“Бирдамлик” ҳаракати фаоли Қизлархон Хўжаева
Она ватанимизда бир қатор муаммолар бор. Мавжуд ва аҳамият қаратишга арзигулик муаммоларни ижтимоий, иқтиcодий ва экологик муаммоларга ажратишимиз мумкин. Ҳозирги кунда мамлакат ичкарисида иcтиқомат қилаётган ҳар қандай фуқаро билан суҳбатлашманг, мавжуд ижтимоий ва иқтиcодий муаммолар ғоятда кўплигидан нолийди. Лекин диктатор ҳукумронлиги остида қолган мамлкатимизнинг кундан-кунга емириб боришига имкон бераётган яна бир қатор муаммолар борки, акcарият аҳоли вакиллар бунга деярлик эътибор қаратишмайди. Масалан экологик муаммолар.
Мен экологик муаммолар деганда, яна ўша сийқаси чиқиб кетган ва кўп гапирилаверганидан одамларни безитиб қўйган Орол денгизи муаммосига яна бир бора тўхталиб ўтмоқчи эмасман. Зеро Орол кетди, қайтиб бунёд бўлмайдиган бўлиб. Унинг жабру-жафосини эса мамлакатимиз фуқаролари ҳали жуда ҳам узоқ муддам давомида ҳис этишади. Аммо юртимиз фуқароларининг ҳаётига, ўсиб бораётган ҳар бир ёш авлод вакиллари ҳаётига таҳдид солаётган яна бир қатор экологик муаммолар мувжудки, бу муаммолар бир қарашда аҳамият беришга арзимасдек кўринади. Бу юртимиз узра ҳозирги кунга қадар жадал давом этаёган заҳарли газлардан азият чекиш ва чўллашиш жараёнларидир.
Заҳарли газлардан заҳарланиш билан боғлиқ ҳолат асосан Сурхондарё вилоятида кузатилмоқда. Ушбу вилоятнинг Тожикистон билан чегарадош бўлган минтақаларида истиқомат қилаётган фуқаролар Тожикистон Алюминий Заводидан (ТАЗ) ҳавога кўтарилаётган заҳарли газдан заҳарланиб боришмоқда ва заҳарланишнинг салбий оқибатларини ўз таналарида ҳис этишмоқда. Шунинг учун ҳам бу минтақда истиқомат қилаётган аҳоли ошқозон-ичак органларининг тинимиз анчиб оғриғиши, бўйрак оғриғи, кўз хиралашуви ва бўғимларда туз йиғилиши каби касалликлардан азият чекишмоқда.
Чўллашиш жараёни эса Хоразм, Бухоро ва қисман Қашқадарё ҳудудларида жадал давом этиб юртимизнинг шарқий ҳудудлари томон олға силжимоқда. Чўллашиш жараёнига республиканинг асосан жунубий ва ғарбий минтақаларидаги суғориладиган ерларига сув яхши етиб бормаётгани сабаб бўлмоқда. Айнан шунинг учун ҳам Бухоро ва Хоразм вилоятларининг совет даврида суғориладиган бўлган аксарият ерлари ҳозирги кунда саҳрога айланиб қолган. Бу ҳақда ҳалққа ҳеч қандай маълумот берилмайди ва ҳамиша “жаннатмакон юртда истиқомат қилмоқдамиз” –дея маърузалар ўқилади.
Ёдимда болалик чоғиларимда, мен кўчада лойдан уйча ясаб ўтирган вақтларимда отам “кукурузний” номли самолёт билан юртимизнинг жанубий ҳудудларга саксовул уруғлари экишга кетар эдилар. Бу ҳудудларда саксовулзорликлар бунёд этишга совет ҳукуматини мажбурлаган ҳолат афғон шамоли эсган вақтда тинимсиз равишда содир бўладиган қум кўчкилари сабаб бўлган эди. Айнан шундан кейин яъни совет ҳукуматининг жонбозлиги натижасида саксовулзорликлар барпо этилганидан кейин қум кўчкилари тўхтади ва чўллашиш жараёнига батамом барҳам берилди. Бироқ ҳозирги кунга келиб саксовулзорликлар батамом йўқ қилиб юборилмоқда яъни жанубий ҳудудларда истиқомат қилаётган маҳаллий фуқаролар қиш кунлари, газ таъминоти узиб қўйилган вақтларда уйларини саксовул ўтини билан қизитишмоқда. Айнан шунинг учун ҳам 2007-йилдан 2008-йилга ўтиш давридаги қиш мавумида об-ҳаво ўта совуб кетганлиги сабабли гектарлаб саксовуллар таг-туги билан йўқ қилиб юборилди. Бу эса чўл шароитдаги қум кўчкиини яна қайта жонлантириб юбориши мумкин. Агар вазият шу таҳлидда давом этавера, мавжуд экологик муаммоларга аҳамият қаратилмаса бир неча йилдан сўнг мамлакатимиз фуқароларини иқтисодий муаммолар билан бир қаторда экологик муаммолар ҳам ўз исканжасига ола бошлайди.




