Нима қилиш керак?

“Бирдамлик” ҳаракатининг Қирғизистон бўлими фаоли Қизлархон Хўжаева.

Бир тенгдошимнинг ҳаётий кечирмалари ҳакида ҳикоя.


Нима қилишимиз кераклиги борасида ўз вақтида кўп ва хўп гапирилган. Ҳозирги кунда хам гапириб келишмоқда. Бироқ шу кунга қадар миллати ўзбек якуний қарорга кела олгани йўқ менимча. Мен бундан бир неча кун илгари Бишкек шаҳридаги автовокзаллардан бирида қудратдаги режимдан азият чеккан ватандошимни ва шу билан бирга тенгдошимни учратиб қолдим. Мустаққилик балоси қаёқдан ҳам келди, дугонажон,- деб гап бошлайди менинг тенгдошим. У шунчалик ҳаёжонда эдики, мени гоҳида дугонажон,- деб гоҳида эса синглим,- деб гапирар эди. Мен у кишининг сўзларини диққат билан тинглар эдим:
-Ўзбекларга Аллоҳимни ҳам раҳми келмаяпти-я. Бу қандай кўргулик. Айтинг қайси миллат аёллари ўзга юртларда сарсон бўлмоқда? Нафақат рус юрти, қолаверса дунёдаги ўзга юртларга ҳам борсангиз ҳам энг оғир ишларда фақат ўзбек ёшлари ишлашмоқда. Оғир ишларда ишлаётган жувонларни-ку сўрамай қўя қолинг,-дея гапида давом этди у.

Мен унинг таъсирли сўзларини тинглар эканман тўсатдан ўзимда пайдо бўлган саволларни унга бердим.
-Сиз нимага бунчалик ғам-андуҳдасиз? Сизнинг ҳаётингизда ҳам жиддий вазиятлар тўй бериб, Каримов режимидан жабр кўрганмисизки, бу қадар қудратаги ҳукуматдан нафратланасиз?
-Ҳа, шундай десам ҳам бўлади. Мен ҳозирги кунда Қирғизистон ва Қозоғистон орасида савдо сотиқ ишларини олиб бориш билан шуғулланаман. Мана ёшим ҳам қирқга яқинлашиб қолди. Лекин шундай бўлсада бирон-бир кунимда ҳам ором йўқ. Ҳар куни эрта тонгдан Қирғизистондаги “ДОРДОЙ” бозоридан товар оламан ва Қозоғистонинг Чимкент шаҳрига олиб бориб кўтара нархга пуллайман.

-Ўз она ватанимда иш бўлганида мен ва мен каби ўзга ватандошларим ҳам бу каби сарсон-саргордон бўлмас эди. Кечагина бир ёш ўзбек қизини Бишкек шаҳрида учратиб қолдим. Асли Тошкентдан бўлган ушбу қиз турли хил ножоиз ишлар билан шуғулланиб юрар экан. Ўзингиз айтинг, агарки юртимизда ишсизлик бартараф этилганида ўн гулидан бир гулли очилмаган ўзбек қизлари шу каби хор-у зор бўлиб юришармиди? Бу каби ҳолатларни санаб адоғига етиш мушкулдир.
Мен ёниб куйиб гапираётган ва қудратдаги режимнинг қилмишларидан азият чекган тенгдошимга қандай қилиб тасалли беришни билмас эдим. Чайналган ҳолда аранг:
-Сабр қилин, ҳаммаси яхши бўлиб кетар,-дедим.

-Қачонгача сабр қилишимиз мумкин ахир? Мана шу Каримовнинг қудратга келганига ҳам ўн саккиз йилдан ошибди. 1995-йиллар айтишар эди, ҳаммаси яхши бўлиб кетади,-деб. Лекин мана ҳозирги кунга қадар ҳеч нарса ўзгаргани йўқ.
Мен ҳам унинг гаплари рад этиб бўлмас ҳақиқат эканлигини тан олиб, бу мавзу борасида ўз фикримни билдиришим кераклигини англадим. Зеро оғзимга талқон солгандек жим ўтиришим ҳам тўғри бўлмас эди.
-Ҳа бу гапларингиз ҳақиқат. Индамай туриш билан ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмайди. Бу кетишда асрлар ўтсада ҳеч нарса ўзгармаслиги аниқ. Нимагадир эришишимиз учун Ўзбекистонда тушунтириш ишлари олиб боришимиз ва халқни курашга даъват эта олишимиз керак. Ана шунда бирор ўзгариш бўлиши муқарар.
-Ҳа, ўзга иложимиз йўқ,- дея уф тортди суҳбатдошим. Лекин нима ҳам қиламиз энди, осмон йироқ –ер қаттиқ,-дегаларидек қудратдаги ҳукуматга қарши фаол кураша оладиган марднинг ўзи қолмади. Ҳамма кетди, четга қочиб. Бу Каримов тузими қулламас экан, Ўзбекистонда ҳеч нарса ўзгармайди. Йил ўтиши билан вазият оғирлашса, оғирлашадики ўзгариш бўлмаслиги ойдек маълум.

Тенгдошим билан шу ўз ватанимизда бўлаётган ноҳақликлар ҳақида суҳбатлашиб автовокзалга етиб келганимизни сезмай қолдик. Қудратдаги режимнинг шавқатсизлигидан жабр чеккан тенгдошим билан хайрлашар эканман, юртимиздаги вазиятни қандай ўзгатириш борасида яна бир бора ўйлаб кўрдим. Нима қилиш керак?, -деган саволага жавоб изладим. Нималаргадир жавоб топдим. Нималаргадир эса жавоб тополмадим.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares