“Озодлик” радиосига нисбатан ишончимиз юксак эди.

“Бирдамлик” ҳаракатининг АҚШ бўлими раҳбари Бахтиёр Хасан.

Адашмасам, 2000 йил бошларида “Озодлик” радиосига биринчи бор чиқиш қилган эдим. У вақтлар ҳали “Озодлик” радиосининг Тошкент шаҳридаги бўлими ёпилмаган ва мен ўшанда атайин пайтахтга бориб, радиостудияда ўз фикрларимни баён қилгандим. Бахтиёр исмли йигит мен билан самимий суҳбатлашиб, барча айтганларимни магнит тасмасига тушуриб олганди. Орадан икки кунлар ўтиб суҳбат эфирга узатилганди.

Шундан сўнг дўст-биродарларим, танишларим, кўпдан суҳбатлашишга имкон тополмаётган ошна-оғайниларим телефон қилишиб:
-Сен нима қилмоқдасан? Нега ҳеч нарсадан чўчимасдан бу гапларини очиқ гапирмоқдасан? “Озодлик” радиосига интервью берганинг билан улар ниманидир ўзгартира олишадими?-дейишган эди.

Ўшанда бу каби саволларга аниқ қилиб жавоб қайтарган эдим:
-Агар мен ҳам сизлар ҳам ҳақиқатни очиқ ойдин айтишдан чўчийдиган бўлсак эртага аҳволимиз жуда ҳам оғир бўлади. “Озодлик” радиоси эса бизларга, барчамизга берилаётган, озод овознинг таралишига имкон берувчи ўзига хос минбардир. Улар ҳалқимизни ўзаро бир бири билан боғламоқда ва айнан шу радио борлиги учун ҳалқимизнинг камчилик қисми бўлсада ҳақиқатдан хабардор, -деган эдим.

Ўшанда менинг “Озодлик” радиоси ҳақидаги фикрларим жуда ҳам ўзгача эди. Ҳозирги кунда ҳам “Озодлик” ҳақидаги фикрларим ўзгача. Бироқ бу ўзгачаликлар орасида фарқ чексиздир. Мавзуга қайтадиган бўлсам, ўша биринчи марта интервью берганимдан кейин мен яна бир-икки маротаба “Озодлик” радиосининг Тошкент шаҳри идорасига бордим. Лекин менга нисбатан бошланиб кетган тазйиқлар сабаб кейинчалик “Озодлик” радиосининг идорасига бормай ҳам қўйдим. Аммо телефон орқали деярлик ҳар куни интервью бериб турдим. Ҳукумат тазйиқлари мисли кўрилмаган равишда кучайиб кетиши ортидан мен она ватанимни тарк этдим. Маълум муддат Украинада истиқомат қилдим. Айнан шу Украинада вақтинчалик истиқомат қилган давримда ҳам “Озодлик” радиоси мухбирлари билан телефон орқали боғланиб ўз фикрларимни изҳор қилиб турдим. Сабаб ишонар эдимки, “Озодлик” ходим ва ходималари халқнинг ахборотга ташналигини қондириб турибди, деб ҳисоблардим ва шунингдек гарчи бир озгина бўлсада чор-атрофда нималар бўлаётганини халққа етказиб беришаётган эди. Содда ва лўнда қилиб айтадиган бўлсам нафақат менинг, балки ўзбек мухолифатидаги ўзга инсонларнинг ҳам “Озодлик” радиосига нисбатан ишонларичи юксак эди.

Бироқ сўнгги йилларда эътибор бериб қарайдиган бўлсак “Озодлик” радиоси фақтгина бир шахснинг дунё қарашини ва биргина мухолифат партиясининг фаолият йўналишини ёритадиган бўлиб қолган. Бу менинг шахсий фикримча журналистика қонун-қоидаларига ҳам, ўзбекона ахлоқ одобга ҳам тўғри келмайди. Мен бундан сал олдинроқ АҚШ нинг яқинда сайланган президенти Барак Обомага ва далат котиби Хиллари Редҳем Клинтон номига мурожатнома ёзиб, Ўзбекистондаги абгор вазиятга ва юртимизда инсон ҳуқуқлари жуда ҳам даҳшатли кўринишда поймол этилаётганига уларнинг эътиборини қаратдим. Шунингдек ушбу инглиз, рус ва ўзбек тилида ёзилган мурожатномамда “Озодлик” радиоси мавзусига ҳам алоҳида аҳамият қаратдим.

Яқин кунларда мен Вашингтон шаҳрида катта матбуот анжумани ўтказаман ва ушбу анжуман вақтида ҳам “Озодлик” радиоси ҳақида, бу радиода илдиз отган бир томонлама ёндашувни қандай қилиб бартараф этиш борасида фикр билдираман. Умидимки, “Озодлик” радиоси қалбимиздаги сўлиб бораётган ишонч ниҳолининг қайта жонланишини таъминлайди.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares