«Ўзбекистон Ҳаво йўллари» ва «Tajik air» ширкатлари Тошкент ва Душанбе ўртасида учоқлар парвозини қайтадан йўлга қўйиш борасида келишиб олганлар.
Тожикистон миллий авиакомпаниясининг матбуот хизматига кўра, учоқлар парвозининг март ойида бошланиши кутилмоқда.
Ширкат матбуот котиби Назира Давлатованинг маълум қилишича, «Ўзбекистон Ҳаво йўллари» ширкати таклифига биноан, тожикистонлик ҳамкасблари Тошкент сафарида бўлишган.
Тошкентда икки мамлакат шаҳарларини боғлайдиган парвозларни қайта тиклашга келишилган.
Музокаралар якунида икки томонда ҳам пайдо бўлган саволарга жавоб топилгач, учоқ парвози йўлга қўйилади, деди Назира Давлатова.
«Аввалига Душанбе-Тошкент рейсини йўлга қўйиш режалаштирилган», деди Тожикистон авиаширкати вакили.
Икки республика пойтахтини боғлайдиган парвоз қайси русумдаги учоқда амалга оширилиши, бир кеча-кундузда неча марта учиши, учиш вақти ва чипта нархи сингари масалаларга ҳали аниқлик киритилмаганини айтди Назира Давлатова.
1990 йилларда Тошкент ва Душанбе шаҳарлари ўртасида бир кунда 3 марта, Душанбе ва Самарқанд шаҳарлари ўртасида бир кунда 7 марта парвоз амалга оширилган.
Ҳаво қатновлари 1992 йилда Тожикистонда фуқаролар уруши бошланганидан кейин тўхтатиб қўйилган эди.
2000 йил ёзида Тошкент ва Душанбе орасида авиақатновлар қайта тикланиши ҳақида эълон қилинган, бироқ Ўзбекистон жанубидаги Сурхондарё вилояти тоғ ҳудудларига Тожикистон тарафидан қуролли исломий жангарилар киришга урингани ҳақидаги хабарлар ортидан парвозлар амалга ошмай қолган эди.




