Ўзбекистон Республикаси “мустақиллик”ка эришганидан буён ижарада яшаб келмоқдаман.

Зоҳир Шоҳ

Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан буён кўз очиб юмгунча 17 йилдан ошиқроқ муддат ўтибди. Бироқ надоматлар бўлсинким, шу ўтган давр мобайнида бирон-бир жиддий ислоҳат ўтказилмади. Аҳолининг турмуш фаровонлиги кескин пасайиб кетди. Қисқа ва лўнда қилиб айтадиган бўлсак, Ўзбекистон аҳолиси иккинчи жаҳон уриши содир бўлган вақтдаги иқтисодий қийинчиликни қайта бошидан кечира бошлади.

Менинг бир Неъмат ака исмли маҳалладошим бор. Унинг уйланганига ҳам мана 17 йил бўлди. Биринчи фарзанди қиз бола бўлиб, исми Камола. Камола ҳозирги кунда 17 ёшга тўлган. У синфдошларининг олдида кўпинча уйлари йўқлигидан хижолат бўлади. Сабаб Неъмат ака уйланганидан буён оиласи билан Бойсун туманида яшовчи фуқароларнинг уйларига ижара ҳаққи тўлаб кун кечиришмоқда.

Мен бундан бир неча кун олдин Неъмат акани суҳбатга тортдим.
-Мен аёлим Махбубахон билан турмуш қурганимда Ўзбекистон Республикасининг мустақиллиги эълон қилинган эди. Ўшанда бизларнинг хонадонимизда қўшалоқ байрам бўлиб кетган ва аёлим билан, “мамлакатимиз мустақилликка эришди, энди ҳамма бойликларимиз ўзимизники бўлади” -деб роса қувонган эдик.

Бироқ воқеалар ривожини вақт кўрсата бошлаши билан тушуниб етдимки, барча ўйлаганларим хомхаёл экан. Ҳа, тузган режаларим саробга айлана бошлади.

Бундай хулосага келишимнинг бир неча сабаблари бор. Айнан шу сабабларга тўхталиб ўтадиган бўлсам, мен ўз вақтида собиқ Бойсун тумани ҳокими Т. Ҳамроевга уй-жой қуриш учун ер сўраб, ариза билан мурожат қилган эдим. У киши “Аризангизни инобатга оламиз. Ҳозирча ижарага яшаб туринг…”, -деганига ҳам мана 17 йил тўлди. Собиқ туман ҳокимининг айтганлари ҳеч амалга ошавермагач ҳозирги туман ҳокими Э.Бойниёзовга учрашдим. У киши эса менга:
-Сиздан олдин набатда турган фуқароларнинг сони 10 минг кишига етган. Бизлар дастлаб
ўшаларни ер билан таъминлашимиз даркор. Кейин сизга ер берамиз”- деб айтганига ҳам мана 1 йил бўлди. Мен билан оила аъзоларимизнинг сони жами бўлиб 8 киши. Топган пулларимиз ҳаммаси ижара ҳаққига кетмоқда. Агар 17 йил давомида яшаган уйларим учун тўлаган ижара ҳаққини йиғсам эди, бир уй ва бир машинани пули жам бўлиб қолар эди, -деб хаёл қиламан баъзан.

Кейинги вақтларда турмуш ўртоғим
-Дадаси ўғил ва қизларимиз катта бўлиб қолишди. Уларни тўй-томошаларини қачон қиламиз? Қолаверса энди буларни ўқитиш керак,- деб саволга тутайверади. Мен эса баъзан нима, -деб жавоб беришимни билмай қоламан. Баъзан эса:
-Хотинжон ҳали хаммаси яхши бўлиб кетади, -дейишдан нарига ўтолмай қоламан.

Ноиложман. “Бошга тушганини кўз кўради” – деганлари шу бўлса керак. Бир кун менинг ҳам елкамга офтоб тегар. Эртага нималар бўлишини ёлғиз Оллоҳ билади…” -дейди Неъмат ака.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares