Россия ҳукуматининг “ота”сига минг рахмат!

Зоxир Шоҳ

Сурхондарё вилоятининг аҳолиси 2 миллиондан ошиқроқ кишини ташкил қилади. Шунинг 800 000 дан ошиқроқ аҳолиси Россияга иш излаб кетган. Ушбу вилоятнинг Бойсун туманида эса жами бўлиб 86 минг аҳоли истиқомат қилади. Шундан 40 мингтаси ҳозирги кунда Россияда қора ишларни бажаришга мажбур бўлмоқда.

Мамлакатдаги оғир иқтисодий вазият сабабли шундай ҳолат юзага келганлиги бугунги кунда ҳеч кимга сир эмас. Бойсун туманида ҳаёт кечираётган маҳаллий фуқаролар ҳам йилнинг қайси фасли бўлишидан қаттий назар, йўлда уларни турли хил қийинчиликлар кутиб турганини билишса-да ишсизликдан қийналганликлари сабаб “тўрва” халталарини осиб, Россия қайдасан,-дея йўлга тушишмоқда.

Кетаётганлардан аксарияти ўзга юртда яхши иш топиб, яхшигина даромад қилиб топиб келган маблағи эвазига уй-жой қилаётган бўлиши мумкиндир, лекин афсусларким баъзида ўзбек муҳожирлари ўз она ватанларига тобутларда, жонсиз ҳолатда қайтишмоқда.

Мен бир неча кун илгари Москва шаҳрида ишлаб юрган меҳнат муҳожирларидан бири билан суҳбатлашиб қолдим.
-Россияда пул топиш қийин эмас лекин хавфсизликни сақлай олиш жуда ҳам қийин иш. Сабаб ҳар қадамингизда тақирбошлар. Биз, Марказий Осиёликларни русизабон аҳоли вакиллари “узбекский негри” –деб аташади. Нима ҳам қилолардик? Чорасизмиз. Баъзан ўйланиб қоламан. Нега мамлакатимизнинг ер устки ва ер остки бойликлари бу қадар беҳисоб бўла туриб, бизлар меҳнат муҳожири бўлиб юрибмиз? Ўйлаб туриб саволимга жавоб топаман. Бироқ жавоб негизи олиб борилаётган сиёсатга бориб тақалгани учун ўзимни аралашмасликка ундайман. Сабаб биламан сиёсатга аралашган ҳар қандай фуқаронинг аҳволи оғир. Россия ҳукуматининг “ота”сига минг бора рахмат айтиб юрибман. Ўзимни-ўзим овутиб. Мабодо Россиядек буюк давлат бўлмаганида бизларнинг кунимиз нима кечарди?!-дейди ҳозирги кунда пойтахт Москвада ишлаб юрган ўзбек меҳнат муҳожири Озодбек.

-Бизнинг хонадонимиздан жами бўлиб беш киши Россияда ишламоқда. Ота-онамнинг оламдан ўтиб кетганларига анча бўлди. Ҳайҳотдек ҳовлида янгам ва жиянларимдан бошқа ҳеч бир зот қолмаган. Мен вақти-вақти билан уйга қайтиб тураман. Акаларим эса анча вақтлардан буён қайтишгани йўқ. Мен уйга қайтган вақтларимда бозорлик қилиб, уй ишларига кўмаклашиб тураман ва акаларим юборган пулларни янгаларим қўлларига топшираман. Баъзан, асосан қиш мавсумида ўз юртимда лой-шувоқ ишларини қилиб бир оз пул тўплайманда яна бу ерга, Москва шаҳрига келаман, -дейди Озодбек.

Кейинги кунларда Россия миграция хизмати меҳнат муҳожирлари учун ажратилган ўринларни қисқартирмоқда. Мен шу ҳақда ўйлар эканман Озодбек каби ҳижратда мардикорлик қилиб юрган ватандошларнинг тақдиридан хавотир оламан. Қулоғим остида эса Озодбек айтган гаплари жаранглайди:
-Россия ҳукуматининг “ота”сига минг рахмат.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares