
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг айтишича, Ғазо бўлгасидаги БМТга қарашли мактабга қилинган Исроил ҳаво ҳужумида ўттиз одам ҳалок бўлган.
БМТ Ғазо бўлгасининг шимолий Жабалия минтақасида юз берган ҳодиса юзасидан мустақил текширув ўтказишга чақирган.
Қурбонлар жанглардан жон сақлаш учун мактабда паноҳ топган бўлишган.
Фаластинликларга кўра, Исроил амалиёти бошлангандан буён 600 га яқин одам ҳалок бўлган; Аввалроқ юз берган яна бир ҳужумда БМТга қарашли бошқа бир мактабда уч одам ҳалок бўлганди.
Сешанба куни эрталаб Ғазо шимолида 18 фаластинлик ҳалок этилганди. Танк ҳужумларида Исроил армияси ўз аскарларидан уч нафарини ҳалок этган.
Ғазо бўлгасида амалиётларини кенгайтирган Исроил армяси, жанубдаги Хан Юнис шаҳрига бостириб кирган.
Кеча тунда Ғазо Ситида Исроил армияси ва қаршилик ҳаракати ўртасида оғир жанглар кечган.
Ғазода фаолият юргизувчи ёрдам ташкилотларининг айтишича, улар Исроил ҳаво ҳужумларида яраланганларни «чидаб бўлмас» шароитларда даволашга мажбур бўлмоқдалар.
Ғазо бўлгасида турмуш шароитлари тез суръатларда ёмонлашиб бораётгани хабар қилинади.
Фаластин аҳолисига озиқ-овқат ва ёқилғи етказиб бериш тобора қийинлашаётир. Ғазо аҳолисининг аксари сув ва электр таъминотисиз қолган.
Ғазодаги энг йирик шифохоналардан бири, аш-Шифода ишлаётган икки хорижлик доктордан бири – норвегиялик Мадс Жилберт жарроҳлик хоналари одамларга тўлиб кетгани ва дори-дармонларнинг етишмаслиги туфайли беморларнинг ҳалок бўлаётганини айтган.
Халқаро ҳамжамиятнинг ўт очишни тўхтатишга доир чақириқларини рад этган Исроил Мудофа вазири Эҳуд Барак: «Ҳарбий амалиёт Исроил ўз мақсадига эришгунига қадар давом этади», деб айтди.
Инқирозни бартараф этишга қаратилган халқаро дипломатик сай-ҳаракатлар ҳозирга қадар ҳеч қандай натижа бергани йўқ.



