Ғазо бўлгаси: зиддиятнинг учинчи ҳафтаси


Ўт очишни тўхтатиш чақириқларига қарамай, Исроил Ғазони учинчи ҳафта ҳужумга тутишга давом этмоқда.
Исроил шанбага ўтар кечаси Ғазога қирқта ҳаво ҳужумини амалга оширганини айтган, «Ҳамас» эса Исроил ҳудудига қарата бир неча ракеталарни отган.

Юқори мартабали фаластин мулозимлари икки ҳафта муқаддам бошланган зиддиятни тўхтатиш учун Мисрда музокаралар олиб боришмоқда.

Ғазодаги соғлиқ мулозимларига кўра, Исроилнинг ҳужумлари бошидан буён 800 дан ортиқ фаластинлик ҳаётдан кўз юмган.

Исроил эса, аксарияти ҳарбийлар бўлган ўн уч фуқаросини йўқотган.

«Уруш жиноятлари»

Исроилга кўра, шанба кунги ҳаво ҳужумларида қурол-яроғ сақлаш ва олиб ўтиш ер ости йўллари нишонга олинган.

Аммо фаластинлик шифокорларнинг айтишларича, тинч фуқаро экани тахмин этилаётган саккиз киши Жабалия кўчасида Исроил танкидан отилган снаряддан ҳалок бўлган.

Ерда эса, исроил кучлари Ғазо шаҳри четига етиб борган, аммо ҳали шаҳарнинг ўзига кирганича йўқ.

Исроил халқаро журналистларни ҳудудга киритмаётир.

Айни пайтда Бирлашган Миллатларнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссари Нави Пиллей Ғазодаги зиддиятлар мобайнида хабар қилинган баъзи ҳодисалар уруш жиноятлари сифатида баҳоланиши мумкинлигини айтган.

«Иғво ва қасоснинг жирканч халқасига барҳам берилиши керак», – деб айтган Пиллей хоним БМТнинг Инсон ҳуқуқлари Кенгашига.

BBCUzbek.com

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares