Ўзбекистон Бош вазирининг 1-ўринбосари Рустам Азимов раҳбарлигидаги ҳукумат ҳайъати Душанбедаги музокаралардан қайтган.
Охирги 10 йилда илк бор уюштирилган ўзбек-тожик музокаралари якунлари ҳақида икки томон расмийлари баёнот беришни маъқул кўрмаганлар, бу эса музокараларнинг бесамар бўлгани ҳақида тахминларга йўл очган.
Рустам Азимов икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, демаркация ва делимитация масалалари бўйича тузилган ҳукуматлараро комиссиянинг Ўзбекистон томонидан раҳбари бўлиб, Тожикистон пойтахтидаги музокараларда асосий мавзулар – табиий газ, электр қуввати ва сув иншоотлари масалалари бўлиши кутилганди. Музокараларни яқиндан кузатган Би-би-си мухбири Искандар Ферузга кўра, томонлар учрашув ва музокаралар натижаси борасида бирон шарҳ беришмаган:
Искандар Феруз: Бу жуда ғалати кўринди, чунки бу каби учрашувлардан сўнг одатда Тожик тарафи ҳеч бўлмаса баёнот қилади ёки матбуот анжумани ўтказади. Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Рустам Азимов Президент Рахмон билан кўришганидан сўнг одатий журналистлар билан ўтадиган брифингдан бош тортди. Президент саройида йиғилган журналистлар кун давомида икки томоннинг хам музокаралар чоғидаги кайфиятини кузатиб боришди. Кайфият бир яхшиланса, бир ёмонлашарди. Аввалига протоколга соат 4:00да имзо чекишга келишилди, бироқ кейин соат 8:00га кечиктирилди. Музокарадаги сиёсатчилар ўзларининг раҳбарлари билан телефон орқали боғланиб туришди ва музокара чоғида баъзи жиҳатлар бўйича келиша олишмади. Сўнгра шошилинч тарзда икки ҳужжат имзоланди: бири давлат чегараларининг делимитацияси хақида, иккинчиси эса, ҳамкорлик ва савдо ҳақида эди.
Би-би-си: Бу хужжатларнинг тафсилоти аниқми?
Искандар Феруз: Журналистлар ўртасига тушиб қолган Рустам Азимов ҳужжатлар тафсилоти борасидаги саволга фақат: «Музокаралар яхши ўтди»,- дея жавоб берди. У ўз тожик ҳамкасби ёрдамида журналистлар орасидан зўрға чиқиб, атрофидагилар билан темир йўл томонга йўл олишди ва у ердан поездга ўтириб Ўзбекистонга қайтишди. Шунингдек, ўзбек тарафи тожик ҳукумати уюштирган банкетда учрашишдан бош тортган. Буни ҳам журналистлар учрашувнинг муваффақиятсиз якунланганидан дарак беради, дея баҳолашмоқда.
Би-би-си: Баъзи мухбирларга кўра, учрашувнинг натижасиз якунланганига Президент Рахмоннинг Москвага сафар қилишга тайёрланаётгани ва Тожикистондаги ГЭСларни қуришда Россиядан дастак олишга яна уринаётгани сабаб бўлиши мумкин. Бу гаплар нақадар асосли?
Искандар Феруз: Албатта боғлиқлик бўлиши мумкин. Бироқ бу билан ўзбек ва тожик алоқаларини инкор қилиб бўлмайди. Ўзбек делегациясининг ташрифидан аввал ҳам тожик расмийлари Ўзбекистон нақадар муҳим савдо шериги экани ва ўртадаги бошқа муаммолар тез ҳал бўлишига умид қилишларини айтишди. Ундан ташқари Ислом Каримовнинг ўзи Тожикистондаги РАГУН ГЭСининг қуриб битирилишида қатнашиши мумкинлигини айтган. Бироқ, икки томон йилига жуда катта айирбошлов қилади, бу газ, электр қуввати, минерал ўғитлар ва бошқалар. Шундай экан Имомали Рахмоннинг Москвага ташрифидан қатъий назар, бу савдо алоқалари давом этаверади. Аммо, бу сафарги учрашув атрофидаги манбалардан бизга маълум бўлдики, Тожикистон Ўзбекистондан бу йил сал адолатлироқ бўлишни сўраган, Тожикистон Ўзбекистон билан электр қуввати алмашишда «бирга бир» қоидаси бўйича амал қилишни истайди, чунки шу пайтгача Тожикистон Ўзбекистонга ёз мавсумида 900 киловатт электр қуввати беради, бироқ қиш келганда унинг эвазига фақат 500 киловатт олади. Тожик тарафи бундан норози. Иккинчидан, туркман энергиясининг ўзбек ҳудуди орқали транзити жуда оғриқли масала. Тожикистонда ҳозир электр энергияси истеъмолига кескин чеклов қўйилган, кескин танқислик мавжуд. Тожик тарафи шу муаммони ҳам ҳал қилишни истаганди. Бироқ, музокара бўйича ҳеч қандай тафсилот эълон қилинмаётган экан, демак бу борада ҳам келиша олмадилар дея хулоса қилиш мумкин.




