
General Motors Uzbekistan қўшма корхонаси Ўзбекистонда биоёқилғилардан фойдаланувчи кичик ҳажмдаги машина двигателларини ишлаб чиқаришга қарор қилган.
Шу мақсадда ширкат Тошкент вилоятида мотор заводини барпо этишга киришган.
Икки йилдан сўнгра ишга туширилиши мўлжалланган ушбу завод – General Motors Powertrain Uzbekistan номини олади ва бир мингдан ортиқроқ одамни иш билан таъминлаши кутилмоқда.
Жанубий Кореянинг «Дэу» (DAEWOO) ширкати касодга учраши ортидан 2007 йилда Асакадаги «Уздэуавто» автомобиль заводи асосида Ўзбекистон ва Американинг «Женерал Моторс» компанияси ўртасида қўшма корхона барпо этилганди.
Ҳозирда «Женерал Моторс» Асакадаги автомобиль заводи ҳиссаларининг 25 фоизига эгалик қилади.
General Motors Powertrain-нинг Оврўпо бўйича вице-президенти Майк Аркамонега кўра, ушбу двигателлар дастлаб Ўзбекистоннинг ички бозорига мўлжаллаб, ишлаб чиқарилади. Аммо уларни хориж бозорларига чиқариш режаси ҳам бор.
Ширкат масъулининг билдиришича, General Motors Powertrain қўшма корхона ҳиссаларининг 52%, Ўзбекистон томони эса, 48% га эгалик қилади.
Жаноб Аркамоне, ўз ўрнида, ўзбекистонлик ҳамкорлари билан режа ижроси учун қанча маблағ кетиши аниқ бўлмагунча, жами харажатларга оид рақамларни ошкор этмасликка келишиб олганликларини айтган.
Бироқ унга кўра, ушбу сармоялар миқдори ҳам «Женерал Моторс» ва ҳам Ўзбекистон учун улкандир. Ҳамда гап миллионлар ҳақида бормоқда.
Билдирилишича, «Женерал Моторс» стратегиясига мувофиқ, янги сармоялар Асака заводидан олинган даромад ҳисобига қурилади.
General Motors Powertrain вице-президенти Ўзбекистонда автомобиллар бозори орқага кетаётганига оид фикрларга қўшилмаслиги, айнан талаб борлиги учун ҳам, янги двигателлар заводини қуришга қарор қилганликларини таъкидлаган.



