Чорвачилик салоҳияти қисқариб бормоқда.

“Бирдамлик” ҳаракати фаоли Анварбек

Ҳеч кимга сир эмаски, юртимизда барча соҳаларда ортга кетиш, мувафақиятсизликка учраш кузатилмоқда. Айниқса, дунё бўйлаб кузатилаётган иқтисодий бўҳрондан кейин Ўзбекистон аҳолиси янада қийин вазиятда қола бошлади. Мамлакат расмий статискаси қандай кўрсаткичларни кўрсатишидан қаттий назар, “Ижтимоий фикр” таҳлил маркази қандай баёнотлар беришидан қаттий назар мамлакат иқтисодиёти ортга кетаётган дунё иқтисодиётидан-да шиддатлироқ тарзда орта кетмоқда.

Жумладан, совет иттифоқи қуламасидан олдин гуллаб яшнаган ва мамлакатимиз иқтисодиётининг асосий таянчларидан бири бўлган чорвачилик соҳаси ҳам бугунги кунга келиб ақл бовар қилмас даражада инқирозга учрамоқда. Исбот тариқасида биргина мисол. Навоий вилоятининг Навбаҳор тумани асосан чорвачиликка ихтисослашган туманлардан биридир. Ушбу туман ҳудудида деҳқончилик қилиш деярлик имконсиз бўлгани сабабли, туман чорвачиликка мослаштирилиб бунёд этилган. Совет даврида бу туман аҳолиси, сут-қаттиққа муҳтожлик нима эканлигини билмасдан ҳаёт кечиришар эди. Чунки туманда саккизта совхоз бўлиб, ушбу совхозларда жами 7 мингдан зиёд қорамол, 34 мингдан зиёд қўй-эчки, 300 бошдан зиёд йилқи парваришланар эди.

Ҳозирги кунга келиб эса ушбу туманда етмишга яқин чорвачилик фермер хўжалиги фаолият кўрсатаётган бўлиб, салкам 2 минг 300 бош қорамол, 20 минг 500 бош қўй-эчки, 100 бош от парваришланмоқда. Ушбу рақамлар билан юқорида келтирилган рақамларни солиштириб кўриш ортидан айнан биргина туман мисолида чорвачиликнинг нақадар ортга кетганини англаб олишимиз мумкин. Чорвачилик соҳасининг ортга кетишига шубҳа йўқки мамлакатимизда авж олган коррупция имкон яратиб бермоқда. Сабаб порахўрликка берилган амалдорлар давлат мулкини очиқдан-очиқ талон-тарож қилишмоқда. Чунки билишдики, уларни бу қилмишлари учун ҳеч ким жавобгарликка тортмайди. Зеро мамлакат раҳбарининг ўзи энг катта, энг йирик порхўрдир.

Сурхон воҳасидаги, Туркманистонга яқин ҳудуда жойлашган Толимаржон тумани ҳам асосан чорвачиликка мослашган бўлиб, совет даврида бу ерда ҳам чорвачилик гуркираб яшнаган эди. Аммо ҳозирги кунга келиб Толимаржонда бор-йўғи тўртта чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалик фаолият кўрсатмоқда. Қолган чорвачилик учун ажратилган майдонлар аллақачон ғалла ва пахта далаларига айлантириб юборилган. Мамлакат амалдорлари шу қадар бефаҳмки, ушбу туманда ғалла ва пахтадан юқори ҳосил олиб бўлмаслигини сира ҳам тушуниб етишмайди. Бу ҳудудда деҳқончилик қилиб бўлмаслигининг сабаби шундан иборатки, ёз фаслида афғон шамоли тез-тез эсиб туради.

Диёримиз бир вақтлар қоракўл териси етиштириб бериш орқали ҳам СССР давлатлари орасида анчагина танилган эди. Бироқ ҳозирги кунга келиб етиштирилаётган қоракўл терисини сифати мутлоқо пасайиб кетди ва бу соҳа ортидан давлат фойда кўра олмайдиган бўлиб қолди. Етиштирилаётган қоракўл териларининг жунлари олдингидек товланиб турмайди ва рангининг тиниқлиги анчагина йўқолган. Сабаб чорвадорлар қиш фаслида чорвани керакли ем-хашак билан таъминлай олишмаяпти. Чунки чорвадорларга қиш фаслида ем-хашак етказиб бериш йўлга қўйилмаган ва бу муаммога ҳукумат даражасида аҳамият берилмаган. Мамлакат раҳбари ҳам чорвачиликнинг ортга кетаётганини жуда яхши ҳис этиб турибди. Бироқ у бу соҳага аҳамият беришни ўринсиз, -деб билмоқда. Чунки қудратдаги режим ҳукумдорини газ ва нефтдан келаётган фойда кўпроқ қизиқтирмоқда ва халқ дарди унинг дарди бўлмай қолган. Айнан шунинг учун ҳам мамлакатимиз гўёки бедарвоза шаҳарга ўхшаб қолди ва ҳар қайси вилоят ҳокими ўзини шу вилоят ҳоқоннидек ҳис этиб халқни очкўзларча талашда давом этмоқда.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares