“Янги Дунё” хорижда яшаётган ўзбек ижодкорлари, мухолифат фаоллари ва диний уламолар билан туркум суҳбатлар уюштирди. Бизнинг навбатдаги суҳбатдошимиз таниқли мухолифат фаоли, “Бирлик” халқ ҳаракати партияси раиси ўринбосари Исмоил Дадажонов.
Юсуф Расул: Сизни “Бирлик” халқ ҳаракатига тамал тоши қўйган ўзбек мухолифати лидерларидан бири дея эътироф этишади. Узоқ йиллар мобайнида “Бирлик” раиси ўринбосари ўлароқ фаолият кўрсатиб келдингиз. Куни кеча эса АҚШда рўйхатдан ўтган “Бирдамлик” ҳаракатига аъзо бўлиб кирганингиз ҳақида хабар тарқатилди? Кутилмаганда “Бирдамлик” сафига ўтганингиз боиси нимада? Ёки “Бирлик”дан кетдингизми?
Исмоил Дадажонов: -Йўқ, мен ҳозир ҳам “Бирлик” халқ ҳаракати партияси раиси ўринбосариман. Лекин партиямиз раиси мени “Бирлик”дан кетганимни айтиб келади. Аслида бу ёлғон. Тўғри, мен 2007 йилнинг 19 октябрида мени партия раиси ўринбосарлиги лавозимидан озод этишларини сўраб Марказий Кенгашга мурожат қилгандим. Лекин МК бу аризани рад этган. Бу фикрлар тасдиғи учун ўша вақтда раис номига ёзилган хат ва аризани илова қиламан.
Мана ўша ариза:
—-Original Message—–
From: Tumaris
To: vasila.iva@gmail.com
Date: Fri, 19 Oct 2007 16:57:22 +0400
Subject:
Assalomu alaykum Rais.
Tinch omonmisizlar.
Biz ham yahshi jyribmiz.Man 18 oktyabr kuni davolanish uchun Kievga ketayotganimda Daniyada qattiq pristup bilan yana Shvedsiyaga qaytarib olib kelishdi.Endi ollohga tavakkal shu erda davolanishga harakat qilaman.Rais siz
bir narsani bilishinggiz kerak .Man hech qachon Birlik lideri bulishga intilmaganman.Maning hozirgi ahvolimda Abdurahim akaning qilayotgan iddaolari juda ham ogir.Man ozodlik radiosiga bergan intervjymda partiya yoki rais shaniga hech qanday salbiy gap gapirmaganman va siz buni uzinggiz eshitib kurib bilasiz.
Rais man endi partiya safida qola olmayman va ushbu hatmni ostiga arizamni ilova qilaman
Birlik Halq Harakati Partiyasi markaziy kengashiga
Birlik Halq harakati partiyasi rais urinbosari
Ismoil Dadajonovdan
ARIZA
Qadrli safdoshlar.
Men Ismoil Dadajonov sizlardan meni rais urinbosari vazifasidan ozod qilishlaringni surayman.Istefo berishimni bosh sababi bugungi kunda
mening salomatchiligimni yomonlashganligidir.
Sizlarga kelajak ishlaringgizda omad tilayman. Sizlarga hurmat va ihtirom bilan Ismoil Dadajonov
19 oktyabr 2007 yil.
Бироқ партия Марказий Кенгаш аризамни рад этди. Чунки, мен партия Қурултойида раиси ўринбосари вазифасига сайланганман ва фақат Қурултойгина мени у вазифадан озод этиши мумкин, деб жавоб беришди. Пўлатов эса мен ҳақимдаги бир хабарда И. Дадажоновни Фарғона вилояти бўлими фаолияти чеклаб қўйилди ва унинг ўзи “Бирлик”дан чиқарилди, деб ёзди. Бу партия раиси саводсизлигидан бир кўриниш.. Партия раиси ўринбосари фаолиятини бир вилоят ташкилоти чекласа ва Қурултой сайлаган ўринбосар нимаси биландир раисга ёқмай қолгани учун у партиядан четлатилса! Қани демократик принциплар? Агар шундай бўлса уларни Каримов ҳукуматидан қандай фарқи бор?
Энди, “Бирдамлик” ка аъзо бўлиб кирганим ҳақида. “Бирдамлик” – бу ҳаракат, сиёсий партия эмас. Ҳар қандай жамиятда бирор партия аъзоси бошқа бир ҳаракат аъзоси бўлиши мумкин. Бунга ҳеч қандай монеъликлар йўқ. Шу боис, мен “Бирдамлик”ка аъзо бўлиб кирдим… “Бирлик” партиясида туриб тўлақонли фаолият юритиш имконсиз бўлиб қолди. Чунки, партия ичида жанжал фони яратилган. Партия ичидаги муҳит яхши эмас, ўзаро ички курашлар кетмоқда. Мен ҳали ҳам мухолифатни бирлаштириш ғоясидан воз кечганим йўқ. “Бирлик” халк ҳаракати партиясидаги жанжал фони бартараф бўлгунча мен “Бирдамлик” қошида мухолиф кучларни бирлаштириш тарафдори бўлганлар билан биргаликда “Оқсоқоллар кенгаши” тузишга қарор килдим. Ўйлайманки бу Кенгаш мухолифатдаги соғлом кучларни бирлаштиришга хизмат қилади.
Ю.Р.: -Нега “Бирлик” партияси сўнгги йилларда ўзаро ихтилофлар ўчоғига айланди? Бунинг сабаблари нимада?
И.Д.: – Мен учун бу жуда оғир савол. Чунки, мен ҳаётимнинг энг ширин дамларини шу партия иши учун сарф килдим. 2001 йилда Америка сафарига борганимда партиямиз раиси Абдураҳим Пўлатов билан узок вақт гаплашдик. (У пайтларда Пўлатов менимча бу даражада нокас эмасдек туюлган эди). Ўшанда мен “Бирлик”ни тиклаш учун қўлимдан келган ҳамма ишни қилишга сўз бердим. Ватанга қайтиб келганимдан сўнг Васила Иноятова билан биргаликда 9 ой давомида вилоятларда бўлиб, янги кадрлар топдик. Вилоят қурултойларини ўтказдик. Бу давр ичида бир неча маротаба ИИВ ва МХХ ходимлари таъқибига дучор бўлдим. Жиззах – Самарқанд йўлида автоҳалокатга учрадик. Шуларга қарамасдан деярли барбод бўлиб, йўқлик даражасига тушиб қолган “Бирлик”ни қайта тикладик. Қўқон шаҳрида мени хонадонимда 10 йил ичида биринчи бор партия Қурултойини ўтказдик. Бу Қурултойда АҚШ элчихонаси ходимлари ва журналистлар қатнашдилар. Бу Қурултой ва уни ўтказишда мен кўрсатган хизматлар ҳақида “Ҳаракат” журналида Пўлатов тўлиқ маълумот берган.
Қилинаётган ишлардан руҳланиб кетган Пўлатов энди барчамизга юқоридан қарашни одат қила бошлади. Менимча Пўлатовнинг энг биринчи мўлжаллаган иши, бу – “Бирлик” раҳбарияти ўртасида ўзаро низо чиқариш бўлди. Раис ўринбосарлари ва вилоят раислари ўртасида низолар чиқариб уруштирар ва бу билан ўзига қарши бирор бир куч ташкил бўлмаслигини таъминлар эди. Бу коммунистик партия сиёсатининг ўзгинаси эди. Партия аъзоларига беписандлик билан ”ким бўлибди у” деган иборани ишлатиш оддий ҳолга айланиб қолди. Ўша даврдаёк бизни муносабатларимиз совуклашиб қолган эди. Энди Пўлатовга уни буйруқларига сўзсиз итоат қиладиганлар керак эди. Лекин у бу соҳада кўп муваффақиятга эриша олмади. Партияга аъзо булганларнинг жуда кўпи Пўлатов бор эканлигини ҳам билишмас эди. Чунки узоқларда раис борлиги уларни қизиқтирмас эди.
Ю.Р.: -”Бирлик” партияси ичидаги ўзаро низолар, партия раисининг мухолифат фаоллари ҳақида ёзаётган ҳақорат ва камситишга тўла фикрлари ўзбек мухолифатини боши берк кўчага олиб кириб қўйгандек. Эртага мухолифат аҳволи қандай бўлади, деган саволга тўлақонли жавоб бериш мушкул. Сизнингча, мухолифатни ўзаро бирика олмаётгани ва тарқоқлиги сабаблари нимада?
И.В.: -Бу саволингизга илгариги жавобларимда қисман жавоб бердим деб ўйлайман. Яна шуни қўшиб ўтмоқчиманки, мухолифат сафларини кенгайтириш кўпроқ ёшларга ўрин берган маъкул бўлар эди. Мавжуд тузимга мухолиф булган партиялар ҳозир ўзаро иттифоқликда фаолият олиб боришлари керак. Партия бошқарувига бугунги кун талабига жавоб бера оладиган кадрлар жуда зарур. Лекин узаро ”Жанг”лар кўпчиликни мухолифатдан узоқлашувига олиб келмоқда. Мухолифатдан узоклашаётганлар фақат ёшлар эмас. Мухолифат асосчиларининг четга чиқишлари жуда ҳам хавфли сигналдир. Дадахон Ҳасан, Ёдгор Обид, Толиб Ёкубов, Зоҳид Ҳақназаров ва бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Бу инсонлар раҳбариятнинг нокаслиги туфайли сиёсий партиядан четлашишга мажбур бўлганлар.
Интернет саҳифаларида ёзилаётган ўзбек мухолифати лидерлари ҳақидаги фикрлар фақат бугун эълон қилинаётгани йўқ. Бундай фикрлар мухолифат пайдо бўлганидан буён мавжуддир. Ўзаро айбловлар, туҳматлар ортида кимлар тургани ҳеч кимга сир эмас. Нима мақсадда бу ишлар қилинаётганини ҳам кўпчилик яхши билади, деб ўйлайман. Ҳар бир ташкилот раҳбари ёлғиз ўзини ’Оқсаройда’’ кўради ва ўзга одамни у ерда тасаввур ҳам қила олмайди. Президентлик лавозими бир дона, унга талабгорлар эса жуда кўп. Шунинг учун интернет саҳифаларида ”Катталар” жанги кетмокда. Энг афсусланадиган ҳол шуки ушбу жангга аралашаётганлар орасида мухолифатга умуман алоқаси йўқ кишилар ҳам жуда кўп. Яна бир афсусланадиган ҳол шундаки кўпгина сайт эгалари сайтларида муҳокама бўлимини очиб оловга мой сепишга ҳаракат қиладилар. Муҳокама қилувчиларнинг асосий қисми қўрқоқ одамлар. Улар ўз исмларини ёзишга қўрқишади. Чунки, улар ўз фикрларини тўғрилигига ишонишмайди. Улар фақатгина панада яшириниб туриб одамларга озор беришади. Очиқ чиқиб ёзишга юраклари дов бермайди. Бундайлар кўп ҳолларда ўзларини тахминларини ҳақиқат қилиб кўрсатишади ва катта гуноҳга ботишади. ”Муҳокама”чилар ичида мухолифат лидерлари ҳам аноним қатнашоётгани айниқса уятли ҳолдир. Булардан нафратланиш керак.
Ю. Р.:- Мана, ниҳоят сиз ҳам Пўлатов каби узоқларга кетиб қолдингиз – яъни, Швециядан сиёсий бошпана топдингиз. Ва… негадир “Бирлик” саҳифасида сиз ҳақингизда “Хизб-ут-таҳрирчи”, “Американи душмани” каби гап сўзлар кўпая бошлади…
И.Д.: Интернет саҳифаларида менга ҳар хил унволар берилиши хусусида шуларни айтишим мумкин. Куни кеча “Харакат” сайтида “Бирлик” партияси раиси А Пўлатов мени номимга айтган “мактовлари” мен учун янгилик эмас. Мени “Хизб-ут таҳрирчи” деб аташларига нима асос бўлган? Ман ҳар бир мусулмон каби ибодат қиламан. Мени оила аъзоларимни ҳаммаси номозхон ва оиламда аёллар ислом талабларига биноан ўранган. Менимча ибодат қилиш ҳар биримиз учун фарз амалдир. Мисол учун ўша Пўлатов яшаётган мамлакат подшоҳлари ҳам ўзларини ибодатхоналарида ибодат қиладилар. Умуман, динсиз бўлгандан кўра албатта бу афзалдир. Ҳали президентликка яқин бормасдан туриб ўзгаларга “ҳизбчи” деб тамға қўяётган раҳбар давлат тепасига келса бугунги кунларимиз ҳам ҳолва бўлиб қолмаса. Иншооллоҳ, Оллоҳ бу кунларни бизга ҳаром қилсин. Омин.
У одамни яна бир даъвоси – мени Американи душмани дегани. Ҳа, мен Американинг бугунги сиёсати душманиман. Қани адолат билан айтайликчи, дунёда булаётган урушларни кайси бирида Американинг иштироки йўқ. Қани, Ироқдаги кимёвий қуроллар?. Нима учун Ироқ халқи бунчалик қурбонлар бериши керак?.
Бугун Америкаликлар эҳсонини олиб, уларни қилаётган жиноятларини оқлаш адолатданми?. Нима учун мен Америкаликларни яхши кўришим керак?. Бу гапларим албатта А Пулатовни эмас, яна бошка Америкапарастларни ҳам совуқлигини ошириб юборади.
Сизлар нима деб уйлаяпсизлар жаноблар! Америкаликлар Ўзбекистонни Каримовдан тозалаб сизларни тахтга ўтирғизиб қўядими? Чучварани хом санабсизлар. Сизлар умрингизни охиригача уларни сарқити билан яшаб ўтиб кетасизлар…
Ю.Р.:- Ғарб ва Европа давлатлари ўзбек мухолифатини молиявий қўллаб келиши кўпчиликка сир эмас. . Шу боисми ўзбек мухолифати ҳам кўпроқ ғарб мамлакатларига суянишга ҳаракат килади. Бу уринишлар самара бермайди деб ўйлайсизми?
И.Д.: -Ҳа, ўзбек мухолифати асосан ғарбга орқа қилади. Мана 19 йилдан бери бутун бошли ғарб дунёси битта диктаторга кучи етмаяпти. Бу кулгили ҳол. Чунки, ғарб агар хоҳласа бу диктаторни бир зумда инсофга келтириб қўйиши мумкин. Лекин ғарбга бақирок демократдан кўра қўрқоқ диктатор афзалроқ. Ғарбнинг асосий хавфи бу Ислом хавфидир. Агар бугун диктатор олиб ташланиб уни ўрнига мухолифат лидерларидан бири қўйилса албатта узоғи билан ярим йил ичида ўқувсиз демократ қўлидан ҳукуматни диндорлар олиб қўйиши ва бу жараёнга албатта мухолифат бошқа вакиллари ҳам ўз улушларини қўшишлари муқаррар эканлигини билишади. Украина ва Грузия демократларига берилган ва берилаётган ёрдамлар миқдорига шахсан ўзим гувоҳи бўлганман. Бугун Ғарбнинг, хусусан америкаликларнинг этагида ибодат қилаётганлар билишлари керак, улар қачонки бизда бир куч кўрсаларгина жиддий эътибор берадилар. Куч эса Ғарбда эмас, ватанда, 28 миллионлик халқдадир. Биз халқимизни ишончини қозонишимиз керак. Бугун ғарб мамлакатларини олдида жуда катта муаммолар турибди – ўзбеклар муаммоси улар учун унчалик катта аҳамиятли эмас. Бундан ташқари ғарб дунёсининг ўзини миллий манфаатлари бор. Бу ёқилғи, пахта ва бошқа хом ашёлар. Агар бугун ғарбликлар олдида демократия ёки миллий манфаатлардан бирини танлаш керак бўлса, улар албатта миллий манфаатларини танлаган бўлар эдилар. Бу Андижон воқеаларига нисбатан эълон килинган санкциялар мисолида яққол кўриниб турибди. Биз бугун бир миллат сифатида бирлашмоғимиз керак.
Мухолифат бирлашиши керак. Бу деганим Пўлатов айтаётгандек бир партия байроғи остида эмас. Чунки, ҳар бир инсон у ёки бу партия аъзоси бўлаётганда ўйлаб, фикрлаб, партия раҳбарлари ким ва улардан нима кутса бўлади, деб кейин ўз сиёсий йўлларини белгилайдилар. Қуруқ сафсата билан одамларни ўз партияларига жалб қиламан деганлар адашадилар. Мухолифат учун кучли ташкилотчи, ташаббускор одамлар керак. Бундай одамларни ҳеч қачон сафсата билан алдаб бўлмайди. Улар ички туйғуларига қулоқ солиб иш қиладилар.
Ю.Р.: -Баъзи бир мухолифат фаоллари ватанга қайтиш бўйича ҳаракат бошладилар, бу каби ҳаракатларга муносабатингиз қандай?
И.Д.: -Ватанга кайтиш -бу, мени энг олий мақсадим. Мен ҳар куни Швецияда ухлаб, Ўзбекистонда уйғонаман. Ватанга қайтиш масаласини кутарганларни қўллайман. Бу ғоя билан яшаганман ва яшайман. Бунинг учун ватанни севиш билан бир қаторда, балким манга ўхшаб бемор ва қари бўлиш керакдир. Ватанга қайтиш деганда лабига учук тошиб қўрқиб кетадиганлардан сўрамоқчиман: Ким ватанга қайтаман деса уни хоинликда айблайсизлар. Нима таклиф қилмоқчисизлар? Борми бирор бир таклифларингиз? Агар сиз бу ерларни ватандан афзал кўрсангиз яшайверинг, лекин биз ватанга қайтиш йўлларини ахтарамиз. Фақат ватанга мағлуб сифатида эмас, шу ватанни эгаси сифатида қайтиб бормоқчимиз.
Суҳбатдош: Юсуф Расул, журналист, Швеция.
www.yangidunyo.com



