Эшитдингизми? Қишлоқлар тараққий этишнинг янги босқичига кирар эмуш.

“Бирдамлик” ҳаракати фаоли Анварбек

Тарқдир тақаззоси билан хорижий юртларда истиқомат қилаётган ватандошларимизнинг аксарияти 2009-йил мамлакатимизнинг хурматсиз рахбари томонидан қандай номланганлигини яхши билишмайди. Шундай ватандошларимга маълум қилмоқчиманки, 2009-йил юртимизда “Қишлоқ тараққиёти ва фаравонлиги йили” –деб номланди. Қизиқ. Йўқ, аниқроқ қилиб айтадиган бўлсам ғалатироқ. Қудратдаги режим жорий йилни “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили” -деб номлашининг мен учун ғалати туюлган жиҳати шундан иборатки, қандай қилиб мамлакат тараққий этмасдан туриб, юрт фаровон бўлмасдан туриб қишлоқлар тараққий этиб кетиши ва фаровон бўлиши мумкин?

Ёки, мамлакат тараққий этмасдан туриб қишлоқларни тараққий эттириш ривожланишнинг “ўзига хос ва ўзига мос” услуби эканми? Малакатимизнинг ноқонуний рахбари 2009-йилни шундай номлаши билан ўз идораларида зерикиб, нима хақида ёзиб, халқни қандай лаққиллатишни билмай ўтирган махаллий ОАВ ходимларига жон кирди. Сабаб, улар учун энди батфсил ёритиладиган мавзу топилган эди-да. Мухбирлар қишлоқлар томон югуришди ва “Халқ сўзи”, “Тошкент оқшоми”, “Ўзбекистон овози” каби газеталарнинг бош саҳифалари тўлағича қишлоқ хаётини ёритишга бағишланди. Бу ҳолат эса совет даврини эсга солади гўё. Ҳа, совет даврида хам қишлоқ хаётини ёритиш газетачиларнинг асосий иши эди.

Келинг шу ўринда “Қишлоқ тараққёти ва фаровонлиги йили”га бағишлаб ёзилан сон-саноқсиз мақолалардан бирига эътибор қаратайлик. “Фаравонлик ўзимизга боғлиқ” номли мақоладан ихтибос:
-Юртбошимиз томонидан “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили” -деб эълон қилинган жорий йилда қишлоғимизда ичимлик суви таъминотини таъмирлаш, 3 киломертлик ички йўлни қайт қуриш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга оширишни мўлжалламоқдамиз. Қишлоқнинг ободлиги, юртимиздаги тинчлик ва барқарорлик эртанги кунга ишончимизни янада мустаҳкамлайди. Фаровон турмуш эса ўз меҳнатимизга, ҳаракатимизга боғлиқ эканини ҳар биримиз унитмаслигимиз зарур, -дейди Жиззах вилояти Зафаробод туманидаги “Бирлик” қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Олим Сувонқулов.

Олим Сувонқуловнинг фикрларига заррача бўлсада қўшилиш мушкул. Биринчидан: Юртимиздаги бирон-бир қишлоқ 100% тоза ичимлик суви билан таъминланманган ва бундан кейин хам таъминланмаслиги аниқ. Иккинчидан: Мамлакатимиздаги хар бир гўшани кўкаламзорлаштириш жадал амалга оширилаётгани хақида мана 18 йилдирки тинимсиз равишда гапириб келишмоқда. Бироқ она диёримиз хали ҳамон боғи-бўстонга айлангани йўқ. Аксинча республикамизнинг шимолий ва қисман жанубий минтақаларида чўллашиш жараёни авж олмоқда. Учинчидан: Хозирги кунда мамлакатимиздаги биронта хам шахс республикадаги тинчликни кўриб, эртанги куним зўр бўлади, -деб ўйламайди. Тинчлик бўлгани билан халқнинг қорни оч бўлса қандай қилиб инсонларнинг эртанги кунга бўлган ишончи ортиб бориши мумкин. Аксинча, қорни оч инсонлар хам тушунишадики, мамлакат тинч бўлгани билан қашшоқлашиб кетиш давом этаверади.

Содда ва лўнда қилиб айтадиган бўлсак, Олим Сувонқуловнинг ушбу мақоласи хам расмиятчилик учун ва хўжа кўрсинга ёзилган. Зеро айнан мана шунақанги мақолалар чиқариш ва давлат пропагандасини олиб бориш Олим ака каби курсисини ўйлаб ишлаётган рахбарчаларнинг асосий вазифасидир. Мен ва мен каби бутун бошли ўзбек халқи ишонадики, йилларни қишлоқларни тараққий топтириш хақидаги шиорлар билан хар қанча номлашмасин, юртимизда хеч нарса ўзгармайди. Агарки мустақилликка эришганимиздан буён расмийлар амалга оширилганини иддао қилган ва иддао қилаётган барча ишлар ҳақиқатдан хам амалга оширилганида эди, хозирги кунга келиб хаттоки хожатхоналаримиз деворлари ҳам тиллодан ишланган бўлар эди.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares