аҳолисига қараб ўртача 4-5 тадан даҳа мавжуд бўлиб, ҳар бир даҳага биттадан кўча оқсоқоли тўғри келади-ю. Демак, аҳолиси 8000 кишидан сал ортиқроқ бўлган шаҳарчада камида 20 та кўча оқсоқоли фаолият кўрсатиши лозим экан. Буни туман миқиёсида кўпайтирсак қанча бўлади? Вилоят миқиёсидачи? Вилоят тасарруфида эса 12 та туман ва Жиззах шаҳри мавжуд.
Ҳар бир туманда аҳоли сонига қараб маҳаллалар ташкил этилган. Демак, вилоятда ўрта ҳисобда 1250-1300 нафар кўча оқсоқоллари ишлаши лозим бўлар экан-ю уларга энг кам иш ҳаққи миқдорида ойлик маош тўланган тақдирда ҳам, бунга анча-мунча маблағ талаб қилинади. Хуллас дастлаб янги ташаббус кенг қулоч ёзиб, кўча оқсоқоллари ўз ҳудудларининг чинакам хўжайинларига айланишга ҳаракат қилардилар.
Баъзи кўча оқсоқоллари нақ вилоят ҳокимининг ўзига ташаббус билан чиқишга ҳаракат қиларди. Анна шундайлардан бири шаҳарчадаги “Наврўз” фуқоролар йиғинига қарашли кўча оқсоқоли Ўрозбой Маматқулов эди. Ўрозбой Маматқуловнинг ёши етмишларга яқинлашиб қолганига қарамай, ўта ишчан ва жасоратли киши эди. Маҳалладаги С.Рахимов ва Ҳ.Олимжонов номли кўчаларда яшайдиган 70 нафар хўжалик тасарруфида бўлган қария вилоят ҳокими У.Яманқулов билан бўлган бир галги учрашувда газ муаммосини кўтарди.
– Вилоят ҳокими сизлар менинг кўз-қулоғим, энг яқин ёрдамчим бўласизлар, – деб катта ишонч билдириб турганида, нега энди муаммоларни кўтармаслигимиз керак экан, – деди у ҳамкасбларига. – Баъзиларингизга ҳайронман. Йиғилишларда “мум тишлаб” ўтирасизлар. Орқадан эса булбул бўлиб сайрайсизлар. Сен аввал гапир, талаб қил, гапинг кўчада қолса, сўнгра томоғинга зўр бер.
Мен газ босими камлигини дангал кундаланг қилиб ўртага қўйдим. Талабим қондирилди, 300 метрлик ўртача босимдаги газ қувури улаб беришди. Ўрозбой Маматқулов вақтида шаҳарчани оқар сув билан таъминлаш масаласи билан ҳам шуғулланган. Шаҳарчага 3 километрча наридан ўтадиган каналдан лоток ариғи орқали оқар сув олиб келинган эди.
Анна шу сув мотор ёрдамида темир қувурлар орқали шаҳарчанинг чека-чекасигача етказиб берилаётганлиги сабабли, дов-дарахтлар гуллаб-яшнаётган эди. Афсуски, анна шу мотор бир кечада гумм қилинди. ўғри эса топилмади. Тўғриси, ўғрини жон кўйдириб излайдиган одамнинг ўзи йўқ эди. Натижа шу бўлдики, сув йўқлигидан дарахтлар қурий бошлади.
Қуриб қолган дарахтларга қўшиб, яшнаб турганини ҳам кесиш бошланди. Қисқа вақт ичида юзлаб, минглаб дарахтлар кесилиб кетди. Кўча оқсоқоллари шаҳарнинг кўркига путур етказаётган режасиз қурилишларга ҳам эътиборларини қарата бошлаган эдилар. Бундай мақтовли гапларни шаҳарчадаги “Янги обод” маҳалласи кўча оқсоқоли Рустам Туратов, “Дўстлик” маҳала, 2-даҳа оқсоқоли Мусурмон Бутаев,
“Сувчи” даҳасининг оқсоқоли Исмат Абдусаматов, “Шодлик” маҳалласига қарашли “Тинчлик” даҳаси кўча оқсоқоли Жамшид Гулназаров ҳақида ҳам айтиш мумкин эди. Улар ўз даҳаларидаги тўпланиб қолган кўпгина муаммоларни ҳал қилишдан ташқари, пахта чопиғи ва йиғим-терими ишларида ҳам фаол иштирок этишди. Айниқса, пахта йиғим-теримда маҳалла раисларига уларнинг ёрдамлари жуда асқотарди.
Аҳолини теримга сафарбар қилиш, уларнинг иш ҳақларини ундириб бериш сингари масалаларни ҳам кўча оқсоқолари қойилмақом қилиб адо этишди. Бундан ташқари кам таъминланган оилаларга, ногиронларга нафақа, моддий ёрдам пуллари берилишида маҳаллаларга таклифлар билан чиқишиб, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилардилар.
Тозалик ва ободонлаштириш ишларида ҳам кўча оқосоқолларининг хизматлари ўз самарасини кўрсата бошлаган эди. Бир гап билан айтганда, бу тизим бурилиш давридан муваффақият билан ўтиб, ёрқин уфқ уларга юз кўрсатаётгандек эди гўё. Аммо кўп ўтмай бу ёрқин уфқ хира парда орасига буркана бошлади. Чунки кўча оқсоқоларига ойлик маош тўлаш муаммоси тўлалигича ҳал этилмаётганди.
Вилоят бюджетидан бу тизимни молиялаштиришга ҳеч қандай асос йўқ эди. Туман ҳокимликлари даставвал ташкилотлар, муассалар, хўжалик ва фермерларга “солиқ солиб” бу муаммони ҳал қилишга уриниб кўрдилар. Бу усул ўзини оқламади. Чунки, курпани бошига тортса оёғи, оёғига ёпса боши очилиб қолаётган кўпгина ташкилот ва фермерларга бу оғир юк бўлиб тушди.
Кейин байрамларда оқсоқолларни бир ерга тўплаб, бир пиёла чой устида уларни ҳам моддий ҳам маънавий томондан рағбатлантириш чораларини ҳам кўришди. Аммо қулдан берганга қуш тўймас деганларидек, бу чоралар ҳам ўзини оқламади. Бундай хўжа кўрсинга қилинган саховатпешалик қайтага оқсоқолларнинг хафсаласини пир қила бошлади.
Анна шунда вилоят ҳокими барча кўча оқсоқолларини газ ва энергия тўловларидан озод қилиш ҳақида туман ҳокимларига топшириқ берди. Вилоят ҳокимининг бу саховатидан кўча оқсоқолари беҳад руҳланиб кетдилар. Чунки коммунал тўловлардаги чалкашликлар, орасидан келиб чиқаётган ғурбатлар барчанинг жонига тегиб кетганди. Коммунал тўлов йиғимларида шунақанги пала-партишликлар, найрангбозликлар кўп эдики, унинг охирига етиб бўлмасди.
Светнинг ҳар куни 2-3 марта ўчиб туриши оддий ҳолга айланганди. Газ масаласида ҳам аҳвол шундай эди. Газ тармоқларини таъмирлаш баҳонасида, газ бериш баъзан бир неча кунга тўхтатиб қўйиларди. Бу орада ортиқча сарф-ҳаражатларга йўл қўйилмаслик учун шундай йўл тутиларди. Газнинг ҳам, светнинг ҳам бўлар бўлмасга учаверишга барча ўрганиб қолганди.
Баъзан ўрнатилган газ ҳисоблагичлар, газ босими пасайиб кетганидан уни ўтказмай кўпчиликни хит қиларди. Анна шунда, ҳеч бўлмаганда милтираб ёнаётган газдан ақали чой қайнатишда фойдаланишни истаганлар дардисар газ ҳисоблагичлардан воз кечишарди. Бу эса ўз навбатида назоратчиларга жуда қўл келарди. Улар ўйлаб ўтирмасдан ўртача тўлов сўммасини мижознинг гарданига босиб кетаверишарди.
Бу кўпчиликка залворли юк бўлиб тушарди. Ўрта тўлов жабрини тортаётганларнинг қарзлари афандининг ёшидек компьютер миясида ўзгармай замбаракнинг ўқидек бўлиб тураверарди. Бунинг тагига етаман деганлар охири-оқибатда мияси ачиб, барига қўл силтаб кетишга мажбур бўлишарди. Газ-свет тўловларидаги анна шу чалкашликлар кўча оқсоқолларининг ҳам жонига тегиб кетганди.
Шунинг учун улар бу янгиликни шод-хуррамлик билан кутиб олишиб, яна шитоб билан ишга киришиб кетдилар. Лекин уларнинг қалбига бир нарса хижиллик солиб турарди: қўлларида газ-свет тўловларидан озодлиги тўғрисида бирон ёзма асос йўқ эди. Баъзилари бу фикрларни йиғилишларда айтиб қолгидек бўлса, маҳалла раислари, “бунга манна биз кафолат берамиз” – деб кўкракларига муштлардилар.
Газ-свет мутасаддилари эса, ўз ишларини секинлик билан ими-жимида бажаришарди. Улар ҳар эҳтимолга қарши оқсоқолларнинг қарзларини компьютер миясига жойлаб қўяверардилар. Бир гал туман электр тармоқлари корхонаси бошлиғи тантилик қилди. Кўча оқсоқолларига коммунал тўловларининг бир қисмидан кечганлиги ҳақида уларга ишонч коғози берди.
Иш яхши кетаётган эди. Кейин эса У.Яманқуловнинг Жиззахдаги ҳокимлик фаолияти якун топди. У киши ишдан кетганидан сўнг, кўча оқсоқолари учун имтиёз коммунал тўловлар масаласи қайтадан кўтарилди. “Сизлар учун мен кафилман, чунки мен ҳокимнинг шу ердаги вакилиман”- деб кўкрагига урган маҳалла раисларининг ҳам овози ўчди.
Газ ва свет мутасаддилари эса, оқсоқолларнинг бир неча йилдан бери тўпланиб қолган қарзларини ундириш учун, уларнинг ишини судга оширди. Ҳозир суд департаментининг ижрочилари бу масалани ҳал қилиш учун қаттиқ киришганлар. Яхши ниятлар билан кўтарилган бу ташаббус охир-оқибатда кўча оқсоқолари учун кунгилсизлар олиб келди.
Ким билади, балки У.Яманқулов ишлаб турганида бу ишни охирига етказган, кўча оқсоқолларини сақлаб қолган бўлармиди. Яна ким билади дейсиз ?
Абдулфайз Баротов.
I-гурух ногирони, журналист.




