Қир ва адирлар учун тортишиш ҳамон давом этмоқда.

Зоҳир Шоҳ


Мен бундан бир неча ой илгари Бойсун туман “Мачай” қишлоғида яшовчи фуқаро, “Саридўнг” фермер хўжалигини раҳбари Ҳусан Эшқурбонов билан суҳбатлашиб қолган эдим. Ҳусан ака гапни узоқдан бошлади ва суҳбат негизини ўзининг бугунги муаммоларга бурди:
– Мен 2005-йилнинг апрель ойидан бошлаб, “Саридўнг” фермер хўжалигига раҳбарлик қилиб келмоқдаман. 2006-йилнинг 28-май куни Бойсун туман ҳокими Э.Бойниёзов менинг хўжалигимга қарашли бўлган “Омборсой” ҳудудидан 0,40 га сотиҳ лалми ерни маҳаллий фуқаро Ҳудойберди Муҳторов номига расмийлаштириб берди ва деҳқон хўжалиги ташкил қилиш учун унга рухсатнома бериш ҳақида қарор чиқарди.

Амалдаги қонунчиликка кўра туман ҳокими Э.Бониёзовнинг ушбу чиқарган қарори мутлоқо ноқонуний эди. Мен Ҳ.Муҳторовга ҳокимнинг чиқарган қарори адолатсизлик билан чиқарилганини тушутирдим ва менинг ҳудудимга тегмаслигини илтимос қилдим. Лекин Мухторов менинг гапларимни инобатга олмади ва шундан кейин у билан орамизда катта жанжаллар бўлиб ўтди.

Менинг узоқ елиб югуришимдан кейин туман ҳокимининг 2006-йил 28-май куни чиқарган №215 сонли қарори туман прокуратураси томонидан протест орқали бекор қилди. Аммо афсуски, шундан кейин ҳам Ҳ.Муҳторовлар оиласи билан бизнинг оиламиз ўртасидаги жанжаллар ҳаммон давом этиб келмоқда. Зеро улар менинг фермер хўжалигимга қарашли бўлган ҳудуддан ноқонуний тарзда фойдаланишмоқда. Мен ўз ерим, қир-адирликларим учун курашишни бир сонияга бўлсада тўхтатмайман. -дейди Ҳ. Эшқурбонов.

Ҳусан Эшқурбонов билан суҳбатимиздан сўнг, яқин кунларнинг бирида у кишининг отаси, собиқ иттифоқ даврида прокурорлик вазифасида фаолият олиб борган Ҳожиқул Эшқурбонов билан суҳбатлашиб қолдик. У киши ўғли Ҳусаннинг гаплари юз карра тўғри эканлигини айтиб қўшимча қилди:

-Ўғлим ўз ерлари учун доимий равишда курашиб келгани сабабли рақиби бўлмиш Ҳ.Муҳторов ўз қариндошлари билан биргаликда уни роса ҳам қаттиқ калтаклашиб, жиддий тан жароҳати етказишди. Ўғлим Ҳусан Эшқурбонов ҳозирги кунда туман марказий шифохонасида оғир аҳволда ётибди. Ҳусанжоннинг “иш” материаллари юзасидан туман ИИБда тергов ишлари олиб борилмоқда. Тергов натижаси қандай бўлиши бизларга ҳам номаълум.

Мен журналистик суриштирув олиб бориш мақсадида Ҳ.Мухторов билан ҳам суҳбатлашмоқчи бўлдим. Бироқ у кишини топишнинг сира ҳам иложи бўлмади. Етиб келган маълумотларга қараганда қир-адирлар учун курашиш ҳозирги кунга қадар давом этмоқда.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares