Стокҳолм шаҳри марказидаги Медборгеплатс (Medborgeplats)да «Бирдамлик» ҳаракати фаоллари томонидан Ўзбекистон қамоқхоналарида сақланаётган сиёсий маҳбусларни озод қилиш талаби билан ўтказилган норозилик акцияси 14 март куни якунланди.
Бу акция шу йил 2 март куни бошланган эди. Пикет иштирокчилари дастлабки кундаёқ Халқаро ташкилотлар, Жаҳон ҳамжамиятига Мурожаатнома қабул қилишди. Икки ҳафта давомида мазкур Мурожаатнома Швеция расмий доираларига, юзлаб одамларга тарқатилди ва Ўзбекистондаги мураккаб сиёсий жараён ҳақида маълумотлар берилди.
Илгари ҳам кўп маротаба ғарб давлатларида муҳолифат фаоллари томонидан Ўзбекистондаги сиёсий маҳбусларнинг озодликка чиқарилишини талаб қилиб норозилик акциялари ўтказилган. Ўша акцияларда озод этилиши талаб қилинган собиқ сиёсий маҳмуслардан.
Мўътабар Тожибоева, Умида Ниёзова, Дилмурод Муҳиддинов, Гулбаҳор Тўраева, Сайиджаҳон Зайнобиддинов, Ихтиёр Ҳамроев, Ёдгор Турлибеков ва бошқалар демократик давлатлар, Халқаро ташкилотлар, Жаҳон ҳамжамиятининг қаттиқ талаби натижасида ҳозирги кунда озодликдалар.
Швецияда об-ҳавонинг совуқ бўлишига қарамай “Бирдамлик” ҳаракатининг бошқа аъзолари қатори Фарҳод Азимов, Маъруфжон Абдуғаффоров ва Камолиддин Баратов каби муҳолифатчилар ҳам пикетда фаол иштирок этишди.
“Бирдамлик” ҳаракати фаоллари Ўзбекистондаги ғайри инсоний режимни тугатиш. Шу режимга қарши мардонавор курашаётган Инсон ҳуқуқлари фаолларининг ҳаётларини сақлаш. Оддий фуқораларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган сиёсий акцияларни бундан буён муҳолифатдаги бошқа сиёсий кучлар билан биргаликда ўтказишга умид қилади.
“Бирдамлик” ҳаракатининг Европа бўлими раҳбари Баҳодир Узоқов.



