РАУФ ПАРФИНИНГ «ЛАЙЛО» ҚЎШИҒИ

Рауф Парфии ҳақида мақола ёзиш хаёлимда ҳам йўқ эди. “Муштум” журналининг 1990- йил 22-сони қўлимга тушиб қолди. Унда Рауф Парфи ва унинг шогирди Аъзам Ўктам суҳбатини ўқидиму қўлимга қалам олдим. 1964-65 йиллар эди. Рауф Парфи шеъри билан айтиладиган “Лайло” қўшиғи ниҳоятда машҳур бўлиб кетган…

Қўшиқ тарихидан эса кутилмаганда воқиф бўлганман. Тошкентдан Самарқандга поездда келардим. Рўпарамдаги ўриндиқда сариқ плашли қиз ўтирганча, мендек поезд деразасидан узоқ – узоқларга тикилиб борарди. Вагоннинг шифтига ўрнатилган радио аввал бир оз қитирлаб турди-да, сўнг қўшиқ бошлаб юборди. Дастлаб, билмадим, қандай қўшиқ ижро этилди.

Сўнг “Лайло” янгради. Иккимиз ҳам ялт этиб, радиокарнайга қарабмиз. Дадахон Ҳасанов фарёд солар, биз эса қўшиқнинг залворли юки остида сув бўлиб, эшитиб ўтирардик. Қўшиқ тугади. Гўё у бизнинг айбимиз билан тугаб қолгандек, иккимиз ҳам ўнғайсизландик. Сиз бу қўшиқ тарихи ҳақида бирон нарса биласизми? –деб сўраб қолди қиз.

Билмайман. Умуман, қўшиқнинг қандай тарихи бўлиши мумкин. Рауф Парфи ёзган, Дадахон Ҳасанов айтган. Тўғри, жуда таъсирли қўшиқ. Бу қўшиқ унинг ўз ҳаёти ҳақида, – деди қиз ишонч билан. – Рауфнинг тиззасидан пасти икки оёғи ҳам йўқ. У Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетини тугатган. Бу қўшиқни биринчи марта ўзи куй басталаб ижро этган.

Миямга чақмоқ урилгандек бўлди. Демак, қўшиқдаги сўнгсиз илтижолар бежиз эмас экан-да. Лайло унинг севган қизими? Уни ташлаб кетганми? Йўқ, улар бирга яшашияпти, – дея бухоролик Сайёра исмли йўлдошим менга Рауф ва Лайло ҳақидаги қайғули, айни пайтда қўшиқдек жарангдор муҳаббат қиссасини айтиб берди…

Кейинчалик уларнинг машаққатли саргузаштларини ҳикоя қилиш мақсадида бир неча марта қўлимга қалам олдим. Ниҳоят ёздим ҳам. Бу менинг ҳикоячиликдаги биринчи тажрибам эди. Кейин яна ҳикоялар ёздим. Лекин оғирлик қилди, шекилли, бу ташвишни бошимдан соқит қилдим. Хуллас қизиғи шундан кейин бошланди.

Ҳикоя “Севган қалб ҳарорати” сарлавҳаси остида 1965- йили ўзим ишлаётган Пайариқ туман “Коммунизм байроғи” газетасида босилиб чиқди. Ҳикоядан вилоятдагилар ҳам хабар топишибди. Газетанинг қишлоқ хўжалик бўлими мудири Нормўмин Эгамназаров ҳикояни қозоқ тилига ўгирди-да, Қозоғистоннинг қай бир газетасига жўнатиб юборди.

Ҳикоя биринчи шахс тилидан баён қилинган эди. Ҳозирги Челак шаҳри марказидаги 25-ўрта мактаб ўқитувчиси Эркин Музаффаров ҳикоям асосида икки пардали тўрт кўринишли пьеса ёзди. Пьеса Челакдаги маданият уйида муҳокамага қўйилди. Зал одамга тўлиб кетган. Эркин Музаффаровга аввал сўз берилди.

У саҳнага чиқиб, пьеса менинг ҳикоям асосида ёзилганини айтиб, “бу пьесани азбаройи ҳурмат билан дўстим Рауф Парфига бағишлайман”, деди. Рауф узоқда, ҳеч нимадан хабари йўқ. Кейин менга сўз беришди. Нима ҳам дердим, қўшиқ таъсуроти, бухоролик Сайёра исмли қиз… Хуллас, пьеса қўйиладиган бўлди.

Бу орада мен янада машҳурроқ бўлишни истаб, ҳикоядан нусха кўчирдим-да, “Шарқ юлдузи” журналига юбордим. Яхши эсимда, журналнинг ўша йилги қайсидир сонида Рауф Парфига оқ йўл тилашган эди. Журнал саҳифасидан бизларга мўйловли, муғулбашара йигит тикилиб турарди. Эркин Музаффаров суратга тикилиб турди-да, тўнғиллади:

“Бу иккала оёғидан ҳам ажраган одамга сира ўхшамайди”. Кейин “Шарқ юлдузи”дан жавоб олдим: “Ҳикоянгиз анча эҳтирос билан ёзилган. Аммо Рауф Парфининг икки оёғи ҳам бор-ку. Уни оёқсизга чиқариб, хафа қилиб қўйиш мумкин… Салом билан Носир Фозилов”. Хатни олиб, Эркин Музаффаровга бордим. Пьеса қолдирилди.

Кейин кутилмаганда Рауф Парфидан хат келди. “О дўстим! – деб ёзарди Рауф Парфи. – Соғлигингиз, ишларингиз жойидами? Сиз ҳақингизда менга Носир Фозилов гапириб берди. Ҳикоя эҳтирос билан ёзилган, деди. Агар малол келмаса, ҳикоя эълон қилинган газетадан бир нусха юборсангиз. Мендан аҳвол сўрасангиз, о, мени биргина умид сақлаб турибди.

Кўпдан кўп қарзлар… Нима қилишимниям билмайман…” Унинг манзили аниқ ёдимда қолган. Янгийўл тумани, Ҳамроқул Турсунқулов колхози. Мен унга жавоб ёздим. Лекин газетани юбормадим. Уни хафа қилиб қўйишдан чўчидим. Хуллас, биз ёзишиб турдик. Унинг хатларига қараганда яшаш шароити оғир эди. Пул йиғиб унга юбормоқчи бўлдик.

Унинг сурати ва шеърлари босилган журнални кўтариб олганимизча, кўпроқ Челакдаги магазинчи ё буфет мудириникига кирамиз. Журнални очиб, тушунтиришга ҳаракат қиламиз: “Мана бу расмдаги чиройли йигитга қаранг. Келажакда дунёга машҳур шоир бўлади. Лекин бечоранинг ҳозирги аҳволи чатоқ. Қарз бўп қопти.

Агар ҳозир уни шу қарздорликдан қутултириб олмасак, келажакда Ўзбекистон бизни кечирмайди”. Сотувчи расимга калласини қийшайтириб бир оз тикилиб туради-да, хо-холаб кулади:” ОББО азаматлар-эй! Яримта ичишнинг йўлини зап топибсизлар-да. Ҳой, Уммат, манна бу акаларингга яримта оч…” Хафа бўлиб жўнаб қоламиз…

Челаклик ўқитувчи Толиб Раҳматовнинг бир гапи эсимда: “Самарқанд Давлат университетининг тарих факультетида сиртдан ўқирдим. Филология факультетида Тошкентдан келган ёш шоирлар билан учрашув бўлади. Шоир Рауф Парфи ҳам келган, дейишди. Ўша ёққа чопдим. Зал лиқ тўла. Навбат Рауфга келганда залда ўтирганларнинг ҳаммаси гувв этиб, унинг оёғига қарашди. У эса ҳеч нарсадан бехабар, минбарга чиққа солиб, шеър ўқий кетди. Учрашув тугаб, ҳамма чиқаётганда мен эшик олдида Рауф Парфини пойлаб турдим-да, қўлтиғидан ушлаб силкитдим. Унинг эсхонаси ўйнаб кетди, лекин оёғида маҳкам турди…”

Кейин ҳикоя таҳрир қилиниб, “Бир севги қиссаси” номи остида Самарқанд вилоят газетаси “Ленин йўли”да босилди. Унда Рауфни Илёс деб ўзгартирганман. Яна бир воқеа: Ўша пайтлари Самарқандда ишлаган драматург Машраб Бобоев бир куни Рауф Парфининг қалин жилдли шеърлар қўлёзмасини олиб келиб қолди.

Мен Рауфнинг “Абдуллажон марсияси”, Қрим бору, қримликлар йўқ” ва бошқа кўплаб ажойиб шеърларини ўша қўлёзмада ўқиганман. Менинг шумлигим тутиб, дафтарнинг биринчи бетига “Дўстим Абулфайз Баротовга камоли эҳтиром билан ушбу дафтаримни ҳадя этдим. Рауф Парфии”, деб ёзиб қўйдим. Машраб Бобоев бу ёзувни кўриб, жинни бўлай деди, мени сўка-сўка, хонадан отилиб чиқиб кетди…

Рауф Парфи билан ҳеч қачон учрашмаганмиз. Мендан ёзувчи чиқмади. Ўртамиёна журналист эдим. Ҳозир пенсиядаман. Яна бир воқеа: 1991 йили «Халқ сўзи» газетасининг Жиззах вилоятидаги ўз мухбири Абулқосим Мамарасулов саъй-ҳаракати билан ушбу ҳикоям “Халқ сўзи”нинг 1991 йил 8 феврал сонида “Мен Рауф Парфи ҳақида нималарни биламан!” номи билан босилиб чиққандан сўнг шу газетанинг

1991 -йил 6 июнь сонида Қутби Носир қизининг “Овоз бер, ёшлик!” мақоласи эълон қилинди. Қутби Носир қизининг эслашича, Рауф Парфининг “Лайло” қўшиғи талабалар шаҳарчасидаги ётоқхонада яралган. Рауф шеърга мослаб рубобини тангиллатиб, ўзича хиргойи қилиб юрарди. Сўнг куйга Фозилжон Усмонов қўшилди. Унинг овози чўзиқ, ёқимли, дардли эди.

Дадахон Ҳасанов эса унга профессионал ёндашиб, куй-қўшиқни авж нуқтага олиб чиқди. Кейин бу қўшиқни кўплар айтди. Аммо ҳеч бири Фозилжон ва Дадахончалик меъёрига етказа олмади, – деган эди Рауфнинг курсдоши Айдер Осман. Ким нима деса десину, биз бу қўшиқни илк бор курсдошимиз Фозилжон Усмонов ижросида эшитганмиз, – деб хотирлайди Қутби Носир қизи.

– Фозилжон қўлтиқтаёққа суянган барваста йигит эди. Аммо… биз ундан ногиронлиги сабабини сўрамасдик, сўрай олмасдик. Шўх, йўқ ердан кулги топа оладиган хушчақчақ, қизларга ҳазиллашадиган йигит эди. Қизлар ҳам унинг қўпол ҳазилларини кўтаришарди. У файласуф эди. Тенгдошларига мавлоно деб мурожаат қиларди. Самимийлиги сабаб кўплар билан тил топишиб кета оларди.

Гоҳо асабий эди. Шундай пайтлари курсдошлар иложи борича уни хафа қилмасликка тиришиб, кўнглига қарашарди. Фозилжон қўшиқ айтармиш, шундай айтармишки… – дея хотирлашда давом этади Қутби Носир. – Курсдошларимдан бу таърифни кўп эшитганман. Аммо ўзим гувоҳи бўлмаган эдим. Учинчи курсда Сирдарёга пахтага чиқадиган бўлдик.

Автобусда ўтирган Фозилжон Усмоновни кўриб ҳайронмиз. “У ҳам пахтага борармиш…” Автобус талабаларнинг қий-чувини бошига ортмоқлаб, йўлга тушди. Фозилжон Усмонов қўлтиқтаёқларига таяниб, ўрнидан турди. ”Лайло” янгради.
Яна пайдо бўлдим йўлингда,
Йўлларингда яна бўзлади-и-им.
…………………………………………………
Ҳисларимни йўлларингга маржондек сочай, Лайло!
Агар ишқимни рад этсанг, қайларга қочай, Лайло!
Қутби Носир қизи бухоролик Сайёранинг гапида жон борлигини айтиб, аммо у Рауф билан Фозилжонни адаштирганини таъкидлайди. “Лайло” бор овози билан, бор қисмати билан Фозилжон Усмоновники эди. Бу қўшиқда дард бор эди, ва бу дард Фозилжоннинг дарди билан ҳамоҳанг эди. “Лайло” ҳар янграганда Фозилжоннинг овозида қанот қоқиб учар, ёшларни энтиктирар, афсоналар яратар эди.

Ўша йиллари “Лайло” ёшларнинг энг севимли қўшиғига айланган эди.
Қутби Носир қизи менинг мақолам сабаб кўплаб курсдошларини хотирлаган: Эркин Комилов, Санжар Содиқов, Бойбўта Дўстқораев, Умрзоқ Ўлжабоев, Ойдин Ҳожиева, Жуманиёз Ниёзметов… Умр оқар дарё. “Лайло”нинг кучли таъсири сабаб биринчи фарзандим қиз туғилганда исмини Лайло қўйганман.

У ҳозир қирққа кириб қўйди. Мен мазкур мақолада тилга олган аксарият кишилар бугун бу фоний дунёни тарк этиб улгуришди. – Худо уларни ўз раҳматига олган бўлсин! – Аммо “Лайло” ҳамон қайта ва қайта ёш санъаткорлар тилида ёшларнинг севимли қўшиғи бўлиб қоляпти.

Абулфайз БАРОТОВ,
кекса журналист.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares