3-Мақола: АЖДОДЛАР АНЪАНАСИ
Низомиддин Мир Алишер Навоий ҳазратлари Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” асарини ўқиб, ёд олган чоғларида ўн ёшга ҳам тўлмаган эканлар.
Неажабки, ўша болалик вақтидаёқ шундай мантиқий илмни мушоҳада эта олган бўлғуси мутафаккир 12 ёшида биргина:
Оразин ёпқоч, кўзумдин сочилур ҳар лаҳза ёш,
Бўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон ўлғоч қуёш! –
байти билан замонасининг малик ул-каломи Носириддин Лутфуллоҳ-Лутфийдек зотни лол қилган. Қуйида ўша “биргина байт билан боғлиқ” беқиёс салоҳиятнинг яна бир қирраси ҳақида баҳоли қудрат сўз юритиш истаги туғилди.
ХЎЖАНД БУЛБУЛИ тавсифи билан машҳур, тожик мумтоз адабиётининг етук шоири Камол Хўжандий номи адабиёт соҳаси кишиларига яхши таниш.Давлатшоҳ Самарқандий маълумотига кўра Камол Хўжандий 1318 йили таваллуд топган. Тарихчи Мирхонд унинг вафотини 1397 йил, деб кўрсатади. Хўжандда туғилиб, Табрезда вафот этган.
Бу етук шоирдан қолган адабий мерос-“Девон”даги ғазаллардан бирида қуйидаги байтни ўқидим:
То рух напўши кай шавад аз дида ашки мо равон,
Пэнҳон нагашта офтоб, ахтар намеояд бурун!
(Қаранг: Камол Хўжандий, :Девон”,Т., Ўзадабийнашр, 1962 йил, Васфий таржимаси)
Бу байт “Девон”нинг 284-саҳифаси (форс-тожик тили, араб имлоси)да берилиб, 285-саҳи-фада таржимаси келтирилган:
Юзингни ёпмагунча, кўзларимдан оқмагай ёшим,
Қуёш ботмай туриб, оламга юлдузлар аён чиқмас!
Ушбу маълумотни ўқиб, хулоса чиқаришга ошиқмаслик керак. Зеро, каминанинг айнан шу борада айтадиган мулоҳазам бор.
Алишер Навоий таваллудидан қарийб бир аср аввал ижод этилган бу форс-тожик тили-даги байт Камол Хўжандий ғазали(ижоди)да оддий қўшмисра даражасидан юқорироқ эъти-борга кўтарила олмаган. Соддароқ қилиб айтганда, ғазал таркибидаги шунчаки ташбеҳ байт бўлиб қолган, холос.
Мир Алишер ҳазратлари 10-12 ёшдаёқ етук шоир “Девон”ини мутолаа қилиб, Камол Хўжандийнинг олти минг мисралик (!) шеъриятидан айнан шу байтни саралаб олганли-гининг ўзи нозикдидлилик белгиси бўлса, ўз даврининг шеърият тили ҳисобланган форсий лафзда шуҳрат қозонган Камол Хўжандий эришмаган чўққини 12 ёшли Алишернинг туркий тилда забт этиб, оддий қўшмисрани ШОҲБАЙТ даражасига кўтарганлиги эса, улуғ бобомиз салоҳиятининг яна бир эътиборли қиррасидир.
Назаримда, мавлоно Лутфий ҳам ёш Алишер битган байтга унинг нозикдидлилиги, салоҳиятидаги латифлик жиҳатларини эътироф этган ҳолда фикр билдирган бўлсалар керак.
Умуман, тарихдан маълумки, мумтоз адабиётда ўзидан олдин ўтган ва замондош ижод-корлар асарларидан таъсирланиб қалам тебратиш гўзал анъана ҳисобланган. Нафақат кичик ҳажмли, балки “Фарҳоду Ширин”, “Лайли ва Мажнун”дек йирик достонлар, “Хамса”дек буюк асарлар ҳам айнан шу гўзал анъана меваси, десак муболаға бўлмас!
Дилмурод САЙЙИД.




