Таниқли ҳофиз Қодир Мирашуров билан суҳбат

Тожикистонлик таниқли хонанда Қодир Мирашуров bbcuzbek.com ўқувчилари ва тингловчиларимизнинг саволларига жавоб берди.
Қодир Мирашуров ўз қўшиқлари билан фақат Тожикистонда эмас, балки Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистонда ҳам танилган истеъдодли санъаткордир.

Ҳофиз 1957 йил 1 мартида Тожикистоннинг Нов (ҳозирги Спитамен) туманидаги Саидқўрғон қишлоғида дунёга келган.

16 ёшидан бошлаб ашула айта бошлаган.

Қодир Мирашуров қўшни Ўзбекистоннинг Бекобод шаҳридаги мусиқа билим юртини тамомлаган.

Ҳофиз 25 йилдан кўпроқ вақт мобайнида Нов шаҳарчасидаги Шукур Бурхонов номли ўзбек театрида ишлаган.

Санъаткор биринчи устози сифатида мактабда рубоб чалиш сирларини ўргатган Толибжон Тўрабоевни билса, ўзининг асл устози дея Ўзбекистон Халқ ҳофизи Шерали Жўраевни эътироф этади.

Ҳозирда унинг ўзи ҳам ўнлаб ёшларга устоз. Жумладан, ўзбекистонлик Дилшод Раҳмон, Валижон Қодиров, Эргашали Ҳусанов, Воҳиджон Сўфиевлар Қодир Мирашуровни ўзларига устоз деб билишади.

Ҳофизнинг шогирдлари орасида ўғиллари Комилжон ва Қобилжон ҳам бор.

Қодир Мирашуров 1989 йилда Тожикистонда хизмат кўрсатган артист унвонига сазовор бўлган.

Ширали ва жозибали овоз эгаси Қодир Мирашуров ҳозиргача 100 дан ортиқ қўшиқ яратган.

Ҳофиз Алишер Навоий, Огаҳий, Машраб, Бердақ, Чустий, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Хайриддин Салоҳ, Тўра Сулаймон, Абдулла Шер каби шоирлар шеърларига куйлар басталаган.

Санъаткор шунингдек андижонлик Қодир Деҳқон, тожикистонлик Маҳмуд Жўшқин, Ибод Саъдулла, Дилмурод Ҳожимуродов шеърларини ҳам қўшиққа айлантирган.

Ҳофизнинг «Ёруғ дунё керак менга», «Мирзо Бобурман», «Нега келмассан», «Кетма ёнимдан», «Сарвиноз», «Атиргулим» каби ўнлаб қўшиқлари санъатшунослар томонидан юқори баҳоланган.

Ҳофиз тожик, қирғиз ва уйғур тилларида ҳам қўшиқлар ижро этади.

Би-би-си: Тошкентдан Маҳмуд сўрабди: “Нечи ёшдан ашула айтишни бошлагансиз?”

Қодир Мирашуров: Менинг қўшиқ айтишим мактаб давридан бошланган. Мактабда 6-7-чи синфлардан бошлаб ашула дарсларида қўшиққа шу қизиқишим бўлган. Ўша мактабда ўтиладиган музиқа дарсларида қўшиқ куйлашни бошлаганман.

Би-би-си: Нью Йоркдан Муслим исмли мухлисимиз иккита савол йўллаган:

1. Қайси қўшиқ устида ишлаяпсиз?

Қодир Мирашуров: Ҳозир янги бир қўшиқ устида ишлаяпман. Бу қўшиқ – Дилмурод Ҳожимуродов деган Новлик шоиримизнинг қаламига мансуб. Қўшиқ, Худо хоҳласа, яқин келажакда тайёр бўлади. Ашуланинг номи: “Йўқолди дилда оромим”. Худо хоҳласа, келаси ойда эфирга чиқади бу қўшиғимиз.

2. Шерали Жўраев билан бўлган илк учрашувингизни эслай оласизми?

Қодир Мирашуров: Шерали Жўраев мани устозим бўладилар. Уларни мен дуои фотиҳаларини олганман. Биринчи бор 1978 йилда учрашганмиз. Асакада бўлган. Мен ўзим “шогирдингизман”, деб қидириб бориб, улар билан учрашиб, дуоларини олганман.

Би-би-си: “Ўзингиз басталаган қайси қўшиқни севасиз?” – деб сўраган Хўжанддан Рустам

Қодир Мирашуров: Мен юздан ошиқ қўшиқларни басталаганман. Ичида энди ёмони ёки яхшиси шахсан мен учун йўқ.. Ҳамма қўшиқларимни яхши деб ўйлайман. Аммо, баҳо бериш мухлисларимизга ҳавола. Энди барибир халқ ичида севгани қўшиқларимиз бўлади. Мана “Сарвиноз”, “Кетма ёнимдан”, “Сизмисиз”, “Нега келмассан?”, “Боғида баҳор яйраган” деган қўшиқларимиз оммаган кўпроқ ёққан. Шу қўшиқларимни кўпроқ севаман, албатта.

Би-би-си: Тошкент вилояти Бекобод туманидан Тўлқин Бердиев ёзган мактубдан:
“.. Ўзбкистонга тўйларга келиб турибсизми? Чегарадан ўтишнинг ўзи осон бўлмаса карак?”

Қодир Мирашуров: Энди “эл тилаган жой – азиз” дейишади. Ўзбекистонда мухлисларимиз жуда кўп. Мана тўй-маъракаларга ҳам таклиф қилиб туришади. Лекин чегара муаммоси анча қийинроқ. Энди ўзимизнинг яқин дўст, ёр-биродарларимизнинг тўй-маъракаларига “йўқ” демасдан бориб турибмиз. Лекин чегарада сал муаммо бўлиб турибди. Узоқроққа борадиган бўлсак, виза сўрашади. Энди биз
Бекободдан ўтиб то 70 километр ичкаригача боришимиз мумкин, аммо ундан у ёғига виза билан ўтишимиз керак. Шунга узоқроққа бориш сал муаммо бизда.

Би-би-си: “Ҳурматли Қодир ака, нега охирги пайтларда Ўзбекистон телевидениеси ёки радиоларда қўшиқларингизни қўйишмайди?” – деб сўраган Тошкент шаҳридан Элёр исмли мухлисимиз.

Қодир Мирашуров: Радиоларда берилмаяпти эмас, беришаяпти. Аммо аввалгидай эмас, камроқ беришаяпти. Бунинг сабабини ман била олмадим. Ўзбекистон телевидениесида чиқишимиз учун баъзи бир қийинчиликлар бор. Ўзбекистонда лицензия олишимиз керак. Ҳозир Ўзбекистон телевидениеси ёки радиосида чиқишим учун менда лицензия йўқ. Шунинг учун камроқ беришаяпти шекилли.

Би-би-си: Ўзбекистондан “Жон” исмли мухлисимиз қуйидаги мактубни йўллаган: “Ўзбекистонда ҳозир темирчиям, ҳайдовчиям, муллаям, табибам ҳофизликка даъвогар. Чўпон сони кўпайиб кетса, қўй харом ўлиб қолмасмикан? Умуман Ўзбекистонда санъаткорлар сонининг ҳаддан ташқари кўпайиб кетишига қандай қарайсиз?”

Қодир Мирашуров: Ҳақиқатдан ҳам ҳозир ҳофизлар жудаям кўпайиб кетди. “Юлдузлар” кўпайиб кетди айниқса. Иккита ашула чиқариб… Шу қўшиқни ҳам ўзи тайёрламаган, бировлар басталаган қўшиқни айтиб телевизор, радиоларда кўпроқ реклама қилиб “юлдуз” даражасига чиқиб олишаяпти. “Юлдуз” бўлиб қолаяпти. Ана шундай кетаверса санъат яхшиликка эмас, деб ўйлайман. Бу менинг шахсий фикрим. Ҳақиқий ҳофиз куйни ўзи басталаши керак. Мана жонли ижрода ижро этиши керак. Мана тўйларда кўрамиз, бошқа жойларда кўрамиз фақат фонограммадан фойдаланилади. Биз ҳали-ҳануз мана жонли ижрода юрамиз. Тўйлардаям, концертлардаям биз фақат жонли ижро этамиз. Бу қўшиқчилар сони ҳозир кўпайиб кетган. Ҳозир қўшиқчилардан “жонли ижро этиб беринг” десангиз, ҳозир бирортаси айта олмайди, лекин улар “юлдуз”. Шунисига мен ҳам ҳайронман. Бу яхшиликкамас.

Би-би-си: Прагадан Дилбар деган мухлисимиз йўллаган савол: “Истеъдод бериладими ёки машқ ва тажриба натижасими?” – деб сўраган.

Қодир Мирашуров: Мени назаримда, мени тушунишимча бу – Аллоҳдан. Аллоҳ инсоннинг кўнглига бирор нарсани солмаса, ўзидан-ўзи қўшиқ қандай пайдо бўлади? Шу юқоридан Аллоҳнинг бир назари тушмаса, мени фикримча, қўшиқчи ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Лекин, қўшиқ тайёр бўлиши учун, кўпроқ машқ қилиш керак, изланиш керак. Ҳофизнинг ўзигаям боғлиқда. Бир қўшиқни ҳофиз ўзидан-ўзи айтиб кетавермайдику. Қўшиқни мусиқасини топиши керак, репетиция қилиши керак. Баъзи бир қўшиқни устидан неча ойлаб ўтирганман ўзим. Мана “Нега келмассан?” деган қўшиғимни икки йил, уч йилда тайёр қилганман. Машққа боғлиқ, лекин, Аллоҳ бермаса, ҳеч нарса ўз ўзидан бўлиб қолмайди. Аллоҳдан деб биламан мен.

Би-би-си: Ўз исмини қолдиришни истамаган мухлисимиз эса бўш пайтингизда нима билан шуғулланишингизни сўраган.

Қодир Мирашуров: Бўш пайтимизда… Энди бўш пайтни ўзи бизда камроқ бўлади. Бўш пайтларимизда дўстларимиз билан учрашамиз, дам оламиз, чойхоналарга борамиз. Мияни тозалаш учун, озгина дарёга тушиб, ўша ерда бир-икки соат ўтириб, балиқ ушламасак ҳам, ўша ерда овуниб, фикрларимизни тайёрлаб қайтамиз. Шунга қизиқаман. Спортдан ҳам хабаримиз бор.

BBCUzbek.com

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares