Дилмурод САЙЙИД
Кўзларимдан алам ёшлари қалқир,
Аммо тўкилолмай мендек жонсарак.
Тоғдек муҳаббатин яшириб, охир-
Айлантирди тоғдек армонга юрак!
Ҳабибим тарк этиб кетмоқда букун
Дилим муродини чилпарчин этиб.
Елкамга ортиб ёр айрилиқ юкин
Ўзи ҳам кетмоқда дардини ютиб!
Муҳаббат онасиз гўдакдек сағир,
Қалбимдек нотавон зарра мурувват.
Ҳар ненинг чеки бор, дейдилар ахир,
Менинг дардларимга ҳудуд йўқ фақат!..
Сендан умидларим шумиди, эвоҳ,
Тангри, деб билардим мен сени эркам,
Кечиргучи эди мен билган Аллоҳ,
Аллоҳ бўлолмадинг не-чун сўнгги дам?..
27.06.91й.
ЁР-ЁР
Сенга бахту, менга андуҳ, ёрим, қутлуғ тўйгинанг,
Бўй баробар ғамга отдинг, феълингга мос бўйгинанг,
Сен кетарсан ҳарир рўмол бошинг узра ҳилпираб,
Мен қоларман кўзларим ёш, ёр, ортингдан мўлтираб,
Сенга бахту, менга андуҳ, ёрим, тўйинг, ёр-ёр,
Бошим урдим-ёрилмади, надир кўнглинг, ёр-ёр?
Қўлингдаги биллур қадаҳ шуълалардан ярқирар,
Май ўрнида гўё маним кўзёшларим чайқалар,
Дўстлар сенга, ағёр менга кулиб қарар, қаламқош,
Кулгуга ҳамоҳанг бўлиб томчилайди кўздан ёш.
Сенга бахту, менга андуҳ, ёрим, тўйинг, ёр-ёр,
Бошим урдим-ёрилмади, надир кўнглинг, ёр-ёр?
Ваъдаларинг сароб бўлди, сароб бўлди муҳаббат,
Ғариб янглиғ бўзлар юрак: хароб бўлди муҳаббат!
Инонганим гулзор эмас, умрим бўйи армондир,
Умидларим қувғин маним, ишончларим сарсондир.
Сенга бахту, менга андуҳ, ёрим, тўйинг, ёр-ёр,
Бошим урдим-ёрилмади, надир кўнглинг, ёр-ёр?
Мен кетарман олисдан ҳам олис бўлиб, бевафо,
Алам деган саҳро ичра маъюс бўлиб, бевафо.
На севинч бор, на юпанч бор, аъроф мисол йўлларим,
Бир қараб қўй сўнгги марта шаҳидингга, дилбарим…
Сенга бахту, менга андуҳ, ёрим, тўйинг, ёр-ёр,
Бошим урдим-ёрилмади, надир кўнглинг, ёр-ёр?
28.07.91й.




