Cуверин жиноятчилар.

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти
БИЛДИРИШНОМАСИ

Адолат ва одил суд бўлмаган шароитда
давлат қароқчилар тўдасига айланади
Августин Аврелий
Демократияни топтаётган суверен жиноятчилар
“Ўзбекистон Республикаси суверен демократик давлатдир”, бу – Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 1-моддаси. Демократик тартиб нафақат фуқаро давлатни (аниқроғи, унинг қонунларини) ҳурмат қилишини, балки давлат ҳам (аниқроғи, унинг мулозимлари) ўз фуқаросини, яъни унинг барча ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилишини талаб этади.

Шу сабабли демократик давлат икки буюк қадрият, – адолат ва одил суд, – устига қурилади. Ҳозирги пайтда мамлакатимизда беҳисоб инсонлар айнан давлат идораларида содир этилаётган адолатсизликлар ва одил суднинг найрангларидан инграмоқдалар. Шуларнинг бири Жиззахлик Меҳрибек Ҳошимовдир.

Унинг сабри ва бардошига қойил қолмасликнинг иложи йўқ. “Ҳошимов Меҳрибек” фермер хўжалиги (ф/х) эгаси Меҳрибекнинг таъкидлашича, Жиззах тумани ҳокимлигининг 2002 йил 17 июлдаги №835к қарорига асосан Ш.Рашидов номли ширкат хўжалигидан 14 гектар суғориладиган ер берилган.

Шу қарорнинг 2-бандига ўзгартириш киритилиб, мазкур ҳокимликнинг 2003 йил 29 сентябрда чиқарилган №920 К қарорига кўра Равот қўрғонидаги Йилқичилик ишлаб чиқариш ширкат бирлашмаси ҳудудидан Меҳрибекга ўттиз гектар лалми ер майдони қўшиб берилган. 2004-йил 13-июл куни

“Ҳошимов Меҳрибек” ф/х.нинг ўтказилган йиғилиши баённомаси ҳамда қарорига асосан 14 гектар суғориладиган ер ҳокимият заҳирасига қайтариб топширилган. Жиззах туман ҳокимлигининг 2009 йилги 29 декабр № 920 К қарорига асосан берилган 30 гектар лалми ер майдонини ўлчаб бериш, барча тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш туман

Ер расурслари бўлими ходимлари ва қарорнинг амалга оширилишини назорат қилишни эса туман ҳокимининг 1-ўринбосари Суннат Ўроқовнинг зиммасига юклатилганлиги кўрсатилган. Бироқ, мазкур давлат мулозимлари бу қарорнинг бажарилишини назорат қилмаганлар, ўзларига ишониб юклатилган вазифани бажаришмаган.
Натижада хўжалик томонидан фермерга ажратиб бериш зарур бўлган 30 гектар ер майдонидан 24 гектари ажратиб берилган, холос. Ф/х раҳбарининг айтишича, бундай маъсулиятсизликдан “унумли” фойдаланган хўжалик раҳбари С.Сойибназаров 30 гектар ер майдонининг 6 гектарини фуқаро А.Мадиевга сотиб юборган.

Меҳрибек ўзига тегишли 24 гектар ер майдонининг туман ҳокимлиги томонидан белгилаб берилган рухсатномасига асосан 10 гектар ер майдонига кузги бўғдой экиш учун ўзига тегишли бўлган жойга борганда хўжалик раиси 6 гектар ерни сотиб юборганлиги маълум бўлади. Фермер қолган ерига ғалла экиб планини бажарган бўлса-да.

Бироқ 2004 йил 20 февралда туман ҳокимининг (бу пайтга келиб С.Ўроқов ҳокимлик лавозимига кўтарилган) №1723 сонли қарори чиққан.Ушбу қарорда: «ф/х ерни узоқ йилга ижарага олганлиги тўғрисида шартнома қилмаганлиги ва йиллик планнини бажармаганлиги сабабли “Ҳошимов Меҳрибек” ф/х ёпилсин”, дейилган асоссиз иддао келтирилган.

Ф/х раиси бу қарорнинг бутунлай ноқонуний эканлигини исботлаб берган, яъни қўлида ерни узоқ муддатга ижарага олганлиги тўғрисида шартнома мавжудлигини кўрсатган. Бундан ташқари, ф/х 2003 йил 29 сентябрда очилиб, 2004 йилнинг 20 февралида ёпилаяпти, яъни у фақат олти ой, – куз ва қиш ойлари, – фаолият кўрсатган.

6 ой ичида ҳеч қандай иш қила олмаслигини (чунки Меҳрибек ерни экин-тикин ишлари тугагач олганлигини, кейинги йилги ишлар ҳали олдинда эканлигини) кўрсатиб ўтгач, ҳоким ўзи чиқарган бу қарор нотўғрилигига ақли етиб қолса-да, фермердан узр сўраш ўрнига уни (қарорни) бутунлай йўқ қилган.

Бироқ ёмон ниятидан қайтмаган: у худди шу номер билан, худди ўша мазмунда, фақатгина санани ўзгартириб, яъни 2004 йил 30 декабр санаси билан қарор чиқариб, иккинчи бор хўжаликни ёпади. Сохта қарор чиқариш, уни бекор қилиб, яна олдингисиданда сохтароқ бўлган иккинчи қарорни чиқариш

С.Ўроқов ва бошқа мансабдор шахсларнинг бир томондан саводсизлигини, иккинчи томондан очкўзлигини яққол кўрсатганлиги натижаси ўлароқ оддий фуқаро олдида ўзларини аянчли, кулгили ҳолга солиб қўйишган. Равшанки, биринчи қарор чиққан кундан бошлаб ф/х раҳбари ўз ерига эгалик қила олмаган, чунки унга қарашли 24 гектар ер майдони ҳам туман ҳокими

С.Ўроқов ва хўжалик раҳбари С.Сойибназаровлар орасида ўзаро жиноий тил бириктирилиб, ўзларига қарашли одамларга сотиб, талон тарож қилинган. Шундан сўнг Меҳрибек ўзига нисбатан нафақат адолатсизлик қилган, балки жиноят содир этган туман ҳокими номига ёрдам сўраб ариза ёзади (соддалик қурсин!). Бу ариза, табиий, жавобсиз қолади. Меҳрибек С.Сойибназаров ва С.Ўроқовнинг ноқонуний, жиноий ҳатти ҳаракатлари тўғрисида Жиззах вилоят адлия бошқармасига шикоят аризаси ёзади ва 13 август куни №06/ 2220 А жавоб хати олади.

Бошқарма бошлиғи Х.А.Юлдашев имзолаган жавоб хатида Ҳошимов Меҳрибекнинг шикоятлари тасдиқланганлиги, ҳақиқатдан ҳам хўжалик раҳбари С.Сойибназаров ўз хизмат вазифасини суйиъстемол қилиб, хўжаликда яшовчи бир неча фуқароларга ер сотганлиги,

Ўзбекистон Республикаси “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 24-моддасида кўрсатилган «Ф/хнинг ер участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатлари» талабларининг ўта қўпол равишда бузиш ҳолатлари аниқланганлиги, Жиззах вилоят прокурори номига жиноят иши қўзғатиш масаласи юзасидан.

Жиззах туман ҳокими номига С.Сойибназаровни эгаллаб турган лавозимидан бўшатиш тўғрисида тақдимномалар киритилганлиги ҳамда Ҳошимов Меҳрибекга етказилган 7.300.000 (етти миллион уч юз минг) сўмлик моддий ва маънавий зарарни ундириш ҳақида Жиззах туманлараро фуқаролик судига даъво аризаси киритилганлиги тўғрисида маълум қилган.

Фермер: “Энди ҳақиқат қарор топади” – деб ўйлаган, афсуски, натижа у кутгандек бўлиб чиқмаган. Аксинча, Ҳошимов Меҳрибекга турли мансабдор шахслар, жумладан биринчи навбатда С.Ўроқов ва С.Сойибназаров томонидан тазйиқ ўтказила бошланган. Меҳрибекни Жиззах вилоят адлия бошқармаси қишлоқ хўжалик бўлим бошлиғи Мирза Якубов орқали

Жиззах вилоят прокуратурасига чақиртирилиб, адлия мутахасисси Мирза Якубов, прокуратура мутахасисси Нахалбоев ва бошқалар томонидан сўроқ қилиниб: “Сени судга берамиз, чунки ф/хнинг ерларини ўзинг сотиб талон- тарож қилгансан. Мана, сендан ер сотиб олганлиги тўғрисида фуқаролардан ариза олганмиз” – дея улар қўрқитиш йўли билан тазйиқ ўтказганлар.

Бироқ қонун пешволарининг бу найранглари ҳам ўтмай қолган, чунки фермернинг қўлида ҳозирда Меҳрибек Ҳошимовдан ер сотиб олганмиз, деб даъво қилиб турган фуқароларга берилган, 2003 йил 10 ноябрда ёзилган, хўжаликнинг юмолоқ муҳри босилган, хўжалик раҳбарининг имзоси билан тасдиқланган маълумотнома бўлган.

Фермер қонун йўли билан ҳақиқат излашда давом этиб, туман ҳокимлигидан адлия бошлиғи Х.А.Юлдошевдан олган жавоб хатида кўрсатилгандек С.Сойибназаровни лавозимидан олиш тўғрисида тақдимнома киритилганлигини аниқлаш учун берган хатига туман ҳокими имзолаган, 2005 йил 10 февралда №10/02 маълумотнома берилган.
Маълумотномада ёзилишича, туман ҳокимлигига вилоят адлия бошқармасидан ҳеч қандай тақдимнома киритилмаган. Айнан Х.А.Юлдошевнинг хати асосида вилоят прокуратурасига С.Сойибназаровга нисбатан жиноий иш қўзғатилдими, деган сўровномасига вилоят прокуратураси жавоб бермаган.

Бу масалани Х.А. Юлдашевдан сўрашликнинг иложи бўлмаган, чунки ундан жавоб келган куннинг эртаси куни у юрак хуружи билан оламдан ўтган. Нахалбоев ва Мирза Якубов ўзларининг айбларини яшириш мақсадида фермерни аврашга ўтишган. Улар фермернинг ишини туманлараро Пахтакор-Дўстлик фуқаролик судига моддий ва маънавий зарарни ундириш учун юборишган.

Судья Элмурадова Мавлуда ҳам юқорида номлари кўрсатиб ўтилган давлат мулозимларидан алдаш йўлида ўтса ўтарди-ки қолишмасди. Фермер қарийиб бир йил М.Элмурадованинг ваъдаларига ишониб, унинг оғзини пойлаб, бориб-келиб юрган. Порахўрликда устаси фаранг

М.Элмурадова (ҳозирда қамоқда) бир йил ишни судраб юриб, атиги битта хат орқали адлия бошқармаси киритган моддий ва маънавий зарарни ундириш тўғрисидаги даъвосини рад этилганлиги ҳақида ҳал қилув қарорини жўнатиб, ишни тугатиб қўяқолган. Одамларнинг тақдири шунчалар маъсулиятсиз кимсалар қўлида ўйинчоқ эканлигидан ғазабланган фермер яна вилоят фуқаролик судига ариза билан мурожаат қилади.

Бироқ, бу нуфузли ташкилотдан ҳам олдингиларидан фарқли ўлароқ жавоб ола олмаган. Мазкур суд мутасаддилари ҳам на сўраб суриштиришган, на суд қилган, на ишни кўриб чиқиб муҳокама қилган: улар атиги 2 кундан сўнг почта орқали адлия бошқармасининг даъвоси рад қилинганлигини тасдиқловчи ҳал қилув қарорини жўнатишган.

Фермер яна вилоят адлия бошқармасига Фуқаролик судлари олиб борган суд жараёнидан қониқмаганлигини баён этиб, ишини вилоят хўжалик судига ўтказиб беришларини сўраб мурожаат қилган. Бу сафар адлия бошқармасидан фермернинг ишларига бошқа аралаша олмасликлари тўғрисида ҳам оғзаки, ҳам ёзма жавоб беришган.

Шундан сўнг фермернинг шахсан ўзи “чиқмаган жондан умид” дея ишни қайтадан бошлашга қарор қилади ва 2006 йил 8 январда №38 даъво аризаси билан хўжалик судига мурожаат қилади. Мазкур суд 2006 йил 18 август куни №13 06 04 79 31 ҳал қилув қарори ва ижро варақасини чиқариб беради.

“Ишим битди”, деб хурсанд бўлган фермер 2006 йил 19 октябрда №32 хат билан суд қарорининг ижросини таъминлаб беришини сўраб туман ҳокими С.Ўроқовга мурожаат қилади, бироқ ҳоким унинг бу хатини ҳам жавобсиз қолдиради.

Меҳрибек шу йили 19 октябрда №33 хат билан туман суд ижрочиларига ҳам мурожаат қилади, бироқ бу ташкилот ҳам жавоб бермайди. Фермер 2008 йил 13 мартда яна хат орқали Жиззах вилоят прокуратурасига ва Жиззах вилоят Суд департаменти суд қарорларини ижро этиш ҳудудий бошқармаси бошлиғи

Б.Б.Қосимовга мурожаат қилади, бироқ бу ташкилотлар ҳам фермернинг ҳафсаласини пир қилади. Шу тариқа суд қарори ижроси , яъни ижро варақаси Жиззах туман ҳокими ва бошқа мансабдор шахслари ҳамда суд ижрочилари томонидан бажарилмай, муддати ўтказиб юборилади. Шўр пешона фермер хўжалик судига ижро варақаси муддатини қайта тиклаб беришини сўраб мурожаат қилади.

2008 йил 11 июн куни хўжалик суди ижро варақасининг муддатини тиклаб беради. Меҳрибек бу ижро варақасини 2008 йил 13 июнда Жиззах шаҳар суд ижрочилари бўлимига топширади. Суд ижро ишини қўзғатиш тўғрисида 2008 йил 16 июн куни суд ижрочиси А.А.Ўсаров томонидан №45 06 қарор чиқарилган ҳамда шу куни Жиззах туман ҳокими З.Х.Сайидов (С.Ўроқов ўрнига келган) ва бошқа мансабдор шахсларга топширилади.

“Натижа бўлавермагач, 2008 йил 13 августда Жиззах вилоят прокуратурасининг суд қарорларини ижро этишда қонунларга риоя этиш устидан назорат бўлими бошлиғи О.Н.Юлдашевга мурожаат қилдим, у эса кўриб чиқишликни яна Жиззах туман прокурори Э.Я.Султоновга жўнатди” -дея ҳикоя қилади Меҳрибек.

“Султонов эса яна Б.Б.Қосимовга жўнатди, у ўринбосари Э.Б.Суюновга, у эса 2008 йил 1 август куни хўжалик судига қайтариб жўнатди, бироқ натижа бўлмади. Мен ёзган аризалар футбол майдонидаги машқ қилаётган футболчиларнинг оёқларидаги копток сингари мулозимлар томонидан бир бирига оширилмоқда”, – дейди фермер куйиниб.

“Ким билан учрашмай, қаерга мурожаат қилмай, аввал ҳақиқатни очмоқчи бўлишади, менинг ҳақлигимни, тўплаган ҳужжатларимни кўриб: “Ер сизники”, дейишади-ю, бироқ иккинчи бор учрашсам, мен гаплашган одам бутунлай бошқа одамга айланиб қолади. Ўзлари айтган гаплардан ўзлари тона бошлайди.

Билмадим, қонун ҳамма учун баробар чиқарилган, деб юрардик. Лекин қонунни ҳам кимга қандай ишлатиш йўллари кўп экан. Чиқарилган қонунларга қонун ҳимоячиларининг ўзлари зид ишлар ҳам қилаверса бўлар экан. Қонун ишлаяпти, бироқ ҳаммага баробар эмас. Одамига қараб ишлар экан-да.

Ана шундай қилиб, менинг фермерлик хўжалигим бўйича очилган ишга ҳамон нуқта қўядиган одам топилмаяпти. Бу чорасизликларга газеталардан чора истаб “Қадрият” газетасининг мухбири Ортиқ Саидовга мурожаат қилдим. Бошида бу журналист ҳам юқоридаги шахслар каби, ҳақиқатни қарор топтираман, деб чиранди.

2005 йил 19 февралда “Қадрият” газетасида “Нажот истаб” рукни остида “Муаммога ким нуқта қўяди?!” номли мақола босилиб чиқди. “Энди журналист бу масалага нуқта қўйгунча мен билан бирга бўлади”, деб ўйлагандим. Бироқ бу азамат ҳам бошлаган ишини чала ташлаб қочиб қолди, яъни мақолани ёзди, масалани кўтариб чиқди, оқибати билан эса қизиқмади.

Ортиқ Саидов ҳатто ўз қадри учун ҳам йиғламади. Менинг ерим “Етти булоқ жилоси” номли фермер хўжалигига қўшиб берилган. Мен мазкур ф/х раиси Юнусов Тожимуродга учрашганимда, у: “Қаерга борма, кимга учрашма, қаерга арз қилма – фойдаси йўқ, чунки еринг Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди раисининг биринчи муовини Ахманов Нурматга тегишли.

У қонунга эмас, аксинча қонун унга хизмат қилади” – деди. Бу гапда жон бор, деб ўйлайман: мени дастлаб қўллаган мансабдор шахслар ва ташкилотлар кейинчалик доимо ўз позицияларини ўзгартирдилар. Чамаси, Тошкентдан ўшқириқ эшитган бўлсалар ажаб эмас. Мен Жиззах туманида туғилганман.

Маълумотим олий – Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетини тугатганман. 4 нафар фарзандим бор. Иш фаолиятимни 1980 йилда Зарбдор туманининг “Зарбдор” газетасида қишлоқ хўжалик бўлим бошлиғи вазифасида бошлаб, 1986 йили Жиззах туманининг “Коммунизм сари” газетасида бўлим бошлиғи бўлиб, сўнгра 1987 йилдан бошлаб Жиззах туман

“Табиатни мухофаза қилиш қўмитаси” раиси вазифасида ишладим. Орадан 10 йил ўтгач, 1997 йилдан 2003 йилгача “Маҳалла” жамғармаси бошлиғи лавозимида, 2003 йилдан 2004 йилгача вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг “Атмосфера” бўлими бошлиғи бўлиб, 2004 йилдан эса Жиззах тумани

“Агрокимёстанцияси”нинг диретори лавозимида ишладим. Биз икки киши – мен ва лаборантка Қобилова Зулайҳо, – бирга ишладик. Мен (директор)га 45 минг, лаборанткага эса 35 минг сўм иш ҳақи белгиланиб, ойлик маошимизни “Хозрасчет” тартибида тўланади, дейишган эди. Биз тўрт йил ишладик, афсуски бизга бир сўм ҳам иш ҳақи тўлашмади.

Биз судга мурожаат қиламиз, деганимиздан сўнг иккаламизга бор-йўғи 60 (олтмиш) минг сўм беришди, холос.Мен оиламда етишмовчилик, давлат идоралари мунтазам уюштираётган ҳақсизликларга дуч келавериб, давлат ташкилотларидан нажот тополмагач, халқаро ҳуқуқ ҳимоячиларига мурожаат қилиб ёрдам сўрашга мажбур бўлдим”, – деб ҳикоясини ниҳоялади Меҳрибек Ҳошимов.

ЎИҲЖдан:

Бундан 16 аср илгари Рим файласуфлари: “Адолат ва одил суд бўлмаган шароитда давлат қароқчилар тўдасига айланади” – деб бежизга айтишмаган, дея биз ҳам қўшиб қўймоқчимиз.
Ҳаёлга: “Рим файласуфлари бу ҳақиқатни атайлаб Жиззах учун айтганга ўхшайди” деган фикр келади.
Меҳрибек Ҳошимовнинг сарсону-саргардонлиги Жиззах вилоятида ягона факт эмас. Меҳрибек масаласининг сабаби эса оддий.

Совет даврининг латифаси:

Бир одамни компартия сафига қабул қилишаётган экан. Мажлис қатнашчиларидан бири савол берибди: “Сиз босмачилик ҳаракатида қатнашганмисиз?”. Партияга ўтувчи “Ҳа” дебди. Уни партияга қабул қилишмабди. Мажлис тугагач, унинг дўсти: “Нега ҳа, дединг, йўқ десанг бўлмасмиди?” дебди. “Қандай қилиб йўқ, дейин, қўрбошимиз президиумда ўтирувди-да” деб жавоб берибди партияга ўта олмаган киши.

Латифадан хисса.

Бир пайтлар президент девонининг “Олий жазога ҳукм этилганларни авф этиш комиссияси” бошлиғи бўлган пайтларда порахўрлик билан ном чиқарган, Жиззах вилоятида туғилиб ўсган Нурмат Ахмоновни Жиззах вилоятидаги давлат идораларида ишлайдиган мулозимлар яхши танишади.

Бировнинг ерини ноқонуний эгаллаб олган, ҳозирда Олий хўжалик суди раисининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаётган (яъни, юқори президиумда ўтирган) “қўрбоши”дан ернинг қонуний эгаси бўлган оддий фермерга ерини қонуний йўл билан олиб беришга кимнинг ҳадди сиғади?

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти Котибияти
P.S. Ушбу мақола тайёрланаётган пайтда Жиззах вилоятилик қўрбоши олдинги мансабига – президент девонига қайтибди, деган маълумотни олдик.
17 март 2009 й.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares